Ёшликда олинган билим тошга ўйилган нақш кабидир, деган мақол бежизга айтилмаган. Чунки айнан ёшлик даврида ўрганилган ҳар қандай билим ва кўникма ҳаётдаги барча ютуқларнинг калити бўлиб хизмат қилади. Қадимдан олим ва донишмандлар юрти ҳисобланган заминимиз ёшларининг илм-фан, техника, санъат, спорт соҳасида қўлга киритаётган ютуқлари йилдан- йилга ортиб бормоқда. Бу борада эса, давлатимиз томонидан яратиб берилаётган кенг имкониятлар ана пойдевор вазифасини ўтамоқда.

Хусусан, ёшларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, етук инсонлар бўлиб улғайиши йўлида юртимизда барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Юртимизда ёшлар сиёсати умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ ва нормалар билан ҳамоҳанг тарзда олиб борилмоқда. Ёшларнинг интеллектуал, маънавий ва жисмоний салоҳиятини рўёбга чиқариш учун барча имкониятлар яратилган. Жамиятнинг фаол қатлами сифатида эътироф этиладиган ёшларга юрт равнақини таъминловчи куч сифатида ишонч билдирилмоқда. Зеро, жамиятнинг мунтазам ривожланиб боришини ёшларнинг тарбияси ва билим даражаси таъминлаб беради.

Шу маънода бугун ёшларимизга ўз устида ишлаши, билим олиши, фозил, баркамол инсон бўлиб шаклланиши учун барча имкониятлар яратилган. Мамлакатимизда эришилган ютуқлар, таълим тизимини ислоҳ қилиш йўналишида амалга оширилган ишлар ҳамда фидойи устозларга юксак эътибор таҳсинга лойиқдир. Зеро, илмнинг афзаллигини у сизни ҳеч қачон тарк этмаслиги, ишлатилгани сайин ортиб бориши, орзуларингизга етишишингизда кўмакчи бўлишидан билсангиз бўлади. Алишер Навоий бобомизнинг “Улуғлик хушбўйликларини таратувчи муҳаббат шабадалари” номли асарида илмнинг аҳамияти ҳақида қуйидаги жумлалар келтирилади: Илм – биз кўп ишлатадиган атама. Аммо чуқур ва нозик мазмунга эга эканини Абу Тоҳир ал-Абҳарий баёнида ёзади: “Андин сўрдиларки: Ҳақиқат недур? Дедиким: Барчаси илмдур. Дедиларки: Илм недур? Дедиким: Барчаси ҳақиқатдур”. Яъни ҳар қандай ҳақиқат – илм билан исботланиши ва ҳар қандай илм – ҳақиқатга таянишидир.

Илмнинг чексиз қудратини чуқур ҳис қилган давлатимиз раҳбари “Юртимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш учун бизга замонавий илм ва яна бир бор илм керак” — деб таъкидлагани бежиз эмас.

Якунланган йилнинг 23-24 декабрь кунлари Туркиянинг Анқара шаҳрида жойлашган Туркия Республикаси Миллат кутубхонасида Турк дунёси ёш тадқиқотчилар иттифоқининг “Турк дунёсида олий таълим келажаги” мавзусида бўлиб ўтган Халқаро конгрессда ёш тадқиқотчи сифатида қатнашдим.

Конгрессда 15 давлатдан 80 нафар ёш олимлар иштирок этди, қардош халқларнинг таълим тизими, имкониятлар борасида сўз юритдик.

Конгресс мобайнида Ёш тадқиқотчилар уюшмаси раҳбари Юнус Каcабйик конгресс Туркия ва Турк дунёсида таълим фаолиятларини давом эттираётган университетлар ва ёш тадқиқотчиларни муштарак бир интеллектуал атрофида бирлаштириб, ўзаро таъсир ва ҳамкорликни ошириш мақсадида ташкил этилганини таъкидлади. Ушбу таъкиднинг нечоғли ҳақиқат эканини тадбир давомида чуқур ҳис қилдим. Зеро, конгрессга ташриф буюрган ёш тадқиқотчиларнинг мақсади аниқ — ўз юртидаги олий таълим ислоҳотлари, янгиликлар ва инновациялар ҳақида маълумот бериб, қардош ёш олимлардан шундай маълумотларни билиб олиш. Баҳс-мунозараларга бой бўлган конгресда ёш олимлар ва турли соҳа профессорлари ўртасида илмий суҳбатлар ташкиллаштирилди. Профессорлар томонидан берилган таҳлилий жавоблар таъсирида, умуман, шундай илмий доирада кўплаб билим ва кўникмаларга эга бўлдим. Тенгдошларимнинг илмга чанқоқлиги, замонавий ҳамда креатив фикрлаши мени янада илҳомлантирди. Юртимизнинг жаҳон ҳамжамияти билан интеграциялашув жараёнида ўз ҳиссамни қўшиш, бунинг учун эса, замонавий билимларни эгаллаш нақадар муҳим эканлигини янада чуқур англадим. Конгрессда “Ўзбекистон олий таълим тизимида маданият ва санъатнинг ўрни” мавзусида маъруза қилиб, мамлакатимизда маданият ва санъат соҳасига қаратилаётган эътибор, яратилаётган имкониятлар борасида сўз юритдим. Зеро, болалигимдан адабиётга, мусиқага, китоб ўқишга умумий олганда, ижодий фаолиятга қизиқардим. Шу боисдир балки касбий ҳаётим ҳам маданият, санъатга боғлангандир. Ижодкор ёшларнинг сифатли билим олиши ва ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишлари учун Президентимиз томонидан яратилаётган имкониятлар ҳақида сўзлар эканман, мамлакатимиз етакчисининг “Биз ташқи сиёсатимизда узоқ ва яқин қўшниларимиз билан дўстлик алоқаларини кўз қорачиғидай асраб-авайлаб, барча соҳаларда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантирамиз”, – деган сўзлари яна бир жаранг бергандай бўлди. Бу пурмаъно сўзларнинг асл моҳиятини янада теранроқ англадим.

 Мен айни пайтда юртимиздаги олий таълим муассасаларида ёшларнинг ҳам илмий ҳам ижодий фаолиятлари учун барча шарт-шароитлар мавжуд эканлиги, уларнинг хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликлари ҳақида ҳам сўз юритдим. Бинобарин, биз ёш тадқиқотчилар бу каби ҳамкорликлар барқарор бўлишини, турк дунёсидаги тенгдошларимиз билан дўстона муносабатларни мустаҳкамлаб, илмий ва ижодий тажриба алмашиш тарафдори эканимизни ҳам таъкидладим.

Конгресдан олган хулосаларимдан келиб чиққан ҳолда тенгдошларимга шуни айтмоқчиманки, мамлакатимизда яратилаётган имконият ва шароитдан унумли фойдаланишимиз керак, имконият ва шароитлар фақатгина нурли эртамиз, порлоқ келажагимизга хизмат қилсин. Зеро, замон шиддат билан ўзгармоқда. Туб бурилишлар, ислоҳотлар даврида яшаяпмиз. Янги Ўзбекистонни янги тафаккур билангина қура оламиз. Бунинг учун эса, ҳар биримиз ўз устимизда тинимсиз ишлаб, самарали меҳнат қилишимиз даркор!

Камолиддин УМАРОВ,

Ўзбекистон давлат санъат ва

маданият институти таянч докторанти