Экспертлар, ОАВ вакиллари ва журналистлар қатнашган тадбирда «Тараққиёт стратегияси» маркази бўлим бошлиғи Жамшид Шарипов, Транспорт вазирлиги, Энергетика вазирлиги ва Туризм қўмитаси вакиллари сўзга чиқди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил 26 декабрда Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган мурожаатномасида эришилган улкан натижалар ва янги устувор вазифалар «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини қайта кўриб чиқишни тақозо этишини, ҳамда мазкур ҳужжат кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиб, аҳолининг фикр-мулоҳазалари асосида такомиллаштирилиши зарурлигини таъкидлаган эдилар.
Матбуот анжуманида Жамшид Шарипов сўзга чиқиб, стратегиянинг такомиллаштирилиши ва вазифаларнинг янгиланиши мамлакат тараққиёти ва халқ фаровонлигида муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, кенг жамоатчиликнинг фаол иштироки вазифаларни янада мукаммал ва халқчил қилишга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Маманбий Омаров ҳам ушбу стратегияда Ўзбекистоннинг глобал транспорт-логистика тармоқларига интеграциясини чуқурлаштириш ва миллий транспорт тизими салоҳиятини ошириш устувор вазифалардан эканини таъкидлади. Унинг маълумотига кўра, транспорт хизматлари ҳажмини 301 триллион сўмгача, йўловчи ва юк ташиш хизматлари ҳажмини 250 триллион сўмга етказиш, авиақатновлар сонини 200 мингтага, республика ҳудудлари орасидаги рейслар сонини эса 41 мингтага чиқариш режалаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги котибияти бошлиғи Бекзод Исмоилов янгиланаётган стратегияда 2030 йилга қадар «яшил иқтисодиёт»га ўтиш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кескин ошириш ва иқтисодиёт тармоқлари ҳамда аҳолини зарур энергия билан узлуксиз таъминлаш мақсадлари белгиланганини маълум қилди.
Бекзод Исмоиловнинг сўзларига кўра, қайта тикланувчи энергия манбалари қуввати 25 минг МВтга етказилади, электр энергияси ҳажми 120 миллиард кВт·соатгача оширилади. Шунингдек, 2030 йилга бориб электр энергияси ишлаб чиқаришда қайта тикланувчи энергия улуши 54%га етказилиши кўзда тутилган.
Энергия сақлаш тизимлари бўйича ҳам қатор режалар белгиланган: 2024 йилда 300 МВт, 2025 йилда 1245 МВт қувватли тизимлар ишга туширилди. 2030 йилга қадар эса бу қувват 4,5 минг МВтга етказилиши режалаштирилган. Шунингдек, иссиқлик электр станциялари қуввати 22 минг МВтдан оширилади, гидроэлектр станциялари қуввати эса 5 минг МВтдан ортиқлаш режалаштирилган. 2025 йилда аҳоли хонадонлари ва ижтимоий объектларга ўрнатилган 2 ГВт қувватли қуёш панеллари орқали 2 млрд кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилди.
Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси вакили Ойбек Хакимовнинг маълумотларига кўра, 2030 йилга бориб хорижий туристлар сони йиллик 20 миллион нафарга етказилиши, туризм хизматлари экспорти ҳажми 6 миллиард долларга чиқарилиши ҳамда ҳудудларда 4 мингта янги меҳмонхона, меҳмон уйи ва хостеллар ташкил этилиши режалаштирилган.
Матбуот анжумани якунида масъуллар журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги котибияти бошлиғи Бекзод Исмоилов берилган саволларга қуйдагича жавоб берди.
Савол:
«Ўзбекистон – 2030» стратегиясида яшил иқтисодиётга ўтиш устувор йўналиш сифатида белгиланган. Аммо бугун электр энергияси ишлаб чиқаришда табиий газга қарамлик ҳали ҳам юқори. Газга қарамликни камайтириш бўйича аниқ ва ўлчаб бўладиган кўрсаткичлар борми?
Жавоб:
Ҳа, бор. «Ўзбекистон – 2030» стратегияси доирасида энергетика соҳасида асосий мақсад — қайта тикланувчи энергия манбалари улушини босқичма-босқич ошириш орқали табиий газга бўлган қарамликни камайтиришдан иборат. Қуёш ва шамол энергетикаси қувватлари кенгайиб бориши натижасида электр энергияси ишлаб чиқаришда газ улуши табиий равишда қисқаради. Бу жараён яшил иқтисодиётга ўтишнинг асосий механизмларидан бири ҳисобланади.
Савол:
Энергетика инфратузилмаси, айниқса трансформаторлар ва паст кучланишли тармоқлар эскиргани шароитида яшил иқтисодиётга ўтиш қанчалик реал? Бу муаммо стратегияда қандай ҳал этилади?
Жавоб:
Инфратузилманинг эскириши мавжуд муаммо экани тан олинади. Шу сабабли «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида фақат янги генерация қувватларини қуриш эмас, балки мавжуд электр тармоқларини модернизация қилиш ҳам устувор вазифа сифатида белгиланган. Трансформаторлар ва паст кучланишли тармоқларни босқичма-босқич янгилаш, юкламани камайтириш ва энергия йўқотишларини қисқартириш яшил иқтисодиётга ўтишнинг амалий асосини ташкил этади.
Савол:
Газ ёки электр узилишлари вақтида аҳолининг асосий эҳтиёжларини қоплаш учун ҳар бир маҳаллада кичик қуёш панеллари ва захира батареяларини ўрнатиш қанчалик самарали ечим бўлиши мумкин?
Жавоб:
Бу ечим амалий ва самарали ҳисобланади. Қуёш панеллари кундузги пайтда уй хўжаликлари учун электр энергияси ишлаб чиқариш, ортиқча энергияни тармоққа узатиш ва кечки соатларда батареялар орқали эҳтиёжни қоплаш имконини беради. Шу орқали паст кучланишли тармоқлардаги юклама камаяди, трансформаторларга тушаётган босим пасаяди ва умумий тизим барқарорлиги ошади. Бу ёндашув яшил иқтисодиётга ўтиш мақсадларига тўлиқ мос келади.
Савол:
Агар стратегияда белгиланган мақсадларга эришилмаса, жавобгарлик қандай таъминланади?
Жавоб:
«Ўзбекистон – 2030» стратегияси ва ундан келиб чиқадиган давлат дастурларида ҳар бир вазифа бўйича аниқ масъуллар, муддатлар ва ижро кўрсаткичлари белгиланган. Агар белгиланган натижаларга эришилмаса, ижро таҳлил қилинади, масъул раҳбарлар фаолиятига танқидий баҳо берилади ва зарур ҳолларда ташкилий ҳамда интизомий чоралар қўлланилади. Бу механизм стратегия ижросининг таъминланишига қаратилган, – деди Энергетика вазирлиги котибияти бошлиғи Бекзод Исмоилов.
Яшил иқтисодиётга ўтиш Ўзбекистон учун босқичма-босқич амалга ошириладиган тизимли жараёндир. Газга қарамликни камайтириш, энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш ва маҳаллий даражада қуёш энергетикасини ривожлантириш ушбу стратегиянинг ўзаро боғлиқ йўналишлари ҳисобланади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Маманбий Омаров ҳам берилган саволларга аттрофлича жавоб берди.
Логистика марказларига қўйилаётган талаблар уларни рейтинг асосида бошқариш тизимини жорий этишга олиб келди. Ҳудудларда логистика маркази қуришни режалаштираётган тадбиркорлар одатда катта ҳажмда — миллионлаб инвестиция билан лойиҳани бошлаяптилар. Шу билан бирга, бундай лойиҳалар учун ер майдонлари имтиёзли шартларда ажратиб бериляпти.
Натижада транзит ташувларда логистика марказларининг ўрни тобора ортиб боряпти. Айниқса, товарларга қайта ишлов бериш, уларни саралаш ва тақсимлашда марказлар муҳим аҳамият касб этади. Темир йўл орқали юклар кўпинча блок поездларда келади, аммо амалда улар турли йўналишларга ажратилади. Ана шу жараёнда логистика марказлари ҳал қилувчи роль ўйнайди.
Ўзбекистондаги логистика марказларининг бугунги салоҳияти Қозоғистондаги йирик логистика имкониятлари билан таққосланиши мумкин. Мамлакатимиз минтақавий транзит хабига айланиш учун етарли имкониятларга эга.
Логистика марказлари шартли равишда уч тоифага ажратилади. Ҳозирги кунда, айниқса Тошкент ва йирик шаҳарлар атрофида халқаро логистика компаниялари иштирокида янги марказлар қурилиши бошланган. Бунинг сабаблари:
- Давлат раҳбари томонидан логистика соҳасини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратилиши;
- Маҳаллий мутахассисларнинг малакаси етарли даражада шаклланганлиги;
- Темир йўл тармоқларининг минтақавий йўналишлар билан самарали боғланганлиги.
Амалда транспорт ва логистика марказларидан фойдаланиш асосан темир йўл орқали амалга оширилади. Темир йўл тармоқларининг электрлаштирилиши ташиш харажатларини арзонлаштирди. Шунингдек, вагон парки салоҳияти ҳам кенгайиб боряпти.
Сўнгги йилларда Хитойдан чиқадиган юклар географияси ҳам кенгайди. Илгари асосан Қозоғистон орқали амалга оширилган ташувлар, охирги беш йилда Қирғизистон орқали Ўзбекистон бўйлаб ўтувчи транзит ҳажмлари 53 баробарга ошди. Шу билан бирга, Ўзбекистон орқали Афғонистон бўйлаб Покистон томон йўналтирилаётган транзит ташувлари ҳам босқичма-босқич ривожланиб боряпти.
Шунингдек, ҳозирги кунда ўрта йўлак орқали юк ташувлари хажми кескин ошиб боряпти. Жумладан, 2025 йилда мазкур йўлак орқали ташувлар ҳажми бир миллион тоннадан ошган. Бу Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорлигини мустаҳкамлаб, минтақавий савдо йўлакларини очишда муҳим аҳамиятга эга.
«Ўзбекистон – 2030» стратегияси мамлакатни яшил иқтисодиётга босқичма-босқич ўтказиш, энергия тармоқларини модернизация қилиш ва маҳаллий қуёш энергетикасини ривожлантиришга қаратилган тизимли жараёндир. Стратегияда газга қарамликни камайтириш, қайта тикланувчи энергия манбалари улушини ошириш ва инфратузилмани янгилаш устувор вазифалар сифатида белгиланган. Шу билан бирга, логистика марказлари ва транспорт инфратузилмаси ривожлантирилиши мамлакатни минтақавий транзит хабига айлантириш ва савдо йўлакларини кенгайтиришда муҳим роль ўйнайди.
Зулхумор Акбарова