Экспертлар ўз баҳоларида Тараққиёт стратегиясини муваффақиятли амалга ошириш учун Ўзбекистон етарли салоҳият ва имкониятга эга деган якдил фикрни илгари сурмоқда.
Сун Чжуанжи,
Хитой Ижтимоий фанлар академиясининг Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти директори, Хитойнинг Марказий Осиё мамлакатлари билан дўстлик жамияти раиси ўринбосари:
— 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ўтган беш йилликда амалга оширилган Ҳаракатлар стратегиясининг мантиқий давомидир. Еттита устувор йўналишни ўз ичига олган Стратегиянинг мақсад ва вазифаларини амалга ошириш Ўзбекистоннинг янги тараққиёт босқичига ўтишини таъминлайди.
Эътиборли жиҳати, Стратегияда минтақа давлатлари билан яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли муносабатларни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилган.
Марказий Осиё бўйича эксперт сифатида таъкидламоқчиманки, минтақадаги барча ҳаётий муҳим масалалар — чегаралар хавфсизлигидан тортиб, сув ресурсларини оқилона тақсимлашгача — бевосита Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатлар даражасига боғлиқ. Йирик минтақавий лойиҳаларни, жумладан, транспорт-коммуникация ва энергетика соҳаларидаги лойиҳаларни, муваффақиятли амалга ошириш минтақа давлатлари ўртасидаги фаол ҳамкорликни тақозо қилади.
Бу борада Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари механизми муҳим аҳамият касб этмоқда. Ушбу платформа минтақада барча соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг бош асоси бўлган дўстлик ва ишонч муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ли Юнцюань,
Хитой Давлат Кенгаши ҳузуридаги Европа ва Осиё ижтимоий тараққиёт институти директори:
— Ўзбекистон минтақавий ва минтақалараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш жараёнларининг фаол иштирокчиси бўлиб, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари механизмида, минтақавий барқарорлик ва тараққиётни таъминлашнинг долзарб масалалари бўйича ҳамкорлик самарадорлигини таъминлашда муҳим роль ўйнайди.
Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги ёндашувларнинг алоҳида аҳамияти шундаки, улар бутун минтақада хавфсизлик, барқарорлик ва ҳамкорлик белбоғини мустаҳкамлашга қаратилган. Ўзбекистон минтақада инклюзив ривожланиш тамойилларига амал қилиши, ўз тараққиётини бошқа мамлакатлардан айрича кўрмаслиги алоҳида эътиборга лойиқ.
Минтақавий ва глобал хавфсизлик, мамлакатларнинг ижтимоий-иқтисодий фаровонлиги учун хавф-хатар кучайиб бораётган бир шароитда бундай сиёсат бениҳоя муҳим аҳамият касб этади.
Дин Сяосин,
Хитой замонавий халқаро алоқалар академиясининг Евроосиё тадқиқотлари институти директори:
— 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида кўзланган мақсад ва вазифалар мамлакатнинг реал имкониятларидан келиб чиққан. Бу Ўзбекистон тараққиётининг асосли ва кенг кўламли дастуридир.
Ўзбекистон тараққиётининг аввалги беш йиллик босқичи мисли кўрилмаган ўзгаришлар ва ислоҳотлар даври бўлди. Юртингизда олдинга силжимаган бирор соҳа қолмади, десак муболаға бўлмайди.
Хусусан, амалга оширилган иқтисодий ислоҳотлар кенг кўламли натижаларга эришиш имконини берди ва республика Марказий Осиёда иқтисодий ўсишнинг энг барқарор давлати ва драйверига айланди.
Янги Стратегия мақсад ва вазифалари ушбу жараёнларнинг давоми бўлиб, Ўзбекистон ўз тараққиётида сифат жиҳатидан юқорироқ босқичга қадам қўяётганини намойиш этади.
Ли Цзиго,
Хитой халқаро масалалар академияси Евроосиё тадқиқотлари институти директори:
— Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси мамлакатингизнинг миллий устувор йўналишларини акс эттиради. Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатида очиқлик, фаоллик ва вазминлик тамойилларига таяниши, мамлакат тараққиёти учун кенг ва қулай ташқи маконни яратиш, халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар, хусусан, Хитой билан тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни фаол ривожлантиришга эътибор қаратиши Стратегияда алоҳида йўналиш сифатида белгилангани муҳимдир.
