Фарғона вилоятида сўнги 4 йил давомида «Сиз қаерда бўлсангиз, биз ҳам ўша ердамиз», «Сиз келманг, ўзимиз борамиз!» тамойиллари ва «Ўзимиз келдик» акцияси асосида мана шу кунга қадар 104 мингдан ортиқ фуқароларга сайёр давлат хизматлари кўрсатилди. Тўрт йил давомида сайёр тартибда 4 минг 800 та тадбиркорлар давлат рўйхатидан ўтказилди. Уларнинг 2 минг 420 таси сайёр хизматлар давомида фаолияти қайта тикланди.

19 туман ва шаҳарларнинг 16 тасида бутунлай замонавий кўриниш ва дизайн касб этган Давлат хизматлари марказларининг янги бинолари халқ ихтиёрига топширилди. Анклав, қатнов қийин ва ноқулай, маъмурий марказдан олис бўлган ҳудудларда 9 та Давлат хизматлари марказлари филиаллари очилди.

Давлат хизматлари агентлиги Фарғона вилоят бошқармасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида таъкидланишича, 2018 йилда фуқароларга 593 минг 481 та давлат хизматлари амалга оширилган бўлса, ушбу кўрсатгич 2019 йилда 3,4 баробарга юксалиб 1 миллион 338 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди. 2020 йил давомида 25 минг 967 та тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилган. Бу кўрсаткич 2021 йилнинг биринчи чорагига қадар 28 минга етди. Шундан 7 минг 261 таси юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Фарғона вилоятида фаолият олиб бораётган 19 та туман ва шаҳарлардаги давлат хизматлари марказларига 2021 йилнинг 6 ойи давомида жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида 502 минг 74 дона мурожаатлар келиб тушган. Ўтган давр мобайнида 4 минг 152та юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатдан ўтказилган.

Яратилган қулайликлардан яна бири, марказ ходимлари олис ва чекка ҳудудларда бўлиб, мунтазам равишда фуқаролар мурожаатларини жойида ҳал этиш мақсадида сайёр (мобил) хизмат кўрсатяпти. Ўтган олти ой давомида вилоятдаги мавжуд давлат хизматлари марказлари томонидан чекка ва олис ҳудудлар, аҳоли гавжум бўлган жойларда январь-май ойлари давомида 19 минг 167та сайёр хизматлар кўрсатилди. Сайёр тартибда 412та тадбиркорлик субъектлари рўйхатдан ўтказилди.

Шунингдек, матбуот анжуманида Давлат хизматлари агентлиги Фарғона вилоят бошқармасида туман (шаҳар) давлат хизматлари марказлари, ФҲДЁ бўлимлари ва ФҲДЁ архиви томонидан 2021 йилнинг 5 ойи давомида амалга оширилган бошқа ишлар, давлат хизматлари марказларининг бошқа давлат органлари ва ташкилотлари билан интеграциялашуви, ташкил этилган янги хизмат турлари фаолияти ҳам муҳокама этилди, деб хабар беради ДХА Фарғона вилоят бошқармаси матбуот хизмати.