Бундан шу нарсани англаш мумкинки, мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга олиб чиқиш учун давлат ва жамият ҳаётида туб ислоҳотларни амалга оширишни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Давлат бошқарувида  ҳам, қонунчилик соҳасида  ҳам муҳим ўзгаришларни рўёбга чиқариш ҳаётий  заруриятга айланмоқда.

Эндиликда  “Аввал – инсон, кейин – жамият ва давлат” деган устувор ғояни Референдум асосида  қабул қилинаётган янги Конституциямизда сингдирилганлиги айни ҳақиқатга айланганлиги диққатга сазовордир.  Шу нуқтаи-назардан олиб қараганда янгиланаётган Асосий Қонунимизни қабул қилиш ва уни ҳаётга тадбиқ этиш бугунги куннинг  долзарб вазифалари сирасига киради.

Умуман олганда,  инсон қадрини улуғлаш ва уни янги босқичга  олиб чиқиш,  Янги Ўзбекистонимизга, халқимизга  ҳар томонлама муносиб  бўлган янги Конституциямизни қабул қилиш барчамиз учун муқаддас вазифа бўлиб ҳисобланади.  
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Янги Ўзбекистонимизни “Ижтимоий давлат” тамойили асосида барпо этиш янгиланаётган  Конституциямизда  ўз аксини топганлиги ҳар биримизга ғурур ва ифтихор бағишлайди.   

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ижтимоий давлат бу, энг аввало, инсон салоҳиятини тўла  рўёбга чиқариш учун тенг имконият ва  муносиб ҳаёт кечиришлари учун барча зарур шарт-шароитларни  барпо этиш, шунингдек,   камбағалликни қисқартириш, умумун олганда инсон қадр-қимматини юксалтириш  ва уни янги  босқичга олиб чиқиш демакдир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2021 йил 6 ноябрда  инаугурация маросимида бағишланган маърузаларида таъкидлаганларидек: “Албатта, инсон қадри биз учун қандайдир мавҳум, баландпарвоз тушунча эмас. Инсон қадри деганда, биз, аввало, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни назарда тутамиз. Инсон қадри деганда, биз ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этишни, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими, соғлом экологик муҳит яратиб беришни тушунамиз”.
         

Одамларнинг  ҳаётдан рози бўлиб, эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкам қарор топиши, инсон қадр-қимматини улуғлайдиган қонунларнинг жамиятда мавжудлиги ва унинг амал қилиши  билан характерланади.   Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, янги қабул қилинаётган Бош Қомусимиз ҳуқуқий демократик давлатнинг талабларига ва мезонларига шунингдек, халқаро андозаларга тўла-тўкис мос келади. 

Халқаро ҳуқуқнинг миллий – ҳуқуқий тизимларга таъсири ҳақида шуни айтиш керакки, кўпгина конституцияларда халқаро ҳуқуқнинг умумъэтироф этилган нормалари ва принциплари миллий конституциявий ҳуқуқнинг таркибий қисмига киради, улар бир – бирига зид келса, халқаро – ҳуқуқий нормалар устун келиши ёзиб қўйилган. Халқаро ҳуқуқ принциплари ва нормаларининг  мажмуи  янгиланаётган Конституциямизга  Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Уставидан, Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларацияси ва инсон ҳуқуқларига оид бошқа халқаро битимлардан олиб сингдирилганлиги билан аҳамиятлидир. 

Шу ўринда айтиб кетиш керакки, 2020 йил октябрь ойида  мамлакатимиз миллий давлатчилигимиз тарихида илк бор Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг асосий органларидан бири бўлган Инсон ҳуқуқлари Кенгашига аъзо этиб сайланганлиги тарихий аҳмиятга молик воқеа бўлди. 
             

Дарҳақиқат, шуни мамнуният билан қайд этиш керакки, 2020 йилнинг 13 октябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясида Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига кўпчилик овоз билан тарихда биринчи марта 3 йиллик муддатга сайланиши мамлакатимизда Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминаш борасида амалга оширилаётган ғоят кенг кўламдаги ишларнинг самарисидан яққол далоладир. Маълумот ўрнида шуни айтиш  жоизки, қуйидаги 15 давлат 2021 йил 1 январдан бошлаб уч йиллик муддатга БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаши аъзолигига сайланган: Боливия, Хитой, Кот-д'Ивуар, Габон, Куба, Франция, Малави, Мексика, Непал, Покистон, Россия. Сенегал, Украина, Ўзбекистон, Буюк Британия. Мазкур давлатлар қаторида Ўзбекистоннинг сайланиши қалбларимизда ғурур ва  ифтихор туйғуларини уйғотди. Маълумки, БМТ Бош Ассамблеяси органи ҳисобланган Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашга 47 та дават аъзодир. Кенгаш аъзолари уч йиллик муддатга яширин овоз бериш йўли билан сайланадилар.
         

Янгиланаётган Конституциямизда ҳуқуқий ва сиёсий тафаккурнинг энг юксак ютуқлари, халқимизнинг бой тарихи, маданияти ҳамда миллий урф-одатлари, аньаналари эътироф этилганлиги аҳамиятга моликдир. Шунингдек, давлатни бошқариш, мамлакатни яхлитлигини таъминлаш тамойиллари, аждодларимизнинг давлатчиликни мустаҳкамлаш йўлидаги ғоя ва фикрлари, амалга оширган ишлари, тажрибалари асосида  янгиланаётган Асосий Қонунимизнинг мезони қилиб олинганлиги эътиборга лойиқдир. Буюк Соҳибқирон Амир Темурнинг  “Темур тузуклари” да давлатни бошқаришга оид муҳим тартиб қоидалар шундай эътироф этилган: “Давлат ишларини салтанат қонун-қоидаларига асосланган ҳолда бошқардим. Тўра тузукка таяниб,салтанатда ўз мартаба ва мақомимни мустаҳкам сақлаб турдим.

Амирлар, вазирлар, сипоҳ, раият ҳар бири ўз лавозим ва мартабасидан мамнун ҳолда хизматимда бўлиб, ундан ортиғига даъвогарлик қила олмади”. Бу фикрлар Амир Темур давлатининг  бошқарув тизимини асосий ғояси бўлиб хизмат қилган, унинг ҳозирги кундаги аҳамияти ҳам беқиёсдир. Зеро, давлат бошқарувида  қонун, адолат устувор вазифа бўлиб, халқнинг орзу - умидларини рўёбга чиқишида муҳим мезон бўлиб хизмат қилади. 
Янгиланаётган Конституциямизда адвокатура фааолияти билан боғлиқ масалаларнинг 141-ва 142-моддалар бўйича   қамраб олинганлиги,   инсон ҳуқуқларини таъминлашга ва уни  мустаҳкамлашга қаратилган муҳим ўзгаришлар сирасига киради.  141-модда:
Жисмоний ва юридик шахсларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш учун адвокатура фаолият кўрсатади.  Адвокатура фаолияти қонунийлик, мустақиллик ва ўзини ўзи бошқариш принципларига асосланади. Адвокатурани ташкил этиш ва унинг фаолияти тартиби қонун билан белгиланади.

142-модда: Адвокат ўз касбий вазифаларини амалга ошираётганда унинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди. Адвокатга ўз ҳимоясидаги шахс билан монеликсиз ва холи учрашиш, маслаҳатлар бериш учун шарт-шароитлар таъминланади. Адвокат, унинг шаъни, қадр-қиммати ва касбий фаолияти давлат ҳимоясида бўлади ва қонун билан муҳофаза қилинади.                                     
Адвокатура фаолиятини  қонунийлик, мустақиллик, ва ўзини-ўзи бошқариш принциплари асосида ташкил этишнинг  белгиланиши инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги амалий ҳаракатларнинг самарасидан далолатдир. Адвокатга барча шарт-шароитлар қонун доирасида мустаҳкамланади. Энг муҳими эндиликда адвокат ва унинг фаолияти бутунлай давлат ҳимоясида бўлади. Бу эса Адвокатура институти фаолиятини мустаҳкамлашга қаратилганганлиги билан диққатга сазовордир. 
         

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларига оид халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларни миллий қонунчиликка имплементация қилинаётганлиги ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Энг муҳими, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш борасида Ўзбекистон сиёсати халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланаётганлиги республикамизда амалга оширилаётган инсонпарварлик сиёсатининг ёрқин исботидир. 

Маълумки, Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларцияси инсон ҳуқуқлари ва уни ҳимоя қилишга доир халқаро ҳуқуқий ҳужжат бўлиб, БМТ томонидан ишлаб чиқилган ва 1948 йилда  қабул қилинган. 
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгандан кейин қўшилган биринчи халқаро-ҳуқуқий ҳужжат бўлиб ҳисобланади. Демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини қуришни ўз олдига буюк мақсад қилиб олган  Ўзбекистон давлатимиз шижоат билан олдинга интилмоқда. Инсон ҳуқуқлари ва манфаатларининг ҳуқуқий ҳимояси  давлатнинг бош вазифаси этиб белгиланганлиги халқимиз хохиш иродасининг рўёбга чиқариш йўлидаги  саъи ҳаракатлардан  далолатдир.  Шуни қайд этиш керакки, бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича 70 дан ортиқ асосий ҳужжатга қўшилганлиги, БМТ томонидан мазкур соҳада қабул қилинган 10 дан ортиқ асосий халқаро шартнома иштирокчисига айланганлиги Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини ортиб бораётганлигидан далолатдир .

Хулоса қилиб айтганда, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати ва бошқа умумэътироф этилган дахлсиз ҳуқуқлари янгиланаётган Конституциямизда ўз аксини топганлиги билан аҳамиятлидир. Зеро, давлатимиз раҳбари  Шавкат Мирзиёев 2022 йилнинг 20 декабрида  Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида таъкидлаганларидек, “Ҳеч кимнинг унутишга ҳаққи йўқ – қонун талаблари ва инсон ҳуқуқлари – биз учун олий қадрият.

Шу боис, қанчалик қийин бўлмасин, танлаган йўлимиздан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз. Кўзлаган марраларимизга албатта етамиз. Бу йўлда нияти улуғ, қалби пок, меҳнаткаш халқимизга таянамиз.
Бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилсак, мен ишонаман, эл-юртимиз интилаётган Янги Ўзбекистонни албатта барчамиз биргаликда бунёд этамиз.”. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг Конституциявий кафолатлари жамиятни янгилаш ва мамлакатни модернизация қилиш борасида амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни янада жадаллаштириш ва такомиллаштириш ишларини муҳим асоси бўлиб хизмат қилади.

Дарҳақиқат, қонун устуворлиги барча  фуқаролар ва мансабдор шахсларга тегишли бўлиб, жамиятни тараққий этиб боришида, юксалишида ўта муҳим вазифа бўлиб ҳисобланади.

Шуни  таъкидлаш жоизки, янгиланаётган Конституциямиз  мустақиллик ғояси билан, халқимизнинг хохиш-иродаси билан суғорилган бўлиб, жаҳондаги етакчи давлатларнинг Конституциявий тажрибаларига бутунлай мос келади. Референдум асосида қабул қилинаётган янги  Конституциямиз  Янги Ўзбекистонимизни барпо этиш йўлида кўзлаган эзгу мақсад-муддаоларимизга эришиш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиши шак-шубҳасиздир. 

Тошкент давлат юридик университети   кафедра мудири, доценти

Гулнора Носирхўжаева

Тошкент давлат юридик университети   профессори

Ҳакимали Азимов