Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, мамлакатимизнинг Бельгиядаги элчихонаси, Бенилюкс мамлакатлари ва Даниядаги ватандошлар ўртасида видеоконференсалоқа шаклида учрашув ташкил этилди.
Мамлакатимизда ташқи меҳнат миграцияси соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, хориждаги ватандошлар ва ўзбек диаспоралари ташкилотлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ташқи меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солишга ёрдам бераётгани таъкидланди.
Дастлаб учрашувда иштирокчиларга Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги фаолияти ҳақида маълумот берилди.
Бельгияда (Дания, Люксембург, Нидерландия) хорижий фуқароларни ишга қабул қилиш тартиби, Ўзбекистон фуқароларини ташкиллаштирилган ҳолда ишга жойлаштириш имкониятлари, хорижда ишлаш истагидаги аҳолини ўқитиш мақсадида Бельгия таълим муассасалари ва иш берувчи компаниялар ўқув марказлари филиалларини Ўзбекистонда очиш, уларга талаб қилинадиган касб ва чет тилларини ўргатиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, Бельгияда чет эл фуқароларининг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш амалиёти ҳақида сўз юритилди.
Маълумотларга кўра, 2020 йилда Дания аҳолисининг 14 фоизини чет элликлар ташкил этган. Яъни 700 минг меҳнат мигрантлари мавжуд. Дания меҳнат бозоридаги асосий бўш иш ўринларига савдо, транспорт, ресурсларни қазиб олиш ва ишлаб чиқариш, информатика ва алоқа каби соҳалар киради. Данияга келган меҳнат мигрантлари солиқ имтиёзлари, молиявий ва ҳуқуқий ҳужжатларни олишда фуқаролар билан тенг ҳуқуққа эга бўлиши ушбу давлатда ишлаш истагидаги фуқароларнинг қизиқишини янада кучайтирмоқда.
Бенилюкс мамлакатлари ва Дания меҳнат бозоридаги вазият, ушбу давлатлардаги ватандошларнинг иш тажрибалари билан танишилди. Шунингдек, иш берувчиларнинг тўртта асосий босқич – мамлакат ичида, Европа Иттифоқида ва ташқарисида ҳамда собиқ мустамлака мамлакатларида ишчи кучини излаш схемаси тушунтирилди.
Шунингдек, Даниядаги иш жойлари бўйича ижобий рўйхатга эга бўлган веб-сайт ҳаволаси тавсия этилди.
Учрашувда тегишли келишувлар тузиш орқали Европа давлатлари меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорликни янада кучайтириш, Бенилюкс мамлакатлари ва Дания миграцияси хизматлари билан учрашув ташкил этишга келишиб олинди.