Қонунлар, ўрнатилган турли тартибларни ноҳалол йўл билан четлаб ўтган ҳолда солиқлар ва мажбурий тўловларни тўламасдан, ноқонуний фойда олишга ҳамда фойдани янада кўпайтиришга йўналтирилган ҳаракатлар мажмуаси яширин иқтисодий фаолият ҳисобланади.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, жамиятда яширин иқтисодиёт давлат бошқарувининг дастлабки даврларидан бошлаб шакллангани ва мавжуд бўлганини, бугунги кунга келиб дунёнинг барча давлатлари учун долзарб муаммога айланган. Унинг ривожланиш даражалари ҳар бир мамлакатнинг юксалиш босқичларига, ундаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатига ва иқтисодиётни давлат томонидан кераклича тартибга солиш ва бошқариш хусусиятларига боғлиқдир. Шунинг учун ҳар бир мамлакат иқтисодиётида яширин иқтисодиётнинг роли ва ўрни ҳам турличадир.

Кузатишлар ва  тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, яширин иқтисодиётнинг миқёси ва кўлами аксарият ривожланган давлатларда бирмунча пастроқ, энди ривожланаётган, хусусан, бозор иқтисодиётига ўтиш мақсадида ислоҳотларни амалга ошираётган собиқ иттифоқ мамлакатларида кенгдир. Шу боис, яширин иқтисодиётнинг ўрни ва моҳияти, вужудга келиш сабаблари ҳамда ривожланиш тенденциялари ижтимоий-иқтисодий тараққиётга таъсирини, унинг кўламларини кескин камайтириш, унга қарши кураш масалаларини ўрганиш, тадқиқ қилиш барча давлатлар учун долзарб ва муҳим аҳамиятга эгадир.

Яширин иқтисодий фаолият кўринмас шаклга эга бўлиб, унинг турлари доимий ўзгарувчанлик, мураккаблашиб бориш, назорат босқичларини четлаб ўтиш, турли йўналишлар орқали содир этилиши каби хусусиятларни ўзида мужассамлаштиради. Бу фаолиятни амалга оширишда эса унинг тармоқларидан бири бўлган коррупциядан фойдаланиш имкониятлари мавжуд бўлади.  Коррупция ва хуфиёна иқтисодиёт ўртасида чамбарчас алоқа мавжуд бўлиб, улар маъмурий тўсиқлардан иборат умумий илдизларга эга ва иқтисодий хавфсизликка таҳдид солувчи асосий кучлар ҳисобланади.

Дунё глобал иқтисодиётининг бир қисми бўлган Ўзбекистонда ҳам иқтисодиётни эркинлаштириш ва бизнесни легаллаштириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларга қарамасдан ҳамон яширин иқтисодий сектор юқорилигича қолмоқда. Мамлакатимизда макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ривожланишни таъминлаш бўйича устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишида Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистонда яширин иқтисодиётдан давлат буджетига 30 триллион сўм, ялпи ички маҳсулотга 135 триллион сўм зарар етказилган. Деярли 11 мингта корхона (41 фоиз) ҳисоботларида фақат 1 кишини ишчи сифатида кўрсатган. Яширин иқтисодиёт тўғри ишлаётган тадбиркорларга катта тўсиқ” эканлигини таъкидлади.

Яширин иқтисодиётга қарши курашиш ишлари самараси пастлигига сабаблардан бири  яширин иқтисодиёт ва иқтисодий жиноятчиликка қарши курашиш фаолиятининг мувофиқлаштириш тизимининг йўқлиги ҳисобланади. Ҳозирда иқтисодиёт ва иқтисодий жиноятчиликка қарши курашиш учун масъул идоралар сони республикада 14 та бўлиб, улар фаолиятини мувофиқлаштириш тизими мавжуд эмас. Мамлакатимизда ҳам яширин иқтисодиёт кўламини аниқлаш ва қисқартириш бўйича кўплаб ислоҳотлар амалга оширилиб, ушбу долзарб муаммо кун тартибида бўлиб турибди. Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги ПФ-6098-сонли «Яширин иқтисодиётни қисқартириш ва солиқ органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги ва 2021 йил 10 сентябрдаги ПФ-6310-сонли “Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва давлат божхона хизмати органлари ташкилий тузилмасини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонлари, 2022 йил 24 мартдаги ПҚ-178-сонли “Жаҳон банки иштирокидаги “Солиқ маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 июндаги 394-сонли “Ўзбекистон Республикасида “Яширин иқтисодиёт” улушини қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда яширин иқтисодиётни қисқартиришга оид вазифалар аниқ белгилаб берилган.

Ўтган давр мобайнида бизнесни легаллаштириш ва солиқ юкини пасайтириш эвазига яширин иқтисодиёт ҳажмини пасайтириш мақсадида қўшилган қиймат солиқ ставкаси 3 фоизга, ижтимоий солиқ ставкаси 50 фоизга пасайтирилди. Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб тамойилларини кескин қисқартириш ва соддалаштириш бизнесни соядан чиқариш омилларидан ҳисобланади. Шу мақсадда, 2024 йил 1 мартдан 7 турдаги лецензиялар бекор қилинмоқда, 12 турдаги рухсат бериш тартиблари бирлаштирилмоқда ва 3 хил фаолият тури бўйича лецензиялаш хабардор қилиш тартибига ўтқазилмоқда.

Таҳлилларимизга кўра, 2019 йилда яширин иқтисодиётнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 52,11 фоизни ташкил этган бўлса, олиб борилган ислоҳотлар натижасида ўтган йилда унинг улуши 40 фоизгача қисқарганлигини кўришимиз мумкин. Бунда асосан, 2019-2022 йилларда олиб борилган солиқ-божхона ислоҳотлари, коррупцияга қарши курашишдаги чора-тадбирлар, бизнесни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган мақсадли ташаббусларнинг амалга оширилганлиги ва рақамли трансформацияларнинг кенг кўламда жорий этилаётгани сабаб бўлмоқда.


Мирмансур Миралимов,

Савдо-саноат палатаси Тошкент шаҳар ҳудудий

бошқармаси Янгиҳаёт тумани  бўлими бошлиғи