Ишончим комилки, Стратегиядаги барча мақсад ва вазифаларни амалга ошириш учун Ўзбекистон етарли салоҳият ва имкониятларга эга.
Дэн Хао,
Хитой халқаро муносабатлар академиясининг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти тадқиқотлари институти директори:
— Ўзбекистонда давлат бошқаруви самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилиб, иқтисодиётни либераллаштириш ва тадбиркорликни ривожлантириш учун янги имкониятлар яратилаётгани, “давлат органлари халққа хизмат қилиши лозим”, деган тамойил изчил татбиқ этилгани мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим натижаларидан.
Ислоҳотлар Ўзбекистоннинг ривожланишига кучли рағбат бермоқда, мамлакатингизнинг кўплаб халқаро рейтинглардаги ўрни сезиларли даражада яхшиланди. Ўзбекистон жаҳоннинг “энг илғор ислоҳотчи давлатлари” рўйхатига муносиб равишда кирди.
Шубҳасиз, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг амалга оширилиши мамлакатдаги ислоҳотлар жараёнларини янада чуқурлаштириш ва мамлакат миллий фаровонлигини юксалтириш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Ўз навбатида, Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро амалий ҳамкорликни, хусусан, “Бир макон — бир йўл” дастури, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа кўп томонлама механизмлар доирасидаги мулоқотни ривожлантиришда ҳам Стратегияда кўзда тутилган ташқи сиёсий-иқтисодий мақсадлар муҳим роль ўйнайди.
Хэ Чжэньвэй,
Хитойнинг хориждаги корхоналарни ривожлантириш уюшмаси раиси:
— Ўзбекистонда эркин бозор муносабатларини ривожлантириш, тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, хусусий мулкни ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратиляпти. Бу мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигини оширмоқда. Шу нуқтаи назардан, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида солиқ юкини ялпи ички маҳсулотга нисбатан 25 фоизгача камайтириш, саноат ишлаб чиқаришини 1,4 баробарга ошириш муҳим вазифалардан бири сифатида белгилангани эътиборга молик.
Биз Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни олқишлаймиз. Уюшмамиз Хитой компанияларини Ўзбекистондаги янги ва истиқболли соҳаларга сармоя киритишга фаол ундамоқда. Хитой сармоялари Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг мақсад ва вазифаларини амалга оширишга муҳим ҳисса қўшади.
Сун Сяофен,
Хитойнинг “Тайхе” тадқиқот ва таҳлил институти бош котиби:
— 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида мамлакатни янада ривожлантиришнинг концептуал асослари ва аниқ йўналишлари белгилаб берилган.
Ўзбекистон ва Хитойда барқарор ривожланиш соҳасида амалга оширилаётган дастурларда ўхшашликларни кузатаман. Мисол учун, мамлакатингизда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларига эътибор кучайтирилмоқда. Бу масалага Хитойда ҳам устувор аҳамият қаратилади. Хитойда кўп йиллардан буён мамлакат бўйлаб дарахт экиш бўйича умуммиллий ҳаракат давом этяпти. Ўзбекистонда “Яшил макон” лойиҳаси фаол амалга оширилмоқда.
Янги стратегияда Орол денгизининг қуриб қолган тубида яшил майдонлар яратиш, уларнинг умумий майдонини 2026 йил охиригача 2,5 миллион гектарга етказиш вазифаси белгилангани ҳам муҳим. Бу биологик хилма-хилликни муҳофаза қилиш ва тупроқ эррозиясининг олдини олишга ёрдам беради.
Цзян Юнган,
Хитой таржимонлар уюшмаси вице-президенти, “Жэньминь хуабао” нашриёт уйи директори:
— Марказий Осиёга ихтисослашган мутахассис сифатида таъкидламоқчиманки, Ўзбекистон эришаётган улкан ютуқлар биз учун жуда қувонарли. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси республика барқарор ривожланиш соҳасида юксак марраларни кўзлаётганидан далолат беради.
Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёти Хитойнинг “ислоҳотлар ва очиқлик сиёсати” даврини эслатади. Ислоҳотлар орқали Хитой миллий модернизацияни амалга оширди ва бугунги кунда дунёдаги иккинчи йирик иқтисодиётга айланди.
Ислоҳотлар миллий тараққиётда асосий омил эканини Хитой ва Ўзбекистон тажрибаси яққол исботлаб турибди. Ўзбекистонга бардавом тараққиёт тилайман!
“Дунё” АА
Пекин