Бугунги кунда нафақат халқимиз, балки жаҳон ҳамжамияти, хорижий олимлар ва экспертлар ҳам Конституциямизнинг асосий муаллифи ва ижодкори том маънода Ўзбекистон халқи эканини алоҳида эътироф этмоқда.

Янги таҳрирдаги Конституциянинг 33-моддасида ҳар кимнинг фикрлаш, сўз ва эркинлиги ҳуқуқига доир нормалар қуйидагича келтирилган:

  • «Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга.
  • Ҳар ким исталган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга.
  • Давлат Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратади.
  • Ахборотни излаш, олиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқни чеклашга фақат қонунга мувофиқ ҳамда фақат конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш, шунингдек  давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сир ошкор  этилишининг олдини олиш мақсадида зарур бўлган доирада йўл қўйилади».

Яъни, бир томондан, амалдаги модда шаклан кенгайган – икки бандлик матн тўрт бандга кўпайган бўлса, иккинчи томондан, ушбу конституциявий нормаларнинг мазмун-моҳиятидаги қамров кўлами тубдан ортган. Энг асосийси, янги нормалар билан ҳар бир шахснинг Интернет жаҳон ахборот тармоғига кириш ва ундан эркин фойдаланиш ҳуқуқи эътироф этилиб, мазкур ҳуқуқнинг таъминланиши учун бевосита давлатнинг ўзи шарт-шароитлар яратиши аниқ белгиланди. Бугунги кунда бу борада жадал ишлар олиб борилмиқда.

Бинобарин, интернет нафақат алоқа воситаси, балки виртуал муҳитга ҳам айланиб бораётган, кўплаб тушунча ва хизматлар “реал” заминдан жадал тарзда “виртуал” ҳаётга кўчаётган бугунги давр айни шундай илғор ёндашувни тақозо этмоқда. Ҳозирги кунда интернетни тақиқлаш ва чеклаш нафақат нотўғри, балки мантиқсиз ҳам эканини исботлаб ўтиришга ҳожат қолмади.

Нега деганда, бугун одамлар ишини, ўқишини, ҳоббиларини, турли товар ва хизматлар логистикасини, қолаверса, давлат хизматларини ҳам интернетга кўчиряпти. Бу ўз навбатида, Конституция ва қонунларни замонга ҳамнафас тарзда ўзгартиришни талаб қилмоқда.

Шу ўринда мулоҳаза қиладиган бўлсак, агар ҳозирда мавжуд бўлган интернет муаммолари бартараф этилса, бу ҳар бир соҳада ўзининг самарасини беришни бошлайди. Масалан, таълим соҳасини оладиган бўлсак, ўқувчилар онлайн тарзда ўзига керак бўлган маълумотларни турли аҳоли манзилларидан ҳам бемалол излаши, қўшимча маълумотларни топиши, дунёда бўлаётган сўнги янгиликлардан хабардор бўлиш имконияти пайдо бўлади. Бундан ташқари аҳолини иш билан  таъминлашда анча асқотади. Бугунги кунида кўпчилик замонавий касбларни ўрганиш орқали уйидан чиқмасдан ҳам яхшигина даромад топаётган инсонлар мавжуд. Биргина Давлат солиқ қўмитасининг soliq.uz мобил иловасини мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Бунда фуқаролар иловадаги мавжуд ҳунар турини танлаб рўйхатдан ўтиши керак бўлади ва мазкур ҳунар орқали иш стажига эга бўлишади. Бунинг учун албатта интернет мавжуд бўлиши керак бўлади.

Ҳозирги кунда фуқаролар айрим давлат хизматлардан фойдаланиш учун вақтини сарфлаб, йўлларга ҳаражат қилиб давлат хизматлари марказига бориш шарт эмас. My.gov.uz сайтидан ёки MyGov мобил иловаси орқали рўйхатдан ўтиш орқали ҳам бемалол давлат хизматларидан фойдаланиши мумкин.

Интернетдан эркин фойдаланиш ҳуқуқи инсоннинг сўз эркинлиги ҳуқуқи доирасига киради. Ушбу ҳуқуқ, давлат чегараларидан қатъи назар, турли ахборотни қидириш, олиш ва тарқатиш эркинлигини ўзида қамрайди.

Шундай экан, ахборотни интернет орқали излаш, олиш ва тарқатиш эркинлигини истифода этувчи инсонлар зиммасига ҳуқуқлар билан бир қаторда мажбурият ва масъулият ҳам юкланиб, қонунга мувофиқ равишда айрим чекловлар ўрнатилиши табиий ҳолдир. Шу маънода, Конституциямизнинг 33-моддасининг охирги бандидаги нормалар барчамизни ижтимоий масъулиятимизни англашга, оқни қорадан, ҳақиқатни уйдирмадан, далилни бўҳтондан ажратишга даъват этади.

Ҳақиқатан ҳам, биз яшаётган ХХI асрда инсоннинг фикр ва сўз эркинлиги, ҳар қандай ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш сингари ҳуқуқлари қандай амалга оширилиши унинг ахборот ресурслари, коммуникация технологиялари, хусусан, интернетдан қанчалик эркин фойдаланишига бевосита боғлиқ.

Шу нуқтаи назардан, бугунги “рақамлаштириш” замонида демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли очиқ жамият барпо этаётган аксарият давлатлар қатори Ўзбекистон ҳам ўз Конституциясида фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлигига оид янги нормаларни  мустаҳкамлаётгани, бир томондан, фуқароларимизнинг бу борадаги ҳуқуқлари ва эркинликлари амалга ошишига хизмат қилса, иккинчи томондан, ҳар бир инсоннинг ҳимояси ва хавфсизлигини таъминлаш учун муҳим аҳамиятга эга.

 

Маъмуржон Қўчқоров,

Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси