“Янги Ўзбекистон” концепцияси доирасида ёшлар учун мисли кўрилмаган имкониятлар яратилмоқда – бу жараён уларнинг жамиятдаги ўрнига бўлган юксак эътибор ва ишончнинг ёрқин ифодасидир.
Ёшларни иш билан таъминлаш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Бунда янги “маҳаллабай” тизими жорий қилиниб, ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчиси лавозими таъсис этилди ва шу орқали жойларда ёшлар билан манзилли ишлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш йўлга қўйилди.
Айни пайтда барча ёшлар ўқиш ёки меҳнат фаолияти ҳолатига кўра ҳисобга олиниб, “Ёшлар дафтари” орқали зарур ёрдамлар кўрсатилмоқда. Масалан, ўтган йилнинг ўзида маҳаллалар кесимида тасдиқланган “Ёшлар бандлиги дастури” доирасида 200 минг нафардан зиёд ишсиз ёш ва 189 минг нафар мактаб битирувчиси иш билан таъминланди.
Ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этиш борасида ҳам янги ёндашувлар қўлланилмоқда. Давлат дастурига мувофиқ, “Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор” тамойили асосида ҳар бир тажрибали тадбиркорга бир нафар ишсиз ёш бириктирилиб, уни касбга ва бизнесга ўргатиш вазифаси қўйилди. Ушбу ташаббус доирасида кўнгилли тадбиркорлар ёшларга менторлик қилиб, ўз ишини бошлашига кўмаклашмоқда.
Янги Ўзбекистонда таълим тизими ислоҳотлари ривожланиш стратегиясининг муҳим йўналишларидан бири бўлиб, сўнгги йилларда бу соҳада туб ўзгаришлар амалга оширилди. Ўқув жараёнлари сифатини яхшилаш мақсадида илғор хорижий тажриба асосида таълим методикаси ислоҳ қилинди. Жумладан, 500 та пилот мактабда баҳолашнинг янги тизими жорий қилиниб, таҳлил ва муаммо ечишга йўналтирилган амалий дарслар улуши 60 фоизга етказилди. Шунингдек, кўплаб мактабларнинг юқори синфларида учта йўналиш бўйича касб-ҳунарга ўргатиш тизими йўлга қўйилди ва эндиликда ўқувчилар мактабни битираётгандаёқ маълум мутахассислик кўникмасига эга бўлишмоқда. Шу билан бирга, педагог кадрларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор берилди, чунки таълим сифати уларнинг малака ва меҳнатига тўғридан-тўғри боғлиқ.
Шу билан бирга Олий таълим тизимида ҳам салмоқли ўзгаришлар амалга оширилди. Натижаларга тўхталадиган бўлсак, 2016 йилда ёшларнинг атиги 9 фоизи олий таълим билан қамраб олинган эди. Амалга оширилган ислоҳотлар натижасида бу кўрсаткич кескин ўсиб, ҳозирги кунда олий таълим муассасалари сони 200 дан ошди, умумий қамров даражаси эса 40 фоизга яқинлашди. Бундан ташқари ёшларга бепул олий таълим олиш имкони кенгайтирилиб, таълим олишда тенглик ва адолат тамойилларини мустаҳкамланмоқда.
Мамлакатимиз ёшларининг халқаро тажриба орттириши ва дунё миқёсида билим олиши учун ҳам кенг шароитлар яратилмоқда. 2018 йил сентябрда Президент фармони билан ташкил этилган “Эл-юрт умиди” жамғармаси бунинг яққол мисоли бўлди. Мазкур жамғарма орқали ўтган қисқа вақт мобайнида энг иқтидорли ва истиқболли ёшларимиздан минглаб нафарини хорижнинг нуфузли университетларига ўқишга юбориш тизими йўлга қўйилди. Уларнинг бир қисми таҳсилини якунлаб, ҳозирда мамлакатга қайтиб келиб турли соҳаларда фаолият юритмоқда. Бугунга келиб жамғарма стипендиатлари нафақат ўқишда, балки ўқиётган мамлакатларида Ўзбекистон маданияти ва ютуқларини тарғиб қилишга ҳам улкан ҳисса қўшмоқда. Юрт ичида ёшларга халқаро стандартларда таълим бериш учун ҳам кўплаб ташаббуслар амалга оширилди. Бунинг яққол мисоли кейинги йилларда хорижий университетларнинг Ўзбекистондаги филиаллари сезиларли даражада кўпайди.
Хулоса қилиб айтганда, Янги Ўзбекистон шароитида ёшларга кўрсатилаётган эътибор ва яратилаётган имкониятлар тарихий аҳамиятга эга. Сўнгги йилларда бандлик, тадбиркорлик, таълим, инновация, ижтимоий ҳимоя ва халқаро алоқалар соҳаларида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида юртимиз ёшлари ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун кенг шароитлар яратилди.
Сўнгги 5 йилнинг ўзида ёш авлодни қўллаб-қувватлаш соҳасида юртимиз тарихида кузатилмаган улкан ишлар амалга оширилди ва бу жараён демократик тараққиёт йўлини танлаган Ватанимиз учун мутлақо табиий ҳолдир. Зеро, фан-техника жадал ривожланаётган, глобал рақобат кучайиб бораётган бир даврда ҳар қайси мамлакатнинг келажак тақдири ёшларнинг интеллектуал салоҳияти ва истеъдодига боғлиқ бўлиб қолмоқда.
Президентимиз таъбири билан айтганда, ёшлар – янги Ўзбекистон бунёдкорлари, жамиятнинг олтин таянчи ҳисобланади. Улардаги бунёдкорлик қуввати ва ижодий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, уларга бўлган ишончни амалда намоён этиш мақсадида олиб борилаётган бу саъй-ҳаракатлар аллақачон ўз самарасини бера бошлади.
Бугунги ўзбек ёшлари мазкур эътибор ва ишончни оқлаб, турли жабҳаларда эришишаётган ютуқлари билан юртимиз тараққиётини янги босқичга олиб чиқмоқда. Шу маънода, ёшларга яратилаётган имкониятлар уларга бўлган ишонч рамзи бўлиб, ёш авлод бу ишончни мустаҳкам билим, ташаббускорлик ва зафарлар билан оқлаши шубҳасиз.
Расул Раҳмонов,
Тошкент шаҳридаги Вебстер
университети Ижрочи директори
и.ф.н, профессор