Халқимиз ҳунар – ҳунардан зар унар, дея бежиз айтмайди. Уста наққошлару дурадгорлар, косибу чеварларнинг ҳунари сабабли турмушимиз нафосатга тўлади, юрт фаровонлиги ортади.     Бугунги     кунда мамлакатимизда ишбилармонлик муҳити яратилган бўлиб, ҳунармандлик ва тадбиркорликка ҳукумат миқёсида катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2021 йил 30 декабрдаги “Ҳунармандчилик фаолиятини қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳунармандларга имкониятлар эшигини янада кенгроқ очди, дейиш мумкин.

Айниқса, қарорда таъкидланганидек, миллий ҳунармандчилик, халқ бадиий ва амалий санъатини ривожлантириш, соҳани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар натижасида мамлакатимизда “Ҳунармандчилик марказлари” ва “Уста-шогирд” мактаблари кўпайди. Бунинг натижасида эса банд бўлган ёшлар сони ошмоқда. Жойларда субсидия ажратиладиган ҳунармандлар ва шогирдлар ҳисоби “Ҳунарманд” уюшмаси томонидан юритилиб, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг “Онлайн маҳалла” электрон платформаси билан интеграция қилинаётир.

Ҳунармандларнинг ҳунарлари авлоддан авлодга мерос шаклида ўтиб келаётгани ёшларнинг яширин иштиёқлари юзага чиқишида муҳим омил бўлади. Шунингдек, фарзандларда ўз ота-оналаридан фахрланиш туйғуси ҳам шаклланади.    

Ҳунармандларнинг халқ амалий санъати миллий каталоги яратилгани ҳам кўплаб уста ҳунармандларни кашф этиб, дунёга танитишга имкон бермоқда. Халқаро кўргазма ҳамда турли танловларда ғолиб бўлаётган ҳунармандларнинг рағбатлантирилаётгани, уларнинг мазкур каталогдан ўрин олаётганидаги қувончини сўз билан ифодалаш қийин. Бу бевосита оилавий муҳитга ҳам ижобий таъсир кўрсатувчи омилдир. Зеро, бунда ҳунарга меҳр қўйиш, болалик орзулари, фарзандлар камолоти билан уйғунлашиб кетадиган қадриятлар мужассам.

Аввало, ҳар бир касбга астойдил иштиёқ ва эътиқод бўлиши лозим. Уста     ҳунарманд номини олиш кўплаб устозлар раҳнамолигида касб сирларини ўрганиш жараёнида амалга оширилади.

Янги йил бошида “Ҳунарманд” уюшмаси томонидан ҳунармандчилик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш чоралари ишлаб чиқилди. Бунда     оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ажратилаётган маблағларнинг 500 миллиард сўми ҳунармандчилик лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилади. Хусусан, имтиёзли кредитлар ҳунармандчилик лойиҳаларини амалга ошириш учун 6 ойгача имтиёзли давр билан 225 миллион сўмгача оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида кўзда тутилган шартларда ажратилади. Албатта, ҳунармандлар лойиҳаси тижорат банклари билан ҳамкорликда баҳоланиб, молиялаштирилади.

Бу йўлда яна бир муҳим жиҳат шундаки,     кўплаб ҳунармандлар истагига мувофиқ, имтиёзли кредитлар ҳунарманднинг талабига ўкра, нақд пул олиш имконияти билан ҳам тақдим этилади.     Шунингдек, имтиёзли кредит ажратиш бўйича “oilakredit.uz” электрон платформасида ҳунармандларни онлайн навбатга қўйиш ва уларнинг лойиҳаларини кредитлаш учун алоҳида бўлим ишга туширилади. Азалдан узвий қадриятимизга айланган     “уста-шогирд” анъаналари асосида ёшларга ҳунар ўргатаётган ҳунармандларга – шогирдлар тайёрлаши ва уларни иш ҳақи билан таъминлаши, зарур хомашё сотиб олиши учун 6 ой давомида ҳар ойда БҲМнинг 2 бараваридан кам бўлмаган миқдорда имтиёз берилади.

Бугунги ҳунармандчилик соҳасидаги ютуқларимиз замирида огирдларини фидоийларча тарбиялаган, юртимиз ардоқлаган уста-ҳунарманд устозларнинг маслаги ,машаққатлари меҳнатлари ётибди, дейиш мумкин. Мустақил фаолият бошлаши учун уларнинг шогирдларига     зарур асбоб-ускуна ва жиҳозларни сотиб олиши фидойиликнинг амалдаги кўриниши. Шу маънода усталарга интернет сайтларини ташкил этиш, ўз маҳсулотларини жаҳон электрон савдо майдончаларига чиқариш ва реклама харажатларининг 50 фоизи, бироқ БҲМнинг 25 баравари миқдоридан ошмайдиган қисмига субсидиялар ажратиш тартиби жорий этилади.

Бунда, юқорида таъкидлаганимиздек, субсидия ажратиладиган ҳунармандлар ва шогирдлар ҳисоби “Ҳунарманд” уюшмаси томонидан юритилиб, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг “Онлайн маҳалла” электрон платформаси билан интеграция қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 декабрдаги     “Ҳунармандчилик фаолиятини қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида юқоридаги ва бошқа қўллаб-қувватлаш чоралари белгилангани соҳада бандликни ошириш, аҳоли даромадларини кўпайтириш учун янги имкониятларни очади.

Чунки Қарорнинг 6-бандида     ҳунармандлар ўз ишининг натижаси бўлган маҳсулотлар сотиши учун савдо павильонларини ташкил қилишга алоҳида урғу берилган. Албатта, ҳунарманднинг ўз иши натижасини моддий шаклда кўриши унга катта рағбат беради. Қарорнинг 8-бандида бу ишлар жорий йилнинг 1 апрелига қадар йўлга қўйилиши ҳунармандларни янада хурсанд қиладиган янгиликдир. Шунингдек, “Ҳунармандчилик маркази” ва турли “Устахона” биноларини қуриш ва фойдаланишга топшириш ишларини янада жадаллаштириш лозим бўлади.

Мамлакатимизда ҳунармандлик азалдан яхши ривожланган. Болаликдан ҳунар ўрганиш, яратган маҳсулоти ва меҳнати билан одамларга наф келтириш халқимизнинг миллий қадриятига айланган. Ҳунар турлари эса асрлар давомида кенгайиб, янги йўналишлар ва мактаблар билан бойиб борган. Айни пайтда юртимизда ҳунармандчиликнинг 34 тури мавжуд. Ҳунармандларнинг истиқболли лойиҳаларини молиялаштириш, бунинг учун уларга имтиёзли кредитлар ажратиш, соҳага халқаро молия институтлари инвестицияларини жалб этиш заруратини келтириб чиқаради. Бу омиллар Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, "Ҳунарманд" уюшмаси, тижорат банклари масъул ходимлари зиммасига ҳудудларнинг ўзига хос хусусият ва анъаналаридан келиб чиқиб, туманлар кесимида аниқ режа ишлаб чиқиш, ҳар бир ҳунармандга етиб бориш вазифасини ҳам қўймоқда. 

Юқорида таъкидланган қарор шартларига     мувофиқ, ҳар бир вилоятда махсус кўргазма ва ярмаркалар ташкил этилиб, уларда ҳунармандлар бепул иштирок этади. Шунингдек, уларнинг хорижий давлатларда ўтказиладиган кўргазма, фестиваль ва ярмаркаларда қатнашишига кўмаклашилади. Бу эса қўлигул усталарга ўз маҳсулотларини бозор ва супермаркетларда сотиши учун кенг имконият яратади, хоҳласа, ўз хонадонида дўкон очиш имтиёзини ҳам беради. Доимий савдо жойига эга бўлмаган, вақтинчалик жойларда савдо қилаётган ҳунармандларга савдо қилиш қоидалари асосида талаб этиладиган касса аппарати ва савдо терминалидан фойдаланиш ҳамда тижорат банкларига савдодан тушган нақд пулни инкассация қилиш талаблари ихтиёрий этиб белгиланади.

Шунингдек, ҳунармандларнинг экспорт фаолияти ҳам рағбатлантирилади. Уларга ўз маҳсулотларини экспорт қилишдан тушган хорижий валютани эркин тасарруф этиш, жумладан, банк ҳисобрақамларидан хорижий валютани нақд ҳолда олиш ҳуқуқи берилади. 

Хулоса қилиб айтганда, бундай имтиёзлар, қулайликлар, эътибор ва эътирофлар мамлакатимизда ҳунармандчиликнинг янада ривож топиши, унинг дунёда миқёсидаги нуфузи бундан-да ортишига сабаб бўлади.

Улуғбек САИДОВ,

Ўзбекистон Республикаси

“Ҳунарманд” уюшмаси бош мутахассиси