Томошабинлар ўринларидан туриб олқишлай бошлади. Рақс тугагач, режиссёр нимадир дедию, таржимон “яна такрор тушасизлар”, деб бизни саҳнага қайтарди. Шундан кейин ҳам одамлар қўйиб юборгиси келмаган. Аммо илож йўқ эди. Вақт белгиланган. Биздан сўнг аргентиналиклар саҳнага чиқиши керак. 24 та давлатнинг фольклор ансамбллари келишган. Полкамизнинг кучини, сирини бошқа миллатларга ҳам кучли таъсирини ўшанда чуқур ҳис қилганмиз. 

Жаҳон чемпионлари улғайган мактаб

Фарзандини бокс залига етаклаб бораётган андижонлик ота-оналарнинг аксарияти менинг ўғлим ҳам Муҳаммадқодир Абдуллаев, Ўткир Ҳайдаров, Ҳасанбой Дўстматовдек дунё чемпионларига ўхшасин, дея ният қилади. Вилоятда боксга ҳавасмандлар сони кундан-кунга кўпайяпти. Хўш, бунинг сабаби нимада? Нега кўплаб жаҳон чемпионлари, машҳур боксчилар Андижондан етишиб чиқяпти?

Шу ўринда бокс бўйича жаҳон чемпионлари ғалаба билан Андижонга қайтган кунларни ёдга олмай бўлмайди. Чемпионлик маълум бўлдими, вилоятнинг марказий кўчалари, истироҳат боғлари бир текис саф тортган мактабу коллеж ўқувчиларига тўлиб кетади. Спортчиларимизни эътироф этувчи сўзларни баланд кўтарган ёшлар қаҳрамонларни юраклари ҳапқириб, ҳаяжон, ғурур билан қарши олади. Юрак-юракдан олқишлайди. Буларнинг ҳаммаси ёшлар қалбида спортга, боксга бўлган муҳаббатни уйғотади, десак хато бўлмас. Чемпионлар эса чексиз миннатдорлигини изҳор этиш учун юракка сиғмас ҳаяжон билан республика тан олган мураббийлари ёнига ошиқади.

Андижон шаҳридаги 50-мактаб ёнгинасидаги таниқли бокс зали ҳозир ҳам бор. Юқорида номлари тилга олинган таниқли боксчилар мана шу мактабда тобланишган. Мактабга кирганимизда 11 йилдан буён мураббийлик қилиб келаётган фидойи, тажрибали мураббий Ўткир Ҳайдаровни айни машғулотлар устида, шогирдлари қуршовида учратдик. Мураббийдан Андижон бокс мактабининг ўзига хос хусусиятларини сўраганимизда, бу борада энг муҳим омил, аввало, мураббийларнинг аҳиллигида эканини айтди. Кейинги хусусият эса уларда “менинг ўқувчим, сенинг ўқувчинг” каби қарашларнинг йўқлиги. Яна бир муҳим жиҳат, катта авлод эришган ғалабалар. Бу ўз-ўзидан кичик авлод вакилларига табиий ва доимий куч бағишлаб туради.

— Яна бир қатъий қоидамиз бор, — дейди Ўткир Ҳайдаров суҳбат давомида. — Биз хулқи салбий томонга ўзгара бошлаган шуғулланувчини дарҳол машғулотлардан четлатамиз. Сабаби, спортчи ўзининг кучидан бошқа ғаразли мақсадларда фойдаланмаслиги керак. Нотўғри йўлдан кетаётгани, хатога йўл қўйганини тушуниб етгач, машғулотларга қайтишга ҳаракат қилади, кечирим сўраб келади. Бу ҳам ўзига хос бир мактаб.

Бу борада Республика бокс федерациясининг вилоят бўлимлари ва терма жамоалар билан ишлаш бўлим бошлиғи Беҳзод Солиевнинг Андижон бокс мактабининг ўзига хос хусусиятлари ҳақидаги муносабатини келтириб ўтиш ўринли. Мутасаддининг таъкидлашича, ҳудуд ўзининг профессионал мураббийларига эга. Марат Галеев, Валентин Золотарёв, Александр Размаховлар Андижон бокс мактабининг забардаст устунлари. Улар бўлажак боксчиларни руҳлантиришнинг ҳеч ким билмайдиган йўлларини билишади. Шу маънода федерация андижонлик тренерларни боксда оқсаётган Навоий, Сурхондарё, Қашқадарё, Сирдарё каби ҳудудларга семинар-тренинглар ташкил этиш учун хизмат сафарига юборишни режалаштириб турибди. Бу, албатта, республикамиз бўйлаб боксни ривожлантиришда, Андижон бокс мактаби тажрибасининг кенг ёйилишида муҳим омил бўлади.

“Сизлар — менинг олтин хазинамсиз...”

Соддадил, халқпарвар шоир Муҳаммад Юсуф дунёдан ўтганида ўкинган миллионлаб қалблар бугун унинг номи билан аталаётган мактабга келганида шунчалик қувонади. Ҳар йил 26 апрелда бу мактаб саҳнига, шоир бюсти ўрнатилган майдонга унинг мухлислари сиғмай кетиши халқнинг шоирга бўлган ҳурмати ҳануз юксаклигидан даракдир.

Уларнинг барчаси шоир шеърларини айнан ижод мактаби ўқувчиларидан эшитиш истагида. Шу маънода асл шеърият, ижод майдонига айланган таълим масканида бугун Муҳаммад Юсуфнинг 253 нафар издоши таълим оляпти. Улар орасида қўшни вилоятлардан ҳам вакиллар бор. 24 нафар энг моҳир педагог бу ерда жам бўлган.

Ўқув дастурлари Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги томонидан қўйилган аниқ вазифалар асосида олиб бориляпти. Ижод муҳитини яратиш, ижодкорларни қўллаб-қувватлаш эса биринчи галдаги вазифа. Ўқувчи ёшларнинг юксак ижод намуналари ижтимоий тармоқларда, матбуот нашрларида бўй кўрсата бошлади. Агентлик раҳбари Хилола Умарова ташаббуси билан чоп этилган “Ижод боғидан гулдаста” китобидан 12 нафар ўқувчининг ижоди жой олиши мактабнинг “Умид ғунчалари” номли китоби чоп этилишига туртки бўлди. Илк нашрга 46 нафар ўқувчи ижоди киритилган бўлса, шоир таваллуди олдидан чоп этиладиган 2-нашрга 50 дан ортиқ ўқувчининг ижод намуналари жамланади.

Хуллас, мактабда чинакам ижодий муҳит яратилган. Ижодкор болалар билан маҳорат дарсларини кўпроқ ташкил қилиш амалий натижа бериши инобатга олиниб, ҳафтанинг ҳар жума куни ёзувчи, шоирлар, университет олимлари, филологлари иштирокида маҳорат дарслари йўлга қўйилган. Бунда ёшларнинг камчилигу ютуқлари билан ўртоқлашиши жонли кечади. Вилоят Ёзувчилар уюшмаси раиси Хуршидабону Ваҳобжон қизи, шоира Замира Рўзиеванинг мактабда тез-тез ўқувчилар билан ижодий суҳбатлар ўтказиб тургани уларни янада руҳлантиради. Пойтахтдан Сирожиддин Саййид, Нодир Жонузоқ, Ғайрат Мажид каби кўплаб ёзувчи, шоирларнинг ташрифи байрамга айланиб кетади. Ёш ижодкорлар учун Президентимиз  совға қилган автобусда қўшни ижод мактабларига бориш ҳам ўзгача завқли. Олисдагилари билан эса онлайн конференциялар орқали учрашиш, дўстона беллашиш ҳам ўзига хос руҳда ўтади.

Агентликнинг республика семинарида IT соҳасида ўқувчилар билимини кенгайтириш, инглиз тили ва заргарлик санъатини ўргатиш лойиҳасини тақдим қилган мактаб директори Шоҳиста опа Нурматова ўқувчиларни 7- синфдан ҳунарга ўргатиш масаласига жиддий ёндашади. Вилоятда янги ташкил қилинган IT паркда мактабнинг 9 нафар ўқувчиси билим оляпти. Шунингдек, IT парк ўқитувчилари ижод мактаби келиб, мастер класслар ҳам ўтказяпти. Зеро, ижодкорлик фақат шеър ёзиш дегани эмас. Директор ўқувчиларининг мусиқа асбобларини чалишини билиши, қўшиқлар ҳам куйлай олишини истайди. Шанба – ижод кунида 10 га яқин мусиқа асбоблари сирларини ўрганаётган ҳаваскорларга энди рақс, ашула, мақом санъати ҳам ўргатилади. Бу борада шаҳар маданият бўлими билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Яқинда ватанпарварлик руҳидаги қўшиқлар ижро этадиган хор гуруҳи ҳам ташкил этилиши режалаштириляпти.

Бундай шароитда кундан-кунга янги иқтидорлар кашф этилади. Президентимиз 2019 йилда мазкур мактабга ташрифи чоғида Муҳаммад Юсуф издошларига қараб “Сизлар — менинг олтин хазинамсиз”, дегани бежиз эмас.

Дарвоқе, мактабда нафақат ижодкорлик, балки чиндан-да олтин хазинага айлангудек ҳунарлар ҳам ўргатилмоқда. Ҳозирча мавжуд имкониятлардан фойдаланиб иш юритилаётган устахонада 6-7 синф ўқувчиларининг заргарлик буюмларини ясай олаётганларига бирданига ишонгимиз келмади. Уларнинг ўта нозик ҳаракатлари, устозининг топшириқларини тўғри бажараётганларини кузатиб, чиндан ҳам “олтин хазина” дейишга арзирли ёшлар эканига гувоҳ бўлдик. Қолаверса, рассомлик, дизайн, тикувчилик, тўгаракларида вақтини мазмунли ўтказаётган, Муҳаммад Юсуфнинг ўқувчиликдаги партасида ўтиришга муваффақ бўлаётган ўғил-қизларга ҳавас қилдик.

Ўйнамаганни ҳам ўйнатади

Янграганида 7 ёшдан 70 ёшгача қалбларни тўлқинлантириб юборадиган, танага жўшқинлик, руҳга кўтаринкилик берадиган куйлардан бири – “Андижон полкаси” яралганига қарийб 90 йилдан ошди. Ўзбекистон халқ артисти Ориф гармон Тошматов муаллифлик қилган бу бетакрор куйни рамзий маънода “Андижоннинг мадҳияси” дейиш мумкин. “Андижон полкаси” рақсининг йигитлар вариантини ҳақиқий андижонча йўлда яратган, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Абдуғаффор Қодиров, фольклоршунос санъаткор Мўминжон Абдувалиевларнинг айтишича, ўша пайтларда ҳозирги Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғидаги рақс майдонида кўп санъаткорлар, созандалар мунтазам йиғилиб турар экан. Андижонлик йигитлар бу ерга келиб, рақс тушишар, қўшиқ базмлари ҳам бўларкан. Уларнинг оёқ ташлашларини кўп бор мароқ билан кузатган Ориф гармон шулар учун бир мусиқа яратай, деб “Андижон полкаси”ни кашф қилган.

Полканинг доира ритмини эсланг-а, шахдам қадам товушларига ўхшайди. Ҳа, андижонлик йигитларнинг оёқни ердан узмай қадам ташлаши уларнинг рақсдаги йўли, яъни ўзига хос бир усулнинг пайдо бўлишига туртки бўлган.

—1972 йилда “Андижон полкаси” ансамбли тузилган. 1984 йили Испанияга гастролга борганмиз, — дейди Андижон тумани маданият бўлими маданият маркази бадиий раҳбари Абдулазиз Юсупов. — 5-6 минг атрофида томошабин бор. Мусиқа чалиниб, саҳнага чиққанимиздан бошлаб, оҳангга мослаб гулдурос қарсак чалина бошлади. 12 нафар йигит берилиб ўйнаяпмиз. Рақс роса авжига келганида Раҳимжон, Носиржон деган йигитларимиз маромидан ҳам ошириб юборишди. Томошабинлар ўринларидан туриб олқишлай бошлади. Рақс тугагач, режиссёр нимадир дедию, таржимон “яна такрор тушасизлар”, деб бизни саҳнага қайтарди. Шундан кейин ҳам одамлар қўйиб юборгиси келмаган. Аммо илож йўқ эди. Вақт белгиланган. Биздан сўнг аргентиналиклар саҳнага чиқиши керак. 24 та давлатнинг фольклор ансамбллари келишган. Полкамизнинг кучини, сирини бошқа миллатларга ҳам кучли таъсирини ўшанда чуқур ҳис қилганмиз.

Шу ўринда “Андижон полкаси”ни “Баҳор” рақс ансамблининг гўзал раққосалари ҳам 80дан зиёд давлатга танитгани, рақс ўша давлатларнинг барчасида юксак эътироф этилганини айтиш жоиз.

Севимли куй ўзига хос шиддати, профессионаллиги билан дунё халқлари эътиборини торта олган. Ҳозирда “Андижон полкаси”нинг кўплаб кўринишлари яратилган. Бу усулда қўшиқлар ҳам куйланди. Аммо мусиқанинг илк намунаси ҳеч қачон ўз аҳамияти, бетакрорлигини йўқотмайди. Зеро, “Андижон полкаси”га биринчи марта яккахон рақс тушиб, уни бутун юртимизга намоён қилган Толибжон Қодиров бугун 72 ёшда ҳам раққосликда чапани йигитларни доғда қолдириб келяпти.

Бугун Андижондаги барча маданият марказларида “Андижон полкаси” жамоалари фаолият юритяпти. Фидойи, тажрибали устоз Абдуғаффор Қодировнинг ўғиллари Абдуқаҳҳор, Абдувоҳид, Абдулҳаким, Мирзобекларнинг ота изидан борганлари ҳам ёш авлоднинг иқболи. Зеро, андижончасига айтганда, улар полкага ўйнашни эшиб қўядилар. Бундан ташқари, Раҳимжон, Носиржон, Шоятбек, Шавкатбек каби чапани йигитларни ҳам шўх мусиқанинг асл эгалари, дейиш мумкин.

Айтгандек, яқиндагина вилоят бўйлаб “Андижон полкаси” фестивали бўлиб ўтди. Ғолиблик байроғи Пахтаободлик моҳир раққосларга насиб этди. Қувонарлиси шундаки, бугун ўлмас маънавий меросларимизнинг авлоддан-авлодга ўтиб, янада қадр топаётгани, уларни кейинги авлодларга ҳам шу ҳолида етказишга давлат сиёсати даражасида қаралаётганидир. Айни пайтда бунга ҳар бир андижонлик ҳам гувоҳ бўлмоқда. Улар янги Ўзбекистоннинг янги тарихи зарҳал варақларига энг эзгу амалларни муҳрлашга интилаётир.

Муножат МЎМИНОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири