Атроф муҳитга зиён етказмаслик, табиатни асраш — асримизнинг энг долзарб масаласи. Аҳоли сонининг ортиши ва бунинг баробарида энергия манбалари, сув ресурслари ҳамда озиқ-овқатга бўлган талабнинг ҳам ўсиши масаланинг муҳимлик жиҳатини янада оширмоқда. Инсон ақли табиат сирларини очиш учун олтин калит бўлади. Ён-атрофимизни озода сақласак, боғ яратсак, табиат ҳам шунга яраша жавоб қайтаради.
Узоқ йиллардан буён асаларичилик билан шуғулланаман. Ўттиз икки йил қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаб, нафақага чиққанман. Соҳани қийнаётган масалаларга ўз таклифларимни билдиришни жоиз деб билдим.
Фермер ва деҳқонларимиз экин майдони атрофига, ариқ бўйларига бир қатор қилиб, мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экса, улар 3-4 йил ичида бўй кўрсатиб, экинларга тушадиган зараркунандаларга қарши қалқон вазифасини бажаради.
Олтинкўз деган ҳашаротхўр бор. Мана шу митти жонзот тут, жийда, ялпиз, бўтакўз, арпа каби ўсимликлардан озиқланиб, зараркунандалар билан курашади. Демак, экин майдонлари атрофига дарахтлар экиш зараркунандаларга қарши ишлатиладиган дори воситалари сарфини ҳам камайтиради. Дарахтлар «яшил белбоғ» каби ҳам табиатга фойда келтиради, ҳам экинларни ишончли ҳимоя қилади.
Фандан маълумки, баҳор ойларида табиий офатлар кўп кузатилса, дарахт гулларига салбий таъсир этиб, асалариларнинг ягона емиши гулчанг ва нектарга ҳам зиён етади. Шу жиҳатдан олиб қарайдиган бўлсак, «яшил» қалқонларни кўпайтириш муҳим. Агар дарахт гуллари кимёвий воситалар сепилмаган ҳолатда асаларилар ёрдамида чангланса, ҳам ҳосилдорлик ортади, ҳам мўл асал олинади
Шу ўринда экинларни алмашлаб экиш ҳақида ҳам ўз мулоҳазаларимни айтиб ўтсам. Биринчи йили пахта экилган майдонга иккинчи йили кунгабоқар, кейинги йилда эса дуккакли экинлар экилса, унумдорлик ортади. Тупроқда ўсимликлар учун микро ва макро элементлар пайдо бўлиб, касалликларга чидамлилик даражаси ошади.
Абдурауф ҲАКИМОВ,
Олтиариқ тумани