– Биламизки, Клеопатра шахсияти жаҳонда кўп муаллифларни ўзига жалб этиб келган, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Нодир Жонузоқ. – Унинг ҳаёти фильмларда, драмаларда, асарларда кенг ёритилган. Эътирофлиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али томонидан ўзбек насрида илк бор “Клеопатра” тарихий романи ёзилди.
Асар муҳокамасига бағишланган тадбирда иштирок этган ёзувчилар, адабиётшунослар ҳамда ёшлар романнинг мазмун-моҳияти борасидаги фикрлар, таклифларни баён қилишди. Муҳокамани Уюшма Наср кенгаши раиси, ёзувчи Исажон Султон олиб борди.
– Романда тасвирланган давр йигирма-йигирма беш йилга яқин фурсатни ўз ичига олади, – дейди ёзувчи Рисолат Ҳайдарова. – Асар Клеопатранинг ўсмирлик пайтидан бошланиб, унинг ўлими билан тугайди. Ушбу асар воқеаларга жуда бой. Тарихда Клеопатранинг болалиги ҳақида маълумотлар йўқ. Лекин Муҳаммад Али унинг болалигини ҳам тасвирлайди.
Асарда Клеопатранинг кўпчиликка таниш ҳаёти тасвирланган, унинг Юлий Цезарь билан муносабатлари, Марк Антонийга муҳаббати, унинг ўлими... Лекин малика аёл киши сифатида қандай бўлган, унинг характери қанақа эди? У нималарни яхши кўрган, нималарни ёмон кўрган? Ўқувчига мана шу нарса қизиқ.
– Ушбу роман тўла-тўкис тасвирлар асосига қурилган, – дейди ёзувчи Жуманазар Бекназар. – Бу эса ёзувчининг катта маҳоратидан далолатдир. Асар воқеаларидаги ҳар бир тасвир тарихий асосланган. Бу эса китобхонни мутолаа жараёнида романнинг бошидан охиригача катта қизиқиш билан ушлаб туради. Сўзлар ўз ўрнида қўлланилгани билан ўқувчини зериктирмайди.
Клеопатра, айтишларича, ҳақиқатан жуда заковатли аёл бўлган, уни тарихда қолдирган ҳам унинг ҳуснидан кўра кўпроқ заковати десак, тўғри бўлади. Умуман, адабиётимизда жаҳоний сиймоларнинг яратилгани жуда ижобий ҳодиса. Бу билан ўзбек насри жаҳоний мавзуларга яна ҳам яқинлашади.
Сўзга чиққанлар, Клеопатранинг Спитамен авлодига тааллуқли эканлиги кўп ўқувчилар учун янгилик, дея таъкидлашди. Чунки бу ҳақда жаҳонда кўп гапиришмаган. Роман шу жиҳатдан ҳам аҳамиятли. Ўқувчи шу роман орқали милоддан аввалги тарихга кириб боради. Боболаримизнинг жаҳон тарихидаги ўрни ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлади.
Муҳокама давомида адабиётшунослар Адҳамбек Алимбеков, Сувон Мели, Зуҳриддин Исомиддинов роман борасида ўзларининг мулоҳазаларини, таклифларини билдиришди.