Ҳозирги шиддат билан ривожланаётган дунёда ёшларни турли диний, маънавий ва кибер таҳдидлардан ҳимоя қилиш, ўзлигимизни сақлаб қолиш ва миллийлигимизни авлоддан авлодга ворисийлик тамойили асосида етказиб бериш олдимизда турган энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

Навқирон авлод вакиллари ҳар бир давлатнинг келажагини, салоҳиятини белгиловчи муҳим қатлам ҳисобланади. Бугунги кунда ёшларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, етук инсонлар бўлиб улғайиши йўлида юртимизда барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Уларнинг орзу-мақсадларини рўёбга чиқариш, илғор ташаббус ва ғояларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу боис, юртимизда жамиятнинг фаол қатлами сифатида эътироф этиладиган ёшларга юрт равнақини таъминловчи катта куч, давлатнинг стратегик ресурси сифатида ишонч билдирилмоқда. Натижада юксак билимли, замонавий фикрлайдиган, қатъий позицияга эга ёшлар мамлакатнинг эртанги тараққиётида ҳал қилувчи кучга айланиб бормоқда. Ёшларнинг бандлигини таъминлаш, бизнес лойиҳаларини амалга ошириш натижасида уларнинг турмуш тарзи яхшиланмоқда, истиқболли ташаббусларини қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилмоқда.

Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини яна-да ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар дастурида ўз иқтидори ва салоҳиятини камол топтириш, келажакда қизиққан соҳасининг етук мутахассиси бўлиб етишиши учун ёшлар даврасида мотивацион тадбирлар ўтказиш белгиланган. Сўнгги йилларда навқирон авлод вакилларини турли даражадаги лавозимларга тайинлаш кенг йўлга қўйилди. Вилоятлар, туман ва шаҳар ҳокимларига ёшлар томонидан ўринбосарлар тайинланди.

Сиёсий етук ва фаол ёшларни парламентга, маҳаллий кенгашларга яна-да кенг жалб этиб, уларни Олий Мажлис депутатлари ва сенаторларига бириктирилиши ёшларга янги имкониятлар эшикларини очиб беради. Уларга мамлакатимизнинг энг юқори минбарларидан ўз ғоялари, ташаббусларини илгари суриш, ҳуқуқ ва манфаатларини баён этиш имкониятлари янада ошади.

Мамлакатимизда “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қабул қилиниши ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий механизмларини яратиш соҳасидаги янгилик бўлди. Тўрт боб, ўттиз уч моддадан иборат мазкур қонунда ёшлар ҳуқуқ ва эркинликлари том маънода таъминланганлиги ҳам уларга бўлган эътибордан далолатдир.

Янги Ўзбекистон ёшлари келажагимиз ва истиқболимиз пойдеворидир. Бугунги кунда юртимизда бўлаётган кўплаб ислоҳотлар натижаси ўлароқ ҳаётимиз кундан-кунга яхшиланиб бормоқда. Айниқса, олий таълим соҳасидаги ислоҳотлар ва имкониятлар йигит-қизларнинг малакали мутахассис бўлиб ҳаётга кириб келишида муҳим омил бўлмоқда.

Сўнгги йилларда бу борада қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилдики, улар ёшларнинг интилиш ва иқтидорини қўллаб-қувватлаш, рағбатлантиришда, раҳбар кадрларнинг бошқарув салоҳиятини юксалтиришда янги тизимни шакллантирди. Хусусан, 2021-2022-ўқув йилида эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар ва ёшлар учун олий таълим муассасасига ажратиладиган давлат грантлари сони ҳудудлар кесимида тасдиқланди. 

Муҳим ўзгаришлардан яна бири ўқишга киришда имконияти чекланган ёшлар учун грантлар ажратилганидир. Энг муҳими, ўтган йилдан бошлаб давлатимиз халқаро ва нодавлат олий таълим муассасаларига грант беришни бошлади. Билими бор, аммо моддий тарафлама қийналган ёшлар учун бу катта имконият эшигидир. Эътиборлиси, тизимда қабул ва таълим жараёни рақамлаштирилган. Ўз ўрнида айтиш жоизки, бундан 3-4 йил олдин абитуриентларнинг ҳужжатларини қабул қилиш учун ҳар хил ташкилотлардан турли маълумотномалар сўралар эди. Ҳозирда мазкур жараённинг барчаси рақамлаштирилди. 

Албатта, бундай ислоҳотлар, яратилаётган шарт-шароитлар, берилаётган имкониятлар ҳақида батафсил ёзиш мумкин. Бироқ бундай ислоҳотларга камарбаста бўлиш учун йигит-қизларга аввало замонавий тафаккур керак.

Шу ўринда тафаккурни ҳам икки турга бўлган бўлар эдик:

  • Замонавий тафаккур
  • Миллий тафаккур

Аксарият ёшларнинг миллий тафаккури ривожланган бўлсада, замонавий билимлар етишмовчилигини кузатиш мумкин. Миллий тафаккур бу — ўз юртидаги ҳар қандай илм, олимнинг ишланмаларини ўрганиши, билишига асосланган тизимни ярата оладиган тафаккурни назарда тутсак, замонавий тафаккурда эса жаҳон стандартларига жавоб бера оладиган тизимни яратиш ҳамда уни англашга қодир билимга эга бўлган тизимни билдиради. Шундай экан, барчамиз Янги Ўзбекистоннинг юксалиши учун бир тан-у, бир жон бўлиб ҳаракат қилайлик.

Дилафруз ИСМАТОВА,  

Бухоро давлат университети

доценти, психология

фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)