Президентнинг 2026 йил 15 апрелдаги ПҚ-138-сонли қарори жарималар учун «чегирмалар» тизими, автоматик бўлиб-бўлиб тўлаш ва назорат жараёнларини тўлиқ рақамлаштиришни жорий этмоқда.  Яқин келажакда тадбиркорлар ҳаётида нималар ўзгаришини таҳлил қиламиз.

Иқтисодиётни либераллаштириш нафақат солиқ имтиёзларини, балки жавобгарликнинг шаффоф қоидаларини ҳам талаб этади. Президентнинг «Молиявий жарималарни қўллаш тартибини янада либераллаштириш ва суд назорати самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чоралар тўғрисида»ги янги қарори бюрократик босим даврига чек қўйиб, бизнесга қонуний ишлаш учун аниқ рағбатлар таклиф этмоқда.

Бизнес учун энг муҳим янгилик – 2026 йил 1 октябрдан бошлаб жарималарни тўлашнинг мослашувчан тизими жорий этилишидир. Энди тадбиркорда мажбуриятни бажариш бўйича танлов имконияти бўлади: Агар жарима қарор топширилган кундан бошлаб бир ой ичида тўланса, унинг суммаси роппа-роса икки бараварга камаяди. Қолган 50 фоизи эса бекор қилинади. Автоматик бўлиб тўлаш: Агар бизнес бутун суммани бирданига тўлай олмаса, 6 ойлик бўлиб тўлаш режими тақдим этилади. Уни фаоллаштириш учун биринчи ойда жариманинг 1/6 қисмини тўлаш кифоя – тизим ҳеч қандай маълумотномаларсиз ва идораларга бормасдан тўлов графигини автоматик равишда ишга туширади.

Энг оғриқли муаммолардан бири – бир ҳуқуқбузарлик учун ҳам компанияни (юридик шахс сифатида), ҳам унинг раҳбарини (жисмоний шахс сифатида) бир вақтнинг ўзида жаримага тортиш амалиёти эди. Қарор билан уч ой муддатда ушбу амалиётни бекор қилиш бўйича таклифлар тайёрлаш топширилди. Бу адолатли судлов сари муҳим қадам бўлиб, бир хато учун икки марта жазоланмаслик тамойилини мустаҳкамлайди.

2027 йил 1 январдан бошлаб «Ягона давлат назорати» тизимида Молиявий жарималарнинг электрон реестри ишга тушади. Энди текширувчилар учун ўйин қоидалари жуда қатъийлашади:

  • Ҳар қандай жарима қабул қилинганидан кейин 3 иш куни ичида реестрга киритилиши ва ЭРИ (Электрон рақамли имзо) билан тасдиқланиши шарт.
  • Диққат: Агар жарима реестрда мавжуд бўлмаса – у ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Тадбиркор уни тўламасликка тўла ҳақли.

Ислоҳот судларда бизнес ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиради. Агар суд жаримани ноқонуний деб топса, давлат маблағларни 15 кун ичида қайтариши шарт.

Қайтариш муддати кечиктирилган ҳар бир кун учун давлат органлари тадбиркорга фоиз тўлайди (Марказий банк ставкасининг 1/300 қисми миқдорида). Энди нафақат бизнес пеня тўлайди, балки давлат ҳам ўз хатолари учун молиявий жавобгарликни ўз зиммасига олади.

 2027 йилнинг апрель ойигача жарима устидан солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали шикоят қилиш имконияти яратилади. Шикоят суд томонидан иш юритувига қабул қилиниши билан жарима ижроси автоматик равишда тўхтатилади. Тизимнинг ўзи барча идораларни хабардор қилади, бу эса тадбиркорни ижрони тўхтатиш ҳақидаги қоғозбозликлардан халос этади.

 

Рашид Шарапов,
Музаффар Жумакулов,
ТДЮУ Фуқаролик протсессуал ва
иқтисодий протсессуал ҳуқуқи шўбаси ўқитувчилари