Аҳолиси 38 миллиондан зиёд бўлган мамлакатда демографик жараёнларнинг фаоллиги, ҳар йили ўртача 1 миллиондан ортиқ йигит-қизнинг катта ҳаётга қадам босаётгани жамият олдига мутлақо янги масъулият ва вазифаларни қўймоқда.
Шу маънода, ёшларга оид давлат сиёсати ижтимоий ривожланишнинг алоҳида йўналиши сифатида баҳоланиши табиий. Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида ёшларга юксак баҳо ва ишонч билдирилиб, таълим, илм-фан, маданият, санъат, спорт ва бошқа соҳаларда эришаётган ютуқлари янги Ўзбекистон тараққиётида муҳим омил сифатида эътироф этилгани ҳам шундан далолат.
Ортда қолган йил ҳам ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш жараёни мазмунан янги босқичга кўтарилгани билан ёдда қоларли бўлди. Бу даврда ёшлар билан ишлаш умумий чақириқлар, самараси кам, эскича ёндашувлардан воз кечилиб, асосий эътибор тизимлиликка, манзиллиликка ва ижро учун аниқ масъулият белгилашга қаратилди. Ёшлар масаласи ижтимоий муаммо эмас, балки бошқариладиган ва натижаси баҳоланадиган сиёсий йўналиш сифатида кўрила бошлади. Шу сабаб ёшлар сиёсатининг институционал асослари мустаҳкамланди, амалий механизмлар эса ҳаётга яқинлаштирилди.
2025 йил 14 февраль куни бўлиб ўтган Президентимизнинг ёшлар билан очиқ мулоқоти бу борадаги йиллик “йўл харитаси”ни белгилаб олишда дастуриламал бўлди. Учрашув умумий руҳида ёшларни ижтимоий- иқтисодий тараққиётнинг фаол субъекти сифатида кўриш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда салоҳиятини тўлиқ намоён этиш учун тизимли шароит яратиш ғояси устуворлик касб этди. Жумладан, ёшларнинг билим олиш йўли фақат диплом билан якунланиб қолмаслиги, уларнинг замонавий касбларни эгаллаши, рақамли кўникмаларни пухта ўзлаштириши ва меҳнат бозоридаги реал эҳтиёжларга мослашуви зарурлиги таъкидланди. Президентимиз томонидан илгари сурилган фикрларда мактаб, коллеж, техникум ва олий таълим тизими ўртасидаги узвийлик, шунингдек, таълим натижасини аниқ иқтисодий самарадорлик билан боғлаш масаласи муҳим йўналиш сифатида қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари ёшлар билан мулоқотда уларнинг жамиятдаги ўрнини чуқур англаш, қонунларга ҳурмат, ҳалоллик ва ташаббускорликни ҳаёт мезонига айлантириш зарурлигини таъкидлади. Бу эса ёшлар сиёсатида фақат иқтисодий кўрсаткичларга таяниш етарли бўлмаслигини, инсоний ва ахлоқий қадриятлар билан уйғунлик муҳим аҳамият касб этишини кўрсатади.
Қишлоқ ва чекка ҳудудларда яшовчи ёшлар билан мегаполисларда истиқомат қилувчи тенгдошлари ўртасидаги имкониятлар тафовутини қисқартириш, таълим, бандлик ва маданий ривожланиш хизматларини жойларда кенгайтириш масалалари устувор вазифа сифатида қайд этилди. Бу ёндашув ёшларнинг қаерда туғилганидан қатъи назар, ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун тенг шароит яратишга қаратилган умумий сиёсий ироданинг ифодаси бўлиб хизмат қилди.
Шу нуқтаи назардан, давлат ва ёшлар ўртасидаги муносабат бир томонлама мурожаат шаклидан тизимли ҳамкорлик даражасига кўтарилаётган, келажак авлод масаласи стратегик режалаштириш марказида турган, ҳар бир ташаббус узоқ муддатли тараққиёт манзараси билан боғланаётган ҳозирги шароитда мамлакатимиздаги ёшларга оид сиёсатнинг бугунги ҳолатини умумлаштирувчи ва келгуси йўналишларини белгилаб берувчи энг муҳим жиҳатларга тўхталиб ўтиш, ўтган йил сарҳисобига бир қур назар ташлаш, ўйлаймизки, ўринли бўлади.
Таълим
2025 йилда ёшларга оид давлат сиёсатида таълим масаласи алоҳида устувор йўналиш сифатида шаклланди ва у бошқа барча йўналишлар учун асос бўлиб хизмат қилди. Таълим ёшларга ўз салоҳиятини англаш, жамиятда муносиб ўрин эгаллаш, мустақил фикрлаш ва келажакка ишонч билан қадам қўйиш имконини берадиган асосий ижтимоий институтдир. Шу боис, 2025 йилда таълим билан боғлиқ ишлар миқёси анча кенгайди, мазмунан чуқурлашди.
Жумладан, 21 апрель куни давлатимиз раҳбари мактаб таълими сифатини ошириш ва педагоглар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга оид тақдимот билан танишар экан, ёшлар сиёсатида миқдорий қамровдан мазмуний натижага ўтиш заруратини аниқ ифодалаб берди. Ушбу тақдимотда таълим инфратузилмасини янгилаш билан бир қаторда ўқитувчининг касбий тайёргарлиги, методик савияси, замонавий компетенцияларни эгаллаши таълим сифатини белгиловчи ҳал қилувчи омил экани кўрсатиб ўтилди. “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган устувор йўналишлар билан уйғун ҳолда мактаб таълимини реал ҳаёт, касб танлови ва меҳнат бозори эҳтиёжларига яқинлаштириш, ўқувчи шахсини мустақил фикрлашга, масъулиятли қарор қабул қилишга тайёрлаш масалаларига устувор аҳамият қаратилди.
Йил давомида таълимдан четда қолиш хавфи мавжуд бўлган ёшлар билан ишлаш масаласи диққат марказида бўлди. Бу йўналишда манзилли ва тизимли чоралар кўрилди. Хусусан, маҳалла раислари билан ҳамкорликда дарс қолдирган 4504 нафар ўқувчи яна таълим жараёнига қайтарилди. Бу кўрсаткич оддий рақам сифатида қабул қилинмаслиги керак. Унинг ортида таълимдан узоқлашиш хавфи остида қолган минглаб ёшларнинг тақдири, уларнинг келажакдаги имкониятлари билан боғлиқ муҳим масалалар турибди. Айнан шу сабаб таълимга қайтариш жараёни фақат мажбурий чоралар билан эмас, балки тушунтириш, ижтимоий муҳитни яхшилаш, оила билан ишлаш орқали амалга оширилди.
Яна бир муҳим жиҳат, ёшларни кейинги босқичда билим олишга йўналтириш билан боғлиқ. Маълумотларга кўра, 2025 йилда 2088 нафар ёш олий ва профессионал таълимга жалб этилди. Бу ҳолат давлатнинг таълим сиёсати фақат умумий саводхонлик билан чекланиб қолмаётгани, ёшларни касбий ва мутахассислик йўналишлари орқали ҳаётга тайёрлашга қаратилганини кўрсатади.
Таълим мазмунини замонавий талаблар асосида бойитиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хорижий тиллар, замонавий касблар ва интеллектуал ривожланишга қаратилган лойиҳалар ёшлар орасида кенг оммалашди. Хорижий тиллар, замонавий касблар ва китобхонлик лойиҳаларига жами 7,8 миллион нафар ёш жалб этилди. Шунингдек, рағбатлантириш механизмларининг жорий этилиши ҳам ёшларнинг билимга бўлган қизиқишини оширди. Халқаро имтиҳон топшириш харажатларини қоплаш бўйича амалга оширилган ишлар бунинг яққол мисолидир. Жумладан, 17,3 минг нафар ёшга 38,7 миллиард сўм маблағ ажратилган, умумий ҳисобда эса 56,4 минг нафар ёш 111 миллиард сўмлик компенсациядан фойдаланган.
Таълим жараёнини фаоллаштиришда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳам муҳим омиллардан саналади. “TalabaFest — 2025” фестивали доирасида 800 минг нафар талабанинг қамраб олингани, “Беш ташаббус олимпиадаси”да эса миллионлаб ёшларнинг турли танлов ва мусобақаларда иштирок этгани таълим муҳитининг фақат расмий дарслар билан чегараланиб қолмаганини кўрсатади. Шунингдек, Тошкент шаҳрида ташкил этилган “Ўзбекистон ўқув марказлари форуми”да юзлаб ўқув марказлари ва минглаб ёшларнинг иштироки таълим хизматлари сифатини ошириш, тажриба алмашиш ва янги имкониятларни муҳокама қилиш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилди.
Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишда энг катта қамров “Беш ташаббус олимпиадаси”да кузатилди. Ушбу ташаббус доирасида ўтказилган танлов ва мусобақаларда 10,9 миллион нафар ёш иштирок этди. Маданият ва санъат йўналишида 1 миллион, спорт йўналишида 7,2 миллион, китобхонлик ва интеллектуал ўйинлар доирасида 2,7 миллион нафар ёш қамраб олинди. “Долзарб 90 кунлик” тадбирларида эса лойиҳалар, танловлар, мусобақалар ва саёҳат дастурлари орқали 6,7 миллион нафар ёш жалб қилинган. Бу тадбирлар ёзги таътил даврида ёшларнинг бўш вақтини ижтимоий фойдали фаолият билан тўлдириш, уларни турли салбий таъсирлардан ҳимоялаш, жамоатчилик фаоллигини оширишга хизмат қилди.
Алоҳида лойиҳалар доирасида ҳам қамров янада ошган. “Ибрат фарзандлари” лойиҳасида 2,9 миллион нафар ёш, “Қизлар академияси” лойиҳасида 620 минг нафар хотин-қиз, “Ustoz АI” лойиҳасида 831 минг, “Мутолаа” лойиҳасида эса 3,5 миллион нафар навқирон авлод вакиллари иштирок этган. Ушбу лойиҳалар ёшларнинг интеллектуал, маънавий ва технологик ривожланишини қўллаб-қувватлаши билан ҳам аҳамиятли.
Бандлик
Ўтган йил мобайнида ёшлар бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар тизимнинг турли бўғинларини бир мақсадга сафарбар қилган амалий механизмлар орқали юритилди. Ишсиз ва шахсий бизнесини бошлаш истагидаги йигит-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган “Ёшлар бандлиги дастури” ишлаб чиқилди ва шу йўналишда 414,6 минг нафар ёшнинг бандлиги таъминланди. Бу кўрсаткичнинг ўзи бандлик масаласига ёндашув кўлами ва масъулият даражасини англатади, яъни кенг қатламдаги ёшларга йўналтирилган, бир вақтнинг ўзида ҳам иш ўрни, ҳам тадбиркорлик, ҳам касбга йўналтириш имкониятларини жамлаган механизм шакллантирилган.
Президентимизнинг 2025 йил 14 февралдаги “Ёшлар тадбиркорлигини ҳамда уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган бизнес лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ёшларнинг меҳнат бозорига киришини босқичма-босқич таъминлашга қаратилган тизимли механизмни белгилаб берди. Ҳужжатга кўра, ўзини ўзи банд қилиш, касаначилик, кичик бизнес ва стартап ташаббусларини қўллаш орқали барқарор даромад манбаларини шакллантириш устувор йўналиш сифатида кўрсатилди. Хусусан, “Бизнесга биринчи қадам” тамойили асосида ёшларни касбга йўналтириш, молиявий ресурсларга кириш имкониятларини кенгайтириш, ҳудудларда мавжуд иқтисодий салоҳиятдан келиб чиқиб, лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш механизмлари белгиланди. Таълим — касб — даромад занжири ягона сиёсий мантиққа бирлаштирилди.
Бандликни таъминлашда бошқарув ёндашуви ҳам ўзгача тус олди. Маълумотларга қараганда, давлат идораларининг 4546 нафар раҳбари 115 минг 751 нафар ишсиз ёшга бириктирилиб, 114 минг 984 нафарининг бандлиги таъминланган, натижадорлик 99,3 фоизни ташкил қилган. Бу орқали масъулиятнинг шахсийлашгани, “бириктириш” тамойили билан ҳар бир ҳолат бўйича кузатув ва якуний натижа талаби кучайганини кузатиш мумкин. Бундай тенденция бир нечта йўналишлар бўйича параллел ечимлар ишлаб чиқиш имконини берди. Жумладан, 33 мингдан зиёд йигит-қиз доимий ишга жойлаштирилган бўлса, улардан 15 минг 186 нафарига тадбиркорлик учун кредит, 4556 нафарига экин ер майдони ажратилган, 2145 нафарига эса асбоб-ускуналар олиб берилган. Шу билан бирга, 6816 нафар ёш тартибли миграцияга йўналтирилган, 2631 нафари муддатли ҳарбий хизматга юборилган, 48 минг 532 нафари эса ўзини ўзи банд қилган. Мазкур рақамлар бандлик сиёсати “фақат иш топиб бериш” шаклидаги тор қарашлар қолипидан чиқиб, аксинча, ёшнинг шароитига мос йўл танлашига имкон берадиган кўп каналли модель шаклланганини кўрсатади.
Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш юзасидан кўрилаётган чоралар ҳам кенг аҳоли қатламини қамраб олиб, ёшлар бандлигини таъминлашда самарали усул экани исботини топиб улгурди. Шу жумладан, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 80 минг 146 нафар ёшга 1 триллион 378,9 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилган. Бу борада манзилли кўмак механизмларининг ўрни алоҳида. “Ёшлар дафтари”га киритилган 26 минг 757 нафар ёшга субсидия ажратилгани ва бандлигига кўмаклашилгани буни тасдиқлайди.
Ушбу амалиёт умумий қўллаб-қувватлашдан кўра аниқ эҳтиёжга йўналтирилган механизм сифатида қадрланади, чунки бундай тартиблар одатда шаффоф мезонлар, ариза ва кўриб чиқиш жараёнлари орқали юритилади, бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағларидан субсидия ҳамда грантлар ажратиш бўйича ҳуқуқий тартиблар расмий ҳужжатларда белгиланган. Шу билан бирга, давлат дастурлари доирасида бандлик масаласи стратегик вазифа сифатида қўйилиб, “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” концепцияси билан уйғун йўналишда давом эттирилди.
Ижтимоий ҳимоя
Ўтган йилда ёшларга оид давлат сиёсатида ижтимоий ҳимоя масаласи фақат моддий кўмак бериш доираси билан чекланмай, ёш авлоднинг ҳаётдаги барқарорлигини таъминлаш, уларнинг муаммоларини эрта аниқлаш, хавф омилларини камайтириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, муҳитни соғломлаштириш сингари йўналишларни бир занжирга боғлаган ёндашув сифатида намоён бўлди.
Президентимизнинг 2025 йил 30 январдаги “Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини молиялаштириш тартиб-таомилларини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони эса ёшлар ижтимоий ҳимояси тизимини мазмунан қайта кўриб чиқишга қаратилган муҳим ҳужжат бўлди. Ушбу фармон орқали “Ёшлар дафтари” ва бошқа ижтимоий дафтарлар доирасида кўрсатиладиган ёрдамлар ягона ёндашув асосида тартибга солиниб, молиявий кўмакнинг манзиллилиги, шаффофлиги ҳамда реал эҳтиёжларга мослиги асосий мезон сифатида белгиланди. Ёшлар билан ишлаш фақат рўйхатга олиш ва бир марталик ёрдам беришдангина иборат бўлмай, уларнинг ҳаётий вазиятини чуқур таҳлил қилиш, ижтимоий хавф омилларини олдиндан аниқлаш ҳамда индивидуал ривожланиш йўлларини белгилашга йўналтирилган тизим сифатида шакллантирилди.
Фармоннинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, у ижтимоий ёрдамни бандлик, таълим ва касбга йўналтириш чораларидан ажратилган ҳолда эмас, балки ўзаро боғлиқ ягона механизм сифатида кўришни назарда тутади. Грантлар, субсидиялар, ссудалар ва бошқа қўллаб-қувватлаш инструментлари ёшларни мустақил даромад топишга, касбий барқарорликка эришишга ундовчи восита сифатида қайта талқин қилинди.
Ижтимоий ҳимоянинг муҳим йўналиши сифатида тарбияси оғир, назоратга муҳтож, турли хавф омиллари таъсирида қолган ёшлар билан манзилли ишлаш кўлами кенгайди. Хусусан, тарбияси оғир 51 минг 455 нафар ёш 6 та ҳуқуқ-тартибот ва мудофаа органларининг 4155 нафар масъуллари назоратига берилиб, учрашувлар натижасида 48 минг 747 нафар ёш соғломлаштирилди, ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашилди. Мазкур йўналишда эътиборга молик натижалардан бири шуки, улардан хулқи ижобий томонга ўзгарган 22 минг 931 нафари оталиққа олган масъул кафиллиги остида муддатидан олдин пробация ва профилактика ҳисобидан чиқарилган. Бу ерда пробация институти масаласига ҳам эътибор қаратиш зарур, чунки пробация назорати остидаги шахслар билан ишлашда инсонпарварлик, қонунийлик, қайта ижтимоийлашув тамойиллари давлат сиёсатида алоҳида ўрин тутади, бу ёндашувнинг ҳуқуқий асоси сифатида “Пробация тўғрисида”ги қонун қабул қилингани ҳам тизимнинг мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Профилактика ва ижтимоий ҳимоя самараси ўлароқ, ёшлар жиноятчилиги ўтган йилнинг 11 ойида 17 фоизга камайган, 4388 та ҳудуд “ёшлар жиноятчилигидан холи маҳалла”га айланган. Бу натижа кўп бўғинли механизмларнинг умумий самараси ҳисобланади: оталиққа олиш, пробация ва профилактика амалиёти, маҳалла раислари билан ҳамкорлик, ижтимоий муҳитни соғломлаштириш, тарбиявий тадбирлар, муаммоли оилалар билан ишлаш, мураккаб тоифадаги ёшларни қайта йўналтириш кабилар бир-бирини тўлдирганида шундай кўрсаткич юзага чиқади.
Таъкидлаш керакки, ёшлар билан ишлашда қабул қилинаётган қарорлар қанчалик пухта бўлмасин, улар маҳаллада ижро этилмаса, кутилган натижани бермайди. Шу боис, 2025 йилда “маҳалла еттилиги”нинг муҳим бўғини сифатида ёшлар етакчилари фаолиятини методик, ташкилий ва кадрлар сиёсати жиҳатидан мустаҳкамлаш устувор вазифага айланди. Маълумотларга кўра, ижтимоий лифт дастури асосида йил давомида 338 нафар ёшлар етакчиси юқори лавозимларга кўтарилди, бу умумий етакчилар сонининг қарийб учдан бир қисмини ташкил этади. Ушбу кўрсаткич ёшлар етакчиси лавозимига вақтинчалик ёки иккинчи даражали босқич сифатида эмас, балки давлат бошқаруви тизимида реал кадрлар захирасини шакллантирувчи муҳим мактаб сифатида қаралаётганини англатади. Шу тариқа 2025 йилда ёшларга оид давлат сиёсати нафақат амалий натижалари билан, балки аниқ сиёсий қараш, равшан стратегик йўналиш ва очиқ мулоқотга таянган бошқарув услуби билан ҳам ажралиб турди. Давлатимиз раҳбарининг ёшларга бўлган ишончи ва уларни янги Ўзбекистон тараққиётининг асосий кучи сифатида кўриши мазкур сиёсатнинг ички мантиғини белгилаб берди. Бу ёндашув ёшларнинг бугунги имкониятларини кенгайтириш билан бирга мамлакатнинг эртанги ривожи учун мустаҳкам пойдевор яратишга хизмат қилмоқда.
Аслиддин АБДУРАЗЗОҚОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири