Бутун дунёда бўлгани каби Covid-19 Японияда ҳам санъат, маданият ва кўнгилочар соҳаларга ўз таъсирини кўрсатмай қолмади. Шу билан бир қаторда аҳолининг томошаларга бўлган эҳтиёжи ортиб бормоқда.

Euronewsнинг Sportline жамоаси замонавий технологиядан фойдаланган ҳолда яна томошабинларни сеҳрлашни бошлаган япон санъаткорлари фаолиятидан репортаж тайёрлади.

Япония пойтахти Токионинг гавжум ҳудуди – Гинзада машҳур Шеллиза театри жойлашган. Театр пандемия туфайли эълон қилган қисқа танаффусдан сўнг томошабинларига яна ўз эшикларини очди. Япон санъатининг машҳур асарларидан бири – "Кабуки"ни томоша қилиш учун минглаб одамлар ташриф буюради. 400 йиллик тарихга эга мазкур спектакль фақат эркаклар томонидан мусиқа, рақс, драма ва ажойиб либослар орқали ижро этиладиган халқ театри туридир. ЮНЕСКО «Кабуки»ни 2008 йили инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига қўшган.

Пандемия авжига чиққан пайтда театрнинг ёпилиши Япониянинг машҳур кабуки актёрларидан бири Коширо Матсумотога ўз ижодий истакларини амалга ошириш учун имкон яратди. У "Zoom -кабуки», ёки «Хаёлий кабуки» деб номланган янги жанрни, онлайн кабукини яратди.

Жорий йилнинг июнь ойида режиссёр ва актёрлар жамоаси дунёда илк марта кабуки пьесаларидан бири бўлган "Чу-шин-гура"нинг 11 пардасини омма эътиборига ҳавола қилишга муваффақ бўлдилар.

Коширо Матсумото аввалдан ёзиб олинган ижролари билан айни пайтдаги жонли ижроларини аралаштириб юборди ва томошабинлар бир актёрни бир пайтнинг ўзида бир неча ролда кўра олди. Натижада томошабинларга худди ҳақиқий театрдаги каби ҳиссиёт бера олди.

Шунингдек, актёр 19 аср халқ сафарномаларидан бири бўлган «Яжи Кита» номли бир комедия ҳам яратди. Асар тўлалигича шу ойда интернетда юкланди ва томошабинларга тақдим этилди.

Спектакль ижрочилари инсоният анъанавий театр томошаларига қайтганда пайтда ҳам “Zoom- кабуки"ни давом эттириш ниятида.