Чунки хонадаги ҳарорат анча иссиқ. Уйга қайтганда ҳам шундай, иссиқ хоналар газ босими яхши экани, иситиш тизимлари ишлаётганини билдиради. Бундан кўнглимиз хотиржам ҳам бўлади.

Аммо куз-қиш мавсумида барибир бир оз хавотирда турамиз. Боиси, ҳаво ҳарорати пасайиши сабаб юртимиз аҳолисининг газ ва электрга талаби бир неча баробар орта­ди. Натижада умумий тармоқларга кўпроқ юклама тушиб, газ ёки электрда вақтинча­лик узилишлар юзага келиши мумкин. Соҳа эгалари мавсумга йил давомида тайёргарлик кўриб, таъминотда узилишлар бўлмаслигини таъкидлашига қарамай, мавсум келгач, айрим чекловлар ўрнатилиши ҳамон сақланиб қол­моқда. Бу, айниқса, суюлтирилган газ таъми­нотида кўзга ташланади.

Кўпчиликнинг ёдида, ўтган йили совуқ сабаб автомобилларга метан қуйиш шохобча­лари фаолиятига вақтинча чекловлар ўрнати­либ, айрим саноат корхоналарини газдан узиб қўйиш ҳолатлари ҳам кузатилганди. Мутасад­дилар бу чораларни биринчи навбатда, аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан таъминлаш, уларда газ боси­ми пасайишининг олдини олишга қаратилгани билан изоҳлаган. Навбатдаги мавсумда бун­дай ҳолатлар такрорланмаслиги учун жиддий тайёргарлик кўрилгани ҳам айтилганди.

Аммо бу йилги қиш мавсуми кириб келиб, ҳаво нисбатан салқинлашиши билан яна ме­тан шохобчалар фаолиятига вақтинчалик чек­лов киритилиб, уларнинг иш вақтлари бўйича ҳар бир ҳудуд учун алоҳида режа-графиклар эълон қилинди. Ҳолатни мутасаддилар қўш­ни давлатдаги газ тармоғида кузатилган тех­ник носозлик туфайли импорт қилинаётган табиий газ қисқаргани билан изоҳлаб, бу вақтинча эканини билдирди. Бундай вазиятда аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объ­ектларини табиий газ билан таъминлаш бош мақсад экани боис, ана шундай чоралар кўри­лаётгани ҳам қўшимча қилинган.

Хабар ижтимоий тармоқларда тарқалгач, одамларнинг жиддий эътирозларига сабаб бўлгани тушунарли. Айниқса, ҳайдовчилик ортидан тирикчилик қиладиган одамлар учун метан шохобчаларда соатлаб навбат кутиш бир муаммо бўлса, бунинг ортидан йўқоти­ладиган вақт, кўриладиган моддий зарар яна бир масалага айланади.

Шундай вақтда одамларни табиий газнинг тортилиши хонадонларни иссиқлик билан таъминлашда ҳам муаммоларни келтириб чиқармайдими, босим пасайган вақтларда қандай чоралар кўрилади, авваллари бўлга­ни каби қишни совуқ уйларда ўтказамизми, деган ҳақли саволларга жавоблар қизиқтир­моқда.

— Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган табиий газ аҳоли эҳтиёжини қоплаш учун етарли, фақат буни тўғри тақсимлаш керак, — дейди “Иссиқликтаъминоти” АЖ бошқа­руви раиси Илҳом Тўраев. — Боиси, бу йилги қиш мавсуми қандай ўтиши, ҳаво ҳарорати­даги кутилмаган ўзгаришлар ҳақида аниқ гап айтолмаймиз, аммо ишонч билан айтишим мумкинки, жорий куз-қиш мавсумига тайёр­гарлик ўтган йиллардагидан тубдан фарқ қи­лади ва бажарилган ишлар кўлами ниҳоятда кенг. Бу чора-тадбирлар, биринчи навбатда, одамларнинг иссиқлик таъминотига бўлган талабини қондиришга қаратилган. Юртимиз иссиқлик таъминоти тизимидаги туб ислоҳот­лар ва соҳани замонавийлаштириш ишлари 2017 йилдан кейин бошланган бўлса, шундан бери олдимизга қўйилган асосий вазифа аҳо­ли эҳтиёжини тўла қондириш бўлиб турибди. Тегишли қарор билан 2030 йилгача қилиниши керак бўлган ишлар аввалида ҳам шу омил бирламчидир. Бунинг учун барча чоралар кў­риляпти.

Айни пайтда тизимда мавжуд 500 дан ортиқ қозонхонанинг ҳаммаси табиий газда ишлашга мўлжалланган. Охирги икки йилда қурилган 3 та қозонхона муқобил ёнилғида ҳам ишлашга мослаштирилди. Бунда, асосан, дизель ёнилғиси назарда тутилиб, фавқулод­да зарур ҳолатлардагина қўлланилади. Лекин шу кунгача муқобил ёқилғи захирасига талаб бўлмади. Чунки газ босими етарли ва охирги йилларда кузатилаётган аномал совуқ кун­ларда ҳам аҳоли хонадонларига табиий газ етказиб бериляпти. Совуқ мавсумнинг узайиб кетиши каби турли ҳолатларда эса “Ҳудудгаз­таъминот” АЖ билан ҳамкорликда ишланиб, табиий газ босимини ростлаш ёки кўтариш чоралари кўрилади.

Очиғини айтиш керак, юртимиз иссиқ­лик таъминоти тизимига 2017 йилгача деяр­ли эътибор қаратилмагани боис, муаммолар тўпланиб қолганди. Эски қурилмалар орти­дан бошқарувда автоматлаштириш тизими йўқ бўлиб кетган. Ана шу муаммолар би­рин-кетин бартараф этиляпти. Бунинг учун катта маблағ ажратиляпти. Муҳими, тизимда битта нарса ўзгарган — асосий мақсад инсон истеъмолчилар эҳтиёжларини таъминлашга қаратиляпти. Буни қишнинг изғиринида ҳам иссиққина уйда ўтирган аҳолининг ўзи-да биляпти, сезяпти, тан оляпти.

Тизимда йилдан йилга илғор, энергияте­жамкор технологияларни қўллаш кўрсатки­чи ортиб бораётгани иш самарадорлигини оширмоқда. Хусусан, жорий йилги мавсумга тайёргарлик давомида насос қурилмаларга қўшимча ускуналар ўрнатилиб, қозонхоналар тўлиқ автоматлаштирилди, замонавий қувур­лардан фойдаланиляпти. Бундай қувурлар газ йўқотишларини 7-8 фоиздан 3-5 фоизга ту­ширган. Бу ҳам иссиқлик энергияси етказиб бериш сифатини янада оширади.

Газ ўрнига электр энергияси: қачондан амал қилади?

Хонадон иссиқ, чироқ доим ёниқ бўлиши ҳам одамнинг кун давомидаги кайфияти, иш самарадорлиги, ҳатто бошқалар билан муло­қотига таъсир кўрсатади. Уйда чироқ ўчиб қолса, бирдан беҳаловат бўламиз, чунки на­фақат ёруғлик, балки биз кундалик фойда­ланадиган аксарият техника ишлаши электр токига боғлиқ. Оддийгина телефонни қувват­лантира олмай қолсак, қанча асабийлашамиз. Иссиқлик таъминоти ҳам шундай, қишнинг совуқ кунида уйимиз иссиқ бўлмаса, мавсум­ни ўтказиш ҳақиқий азобга айланади.

Аммо суюлтирилган газ табиий манба бў­либ, унинг захираси абадий эмас. Оқилона, тежамкорлик билан фойдаланилмаса, охири кўриниб қолиши мумкин. Ҳозирча унинг электр энергиясиники каби қайта тикланув­чи, муқобил манбалари мавжуд эмас. Аммо унинг ўрнини электр энергияси ҳисобига тўлдириш мумкин. Гап яқинда энергетика ва­зири тилга олган ва ижтимоий тармоқларда шов-шув ҳамда муҳокамаларга сабаб бўлган янги иситиш стратегияси ҳақида боряпти.

Жорий йилнинг 11 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўт­ган навбатдаги йиғилишда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов бундан буён та­биий газ ўрнига электр энергияси ҳисобидан иситиш тизимига ўтиб борилиши ҳақида га­пирди.

“Биз бундан буён кўпроқ электр энергияси билан барқарор таъминлаш ҳисобидан иситиш бўйича алоҳида ишлашимиз керак. Нор­вегия газ бўйича энг бой давлат, лекин умуман газда иситмайди, тўлиқ электр энергияси. Уларда совуқ кунлар бизга нисбатан кўпроқ. Шунинг учун электр энергиясида иситиш даври учун имтиёзли тарифлар жорий қилиш бўйича ҳисоб-китоб қилдик. Қишки мавсумда тўлиқ электр энергиясида иситиш учун 2 минг киловатт-соат етарли бўлар экан. Шу бўйича ҳозир Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан ишлаяпмиз”, деди Ж.Мирзамаҳмудов.

Вазирнинг мазкур нутқи жамоатчилик орасида бирданига турли фикрларни келти­риб чиқарди. Аҳоли хонадонлари босқич­ма-босқич газдан электр энергиясига ўтка­зилиши ҳақида гаплар тарқалди. Интернет тармоқларида “Энди газ ўрнига ҳам электр энергиясидан фойдалансак, нарх-наво яна­да ошиб, истеъмол ортиши ҳисобига электр токи узилишлари кўпаяр экан-да” мазмуни­даги эътирозлар авж олди. Янги тартиб қа­чондан ва кимлар учун амал қилиши, унга қандай ўтилишини тушунмаганлар ҳам кўп.

Шу каби очиқ қолган саволларга жавоб бериш мақсадида Энергетика вазирлиги ст­ратегик ислоҳот юзасидан қўшимча ахборот эълон қилди. Унда таъкидланишича, хо­рижий мамлакатларда уй-жойлар қуришда истеъмолни тўлиқ электрлаштириш омма­лашиб бормоқда. Ўзбекистонда ҳам энергия истеъмоли маданиятини ошириш, янги барпо этилаётган кўп қаватли турар жойларни тў­лиқ электрлаштириш, овқат тайёрлаш учун электр плиталари билан таъминлаш, иситиш тизимини электр энергиясига ўтказиш ҳамда табиий газ тармоқларига уланмаган кўп хо­надонли уйлар, ётоқхоналар ва газлаштирил­маган ҳудудлардаги ҳовлилар учун имтиёзли тарифларни жорий этиш бўйича ҳисоб-китоб­ларга асосланган таклифлар ишлаб чиқилган.

Лойиҳага кўра, газлашмаган кўп қаватли уйлар, ётоқхоналар ва ҳудудларда яшовчи маиший истеъмолчиларга ойлик истеъмол ҳажмига қараб иситиш мавсумида 2000 кило­ватт-соатгача, иситиш мавсумидан ташқари эса 1000 киловатт-соатгача бўлган қисми­га амалдаги тарифга нисбатан 50 фоизгача чегирма қўллаш назарда тутилмоқда. Бунда аҳоли субсидияланадиган нархлардаги суюл­тирилган газ, кўмир ёки табиий газдан фой­даланмаётган бўлиши лозим.

Яъни аҳоли хонадонларидаги иситиш ти­зими тўлиқ электр энергиясига ўтказилиши режалаштириляпти. Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, жараён босқичма-босқич амалга оширилади. “Айни пайтда қилинаётган ҳисоб-китоблар ва техник аудит якунига кўра умумий хулоса шакллантирилади ва шундан сўнг таклифларнинг амалиётга татбиқ этилиши таъминланади”, дейилади расмий баёнотда.

Очиғи, аҳолининг кундалик ҳаётда газ плиталари, электр токида ишлайдиган иси­тиш қурилмаларидан фойдаланиши янгилик эмас. Кўплаб фойдаланувчилар электр пли­талар табиий газ босимичалик катта қувват­га эга эмаслиги ва юқори ҳажмдаги электр энергияси талаб қилишини айтади. Аммо кейинги йилларда бундай ускуналар ўрнини ҳам юқори қувватли, энергиятежамкор авлод­лари эгаллаётир. Қолаверса, уйга иссиқлик берадиган қурилиш материаллари, янгича ус­куналар, масалан, оддий иссиқ пол хонадон­ни яхшироқ иситмоқда. Хуллас, масаланинг ўзига яраша плюс ва минуслари бор.

Лекин ишлаб чиқариш жиҳатидан мам­лакатимиз энергетика тизими охирги йил­ларда дунё эътироф этадиган даражадаги кўрсаткичларга эришаётганини ҳам таъкид­лаш жоиз. Яъни Ўзбекистон муқобил энер­гия манбаларини ишга тушириш ва улардан электр энергияси олиш бўйича қисқа вақтда катта тажриба тўплаб, бу йўналишда етакчи давлатлар қаторига қўшилди. Маълумотларга кўра, бугунги кунда юртимизда умумий қув­вати 5582 мегаватт бўлган қуёш ва шамол электр станциялари, 400 мегаваттли гидроэлектр станциялар ишлаб турибди.

Мамлакатимиз энергетика тизимига кейин­ги йилларда 35 миллиард доллар хорижий ин­вестиция жалб қилиниб, 9 минг мегаватт янги қувватлар ишга туширилган. Натижада юр­тимизда электр ишлаб чиқариш ҳажми 2017 йилдаги 60 миллиард киловатт-соатдан жорий йилда 85 миллиард киловатт-соатга етган.

Бу қувватлар юртимизда ишлаб чиқари­лаётган электр энергияси ҳажмини каррасига оширмоқда. Жумладан, жорий йил 8 декабрь ҳолатига кўра, Ўзбекистондаги қуёш ва ша­мол электр станциялари томонидан ишлаб чиқарилган электр энергияси ҳажми 10 мил­лиард киловатт-соатга етди. Бу рақамлар аҳоли хонадонларидаги иситиш тизимини электрлаштириш ўзини оқлаши мумкинлиги­ни кўрсатади.

100 мегаваттли янги қувват

Ҳозирги кунда саноат корхоналари ҳам аста-секин муқобил энергия манбаларидан фойдаланишга ўтиб боряпти. Ҳатто иссиқлик энергияси ишлаб чиқарадиган корхоналар ҳам бевосита электр энергиясига боғланяп­ти. Масалан, Тошкент шаҳрида бир вақтнинг ўзида электр ва иссиқлик ишлаб чиқарадиган қатор замонавий когенерация қурилмалари ишга туширилмоқда. Улар аҳоли ва иқтисо­диёт объектларини қиш мавсумида иссиқлик ва электр энергияси билан барқарор ҳамда уз­луксиз таъминлашга хизмат қилади.

Пойтахтимизнинг Юнусобод туманида шундай йирик қувватли когенерация стан­цияси барпо этилиб, фойдаланишга топ­ширилди. Жорий йилнинг 16 декабрь куни давлатимиз раҳбари Юнусобод туманида бўлиб, янги станция фаолияти билан ҳам танишди.

Сал аввалроқ бир гуруҳ журналистлар ана шу станцияда бўлган эдик. Замонавий талаблар асосида барпо этилган мазкур 4-иссиқлик марказини юртимизда иссиқлик ва электр энергияси ишлаб чиқаришнинг янги босқичи дейиш мумкин. 100 мегаватт қувватга эга бу лойиҳа Хитойнинг “CNTIC” компанияси билан ҳамкорликда 3,5 гектар майдонда амалга оширилган. Когенерация иншоотига Буюк Британиянинг “Rolls- Royce” компаниясининг 70 та газ-поршен ускунаси ўрнатилган.

Марказда йилига 876 миллион киловатт- соат электр энергияси ва 858 минг гигака­лория иссиқлик энергияси ишлаб чиқари­лади. Йилигa 35 миллион куб метр табиий газ иқтисод қилинади. Асосийси, эндиликда пойтахтнинг Юнусобод, Олмазор, Шайхон­тоҳур, Мирзо Улуғбек ва Яккасарой туманла­рида жойлашган жами 1 минг 846 та объект доимий иссиқлик энергияси билан таъмин­ланади. Уларнинг 1 минг 400 таси аҳоли хонадони, қолган қисми эса ижтимоий соҳа объектларидир.

Яъни бугун аҳоли сони билан бирга ис­теъмол талаби ҳам тобора ортиб бораётган шароитда табиий газ ёки электр энергияси бўлишидан қатъи назар, истеъмолчиларга узлуксиз етказиб беришда энг тежамкор, мақ­бул ечимларни қўллаш заруратга айланган. Албатта, бу одамларнинг турмуш фаровонли­гига ҳам, чўнтагига ҳам зарар қилмаган ҳол­да амалга оширилиши асосий мезон бўлиши керак.

Электр энергияси билан боғлиқ лойиҳалар эса дунё бўйича кенг оммалашяпти. Уларни муқобил энергия манбалари ҳисобидан қоп­лай олаётган давлатлар эса янада самарали натижаларга эришмоқда.

Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири