Адабиётга беҳад ва бениҳоя улкан меҳр қўйиб, бутун ҳаётини сўз санъатига бахшида этган адабиётшунос, жамоат арбоби, Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти ҳамда “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби, академик Наим КАРИМОВ юқоридаги таърифларга муносиб, ўзбек маърифатпарвари деган юксак номга сазовор бўлган инсон. У киши билан суҳбатимиз ижодий сарҳисоб, ўтмишнинг бугуни, келажаги, истиқболи ва хотираларига бағишланди...
— Ҳурматли Наим Фотиҳович! Ўтаётган 2020 йилда барча соҳаларда бўлганидек, илм-фан борасида ҳам муайян ишлар, режалар ва лойиҳалар амалга оширилди. Таҳририятимизнинг фаол муаллифи сифатида чоп этилган мақолаларингиз салмоғи сизнинг бир зум ҳам ижоддан, адабиётдан узоқлаша олмайдиган инсон эканингиздан дарак. Жорий йил сиз учун қай даражада баракали йил бўлди?
— Биласизми, йил ниҳоясида бажарилмай қолган ишлар, режалар ва лойиҳалар ҳам бўладики, улар кўнглимиздаги қувонч гулларини силкитиб, алвон япроқларини тўкиб юборади. Шундай нохуш дақиқаларда бизни овутадиган бир нарса бор. Бу — биздаги куч, бажарилмай қолган ишни Янги йилнинг дастлабки кунларида якунлашга ишонч. Ва, энг муҳими, кириб келаётган Янги йилда аввалги йилдаги режадагидан ҳам улуғвор ишларни бажариш мақсади.
Минг афсуслар бўлсинки, камина ҳам ўтаётган йилда режадаги барча илмий-ижодий ишларимни амалга ошириш имконига эга бўлмадим. Тўғри, йил бошида “Абдулла Қодирий замондошлари” деган энциклопедиям нашрдан чиқди. Энциклопедияда номи Абдулла Қодирий асарларида тилга олинган, илмий-мемуар асарларида “Ўткан кунлар” муаллифи тўғрисида бирор адабий-биографик маълумот берган 250 дан зиёд ўзбек, рус, татар ва қозоқ миллатларига мансуб адиб замондошлари тўғрисида мақолалар берилган. Ўйлайманки, бу нашр ушбу миллатпарвар адибимиз тўғрисидаги тасаввуримизни бойитибгина қолмай, бошқа улуғ ёзувчиларимиз, фан ва маданиятимиз арбоблари тўғрисида ҳам шундай ишларни амалга оширишга туртки беради.
Баҳор ойларида ҳаётимни издан чиқариб юборган хасталик жадид адабиётининг асосчиси Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳақидаги рисоламни тугатиш имконини бермади. Шояд, янги йилнинг бошларида шу рисолага нуқта қўйсам.
— Газетхонларимиз сизни фаол адабиётшунослардан бири, Чўлпон, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Шайхзода, Миртемир, Зулфия, Усмон Носир ва бошқа ёзувчилар тўғрисидаги маърифий романларнинг муаллифи сифатида яхши билади. Аммо сизнинг қачон, қаерда ва қандай оилада дунёга келганингиз аксарият газетхонлар учун номаълум. Уларда “Чўлпон ёки Шайхзода тўғрисида маърифий роман ёзган Наим Каримовнинг ўзи қандай одам?” деган савол туғилиши табиий.
— Мен 1932 йилнинг қаҳратон қишида Тошкент шаҳрида, Эски шаҳарнинг “Кесакқўрғон” маҳалласида дунёга келганман. Маҳалламизда каттагина масжид бўлган. Бобом шу мадрасанинг имоми эканлар. Сидқий Хондайлиқий деган машҳур хумсонлик шоир шу мадрасада таҳсил олган экан. Бобомдан икки қиз ва уч ўғил қолган. Бу ўғиллардан бири молия ходими, иккинчиси математика, учинчиси — менинг дадам эса физика муаллимлари бўлган. Математик амаким Боку шаҳрида таълим олгани учун озарбайжон шоир ва ёзувчилари ижодини яхши билган. Дадамнинг кутубхоналарида Абдулла Қодирий, Садриддин Айний, Ойбек асарлари қаторида озар шоирларининг асарлари ҳам бўлган.
Дадам Фотиҳ Каримов 30-йиллардаги ўзбек зиёлиларининг олдинги қаторида деб эътироф этилган. У киши ва ўртоқлари бир-бирларининг уйларига тез-тез бориб туришарди. Дўстлар меҳмондорчилик пайтида фақат дастурхонга ҳурмат билдирибгина қолмай, патефон қўйиб, ўша йилларда машҳур бўлган хонандаларнинг пластинкага ёзилган ашулаларини, чолғу куйларини мириқиб тинглаган, адабиёт ва санъат оламидаги янгиликлар ҳақида суҳбатлашиб, том маънода маданий ҳордиқ олган. Улар даврасига баъзан хушовоз кишилар ҳам қўшилиб қолар ва “мажлис аҳли” “жонли қўшиқлар”ни тинглаб, сел бўларди.
Ўша даврларда ўзини зиёли ҳисоблаган ҳар бир киши оиласи билан якшанба кунларида “Пушкин боғи”га бориб, яшил хиёбонларда сайр қилар, “Ҳамза” театрининг ҳар бир премьерасига бориб, улуғ артистларнинг санъатларидан эстетик завқ олиб, маданий ҳаёт кечирарди. Шундай сайр ва премьералардан биз, болалар ҳам четда қолмас эдик.
Хуллас, каминага дадамнинг физика муаллими сифатидаги фаолиятидан кўра, зиёли сифатидаги ҳаёти санъатга яқин гуманитар фанлардан бирини танлашимга сабаб бўлган.
Яна бир-икки омил бор. Дадам Ойбек ва унинг рафиқаси Зарифахоним таҳсил олган Таълим ва тарбия билим юртида ўқиган. Ойбек ўқувчилик йилларидаёқ адабий истеъдоди ва инсоний фазилатлари билан бошқалардан ажралган бўлса керак, дадам “Навоий” романи муаллифини жуда ҳурмат қиларди ва адибнинг ҳар бир асарини сотиб олиб ўқирди. Дадамнинг дўстларидан бири, таниқли ношир Лутфулла Муродов Ғафур Ғуломга куёв қатори эди, шу ҳол дадамнинг Ғафур Ғулом билан ҳам яқин алоқада бўлишига сабаб бўлган. Аммамнинг ўғли Маҳмудали Юнусов эса нозиктаъб адабиётшунос бўлиб, уйларида адабий баҳслар тез-тез ўтказилиб турарди. Ўрта мактабдаги адабиёт ўқитувчиларим Муршида Икромова билан Наби Нурмуҳаммедов ҳам каминада адабиётга бўлган меҳрнинг кучайишига ўз ҳиссаларини қўшган. Хуллас, олий ўқув юртига ўқишга кираётганимда, адабиётдан бошқа бирор соҳа мени ўзига жалб этмаган.
— Сиз 30-50-йиллардаги ҳаёт саҳифаларини шундай тасвирлаяпсизки, гўё совет давлатининг қатағон қиличи ўша даврларда қинида занглаб ётгандек. Ахир ўша даврларда жуда кўп зиёлилар, жумладан, педагоглар ҳам қатағон жабрини тортган. Ўқиган манбаларимизга қараганда, улардан бирортаси ота-онаси, фарзандларининг бағрига қайтиб келмаган. Уларнинг қариндош-уруғлари, шогирдлари ҳам кўп жабр-ситам чеккан экан, бу айни ҳақиқатми?
— Тўғри. Дадамни ҳам НКВД идорасига кўп чақиришган, фалончи тўғрисида, пистончи тўғрисида маълумот бермасанг, ўзинг ҳам қамаласан, деб бир эмас, бир неча марта дағдаға қилишган бўлса керакки, 50-йиллар бошидаги қатағондан кейин дадамнинг асаблари ниҳоятда бузилиб, юраклари тез-тез оғриб, хуруж бериб турган. Бу бутун бир халқнинг бошига тушган қонли савдо эди. Лекин нима бўлганда ҳам инсон қора ўтмишни унутмаган ҳолда яхши инсонларни ва яхши воқеаларни эслаб яшаши лозим. Зеро, бу дунёда одамзоддан фақат яхши ном ва яхши амаллар қолади...
— Тақдир сизга “Шаҳидлар хотираси” хайрия жамғармасига биринчи раис, “Қатағон қурбонлари хотираси” музейига биринчи раҳбар бўлиш ва мазкур музейнинг барпо бўлишига, қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш ишига муҳим ҳисса қўшиш имконини берди, аслида бу ҳам бир иноят ва яхшилик учун очилган кенг ва катта дарвозадир, шундай эмасми?
— Ҳақ сўзни айтдингиз. Бу ишлар шахсан менда масъулият туйғусини оширди. Шунингдек, менга бегуноҳ аждодлар хотираси олдидаги муқаддас бурчни чуқур тушуниш ва шу йўналишда амалий ишларни бажариш истагини уйғотди. Ўйлайманки, агар мен аксар дўстларимдан бир-икки кўйлакни ортиқ йиртиб, ҳали ҳам яшаётган бўлсам, бу Худонинг шу қутлуғ йўлда қилган ишларим учун менга кўрсатган илтифоти ва сиз айтгандай, буюк иноятидир. Мен шу илтифотга арзийдиган ишларни қилиш ва шу илтифотга арзийдиган маърифий асарларни ёзиш мақсадида яшаяпман. Аллоҳ умр берса, келажак авлод учун ёзиб қолдирадиган битикларим бениҳоя кўп. Қисқароқ қилиб айтадиган бўлсам, ўз жонини она Ватан ва шу муқаддас замин учун, халқ фаровонлиги ва бахту саодати учун қурбон қилган аждодларимиз ҳақида ёзадиганларим жудаям кўп!
— Бир суҳбатингизда таниқли ёзувчиларимиздан бирининг жамғарма қошидаги комиссияга аъзо бўлгани ва шу комиссиянинг аъзоси сифатида қатағон қилинганлар тақдирини ўргана бошлагани, аммо кунларнинг бирида, уларнинг кўз ёшлари тўкилган ҳужжатларни кўриб: “Наим ака, мен бу ерда ишлай олмас эканман”, деб узр сўраб, кўнгли тўлиб, архивхонадан чиқиб кетганини айтиб берган эдингиз?
— Ҳа, шундай воқеа бўлган! Темир сандиқларда сақланган, шу пайтгача ҳеч кимнинг кўзи тушмаган “дело”лар билан танишиш учун аслида каттагина юрак керак бўлади. Чунки уларни ўқиш жараёнида юрагингга ниналар санчилиб, қон оқаётгандай оғриқли ҳолатга тушмасликнинг иложи йўқ. Энг қаҳри қаттиқ одамнинг ҳам қалби бир яралангандай таассурот қолдириши шубҳасиз. Бегуноҳ одамларнинг, айбсиз айбдор бўлишига доир сўзларни ким ҳам шунчаки ўқий оларди. Сўнгги вақтларда ўзимнинг ҳам шундай ҳолга тушиб қолаётганимнинг сабаби ўша “дело”лардаги кўз ёшларини симирганимдир...
— Қатағон қурбонларининг аксарини қамаш учун қўшнисининг ёки хизматдошининг икки энлик хати етарли бўлган. Улар маҳбусни мажбурлаб, “халқ душмани” экани иқрорномасига имзо қўйдириб олган эканлар?
— Бир воқеани айтиб берай. Абдулла Қодирий билан бир камерада ётган ва НКВД зиндонидан тирик чиққан маҳбуслардан бирининг айтишича, адиб узоқ вақтгача қуруқ туҳматлардан иборат баённомаларга қўл қўйишдан бош тортган. Шундан кейин ярим кечада ухлаб ётган маҳбусни олиб чиқиб, унга ухлаш имконини бермай, тикоёқ қилиб қўйиб, қарийб эрталабгача тергов қилишган. Бир неча кун давомида такрор ва такрор шундай жазони бошидан кечирган маҳбус оёғи шишиб, юролмай қолади. Агар у шундай қийноқларга ҳам дош берса, қийноқнинг ҳали фашистлар ҳам ўйлаб топмаган бошқа усуллари ҳам қўлланган. Рауф Бойжонов деган туркистонлик ўқитувчининг айтишича, Абдулла Қодирий азобли қийноқлардан кейин озиб-тўзиб, қийиқчага солиб кўтариш мумкин бўлган даражага келиб қолган. Аммо у шундай қийноқларга қарамай, ўзига қўйилган айбни ҳам бўйнига олмаган, бошқаларга ҳам қарши кўрсатма бермаган. Маҳбусларнинг бундай мардлик намуналарни кўрсатганларини терговчининг муомаласидан, бир тергов билан иккинчи тергов ўртасида кечган узоқ вақтдан билиш мумкин.
— Қатағон қурбонлари асарларида тасвирланган ёки тергов материалларидан олинган қандай реал воқеаларни эслаб, уларга нисбатан ҳурмат туйғуларини туйиб юрасиз?
— 1937 йилда “халқ душмани” бўлганликда айбланиб қамалганлар орасида Чўлпон ҳам бор эди. У том маънода зиёли киши эди. Зиёли кишилар эса қамоқхонага тушиши билан адойи тамом бўлган. Чўлпонни ҳам қаттиқ қийнашган. Кунларнинг бирида камера ҳавосини янгилаш учун маҳбусларни қамоқхона ҳовлисига олиб чиққанларида, маҳбусалар орасида, агар янглишмасам, Ғози Юнуснинг рафиқаси Хадича аяни кўриб қолган. Ўзи оғир бир аҳволда бўлган шоир Хадича аяга далда бериш, унда бундай кунларнинг ўтишига ишонч уйғотиш учун хат ёзиб, инсонлик қиёфасини йўқотмаган назоратчи орқали хатни аёллар камерасига етказишга эришади. Чўлпоннинг: “Сизлар рус декабристларининг хотинлари сингари қаҳрамон аёлларсиз. Келажакда ўзбек халқи декабрист аёлларни улуғлаётган рус халқидек, сизларни ҳам улуғлайди, сизлар ҳақингизда ўнлаб шеърлар, достонлар, романлар ёзади. Бардам бўлинг, азизлар!” деган маънодаги хат шу куни қўлдан-қўлга ўтиб, маҳбусларда озодликка, яхши кунлар келишига бўлган ишончни уйғотиб юборади.
Яна бир воқеани нақл қилишни истардим. Фитрат ХХ аср бошларида бир гуруҳ бухоролик ёшлар билан бирга Туркияга ўқишга борган. Кунларнинг бирида Туркияга бир япон велосипедчиси келади. У дунё бўйлаб саёҳат қилиш учун ведосипедда йўлга чиққан экан. Фитрат газетадаги шу ҳақдаги хабарни ўқиши билан Истанбулдаги япон спортчиси жойлашган меҳмонхонага бориб, уни топади ва узоқ суҳбатлашади. Велосипедда дунё бўйлаб саёҳатга чиққан япон йигитининг на ҳамроҳи, на озиқ-овқати, кийим-кечак, қошиқ-пошиқ солинган чемодани бор эди. Фитрат шу ҳолатни кўриб ажабланади. У: “Сиз-ку ҳозир мусулмон мамлакатларига шу аҳволда бориб, дунё бўйлаб саёҳат қиляпсиз. Сизнинг бахтингизга, мусулмон халқлар мурувватли бўлади. Қаерга борсангиз, оч-яланғоч қолмайсиз. Аммо насоролар яшаётган мамлакатларга борсангиз қийналиб қоласизми, деб қўрқаман”, дейди Фитрат. Япон спортчиси эса эшик ёнида турган велоспедини кўрсатиб: “Ана, кўряпсизми, велосипедимдаги Япониянинг байроқчасини? Шу байроқчани кўрган одамзод мусулмон бўладими ё насоро бўладими, шу байроқ ҳурматига мени оч-яланғоч қолдирмайди”, дейди ишонч билан.
Япон йигити билан бўлган учрашув, унинг учрашув чоғида Япониянинг тилсимли байроқчаси ҳақида айтган сўзлари Фитратга қаттиқ таъсир қилади. Орадан бир қанча йиллар ўтганидан кейин ҳам у шу учрашувни эслаб, ўзбек халқи ҳам бутун дунё халқлари ҳурмат қиладиган давлатни барпо эта оладими, ўзбек йигити ҳам велосипедига давлат байроқчасини илиб, дунё бўйлаб сафарга чиқадиган кунлар келадими, деган саволлар билан яшади. Бугун биз: “Устоз Фитрат домла, сиз орзу қилган кунлар келган!”, деб унинг руҳини қувонтиришимиз мумкин.
— Жуда ажойиб воқеа экан. Қалб қўрингизда бундай воқеалар оз бўлмаса керак... Келинг, энди бошқа даврга, бошқа мавзуга ўтсак. Сиз филология фанлари доктори, академиксиз. Бу илмий унвонларга адабиётшунос олим сифатида қилган хизматларингиз туфайли эришгансиз. Биз билган асосий асарларингиз, ўзбек ёзувчиларининг ҳаёти ва ижодига бағишланган. Сизнинг кўз олдингизда Ойбек ва Ғафур Ғуломлар авлоди, улардан кейин Шуҳрат ва Саид Аҳмадлар авлоди ҳам бу кўҳна оламни тарк этди. Улардан кейинги авлод эса сийраклашиб қолди. Бугунги адабий авлод ўз олдида турган довонларни забт эта олармикан?
— Мен ҳам адабиётимизнинг эртанги кунини, Эркин Воҳидов ва Абдулла Ориповдан кейинги адабий авлодлар ҳақида кўп ўйлайман. Ҳозир адабиётимиз майдонида Эркин Аъзам, Сирожиддин Саййид, Усмон Азим, Шароф Бошбеков, Хуршид Дўстмуҳаммад, Шойим Бўтаев, Назар Эшонқул, Эшқобил Шукур, Улуғбек Ҳамдам, Исажон Султон, Қўчқор Норқобил сингари шоир ва ёзувчилар жавлон урмоқда. Уларнинг энг яхши асарлари ҳали ёзилмаган бўлиши мумкин.
Лекин бу авлод ўзбек адабиётига янги ҳаво, янги тўлқин, янги тасвир усулларини олиб кириб, миллий адабиётимизни бойитди. Бу ёзувчилар яшаган давр қандай мафкуравий давр бўлмасин, яхши томонлари жуда кўп. Булар, китобхонлар армиясининг кўплиги. 100 минг нусхада чиққан роман икки-уч кунда сотилиб кетарди. Бугун романларнинг адади 3-5 мингдан ошмаяпти, назаримда. Етарли даражада китобхони бўлган ёзувчининг ҳар икки-уч йилда биттадан роман ёзиб ташлаши ҳеч гап эмасди. Булар — қалам ҳақининг оилавий-маиший муаммоларни ҳал қилишга етарли бўлгани. Булар, испан, француз, инглиз, немис, ҳинд, араб сингари жаҳон халқлари адабиёти энг яхши намуналарининг рус тилига таржима қилиниши ва улардаги янги бадиий-услубий жилоларнинг ўзбек адабиётига кириб келиши. Булар — адабий алоқалар, адабиёт билан санъат турлари ўртасидаги ижодий ҳамкорлик ва булар — ижодий сафарлар. Агар шу масалалар ҳал этилса, социалистик реализм занжирларидан қутулган ўзбек ёзувчилари миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳи билан суғорилган, бадиий юксак асарларни яратиб, адабиётимиз байроғининг янги чўққиларда ҳилпираб туришига ўз ҳиссаларини қўшадилар, деб умид қиламиз.
— Адиблар хиёбони янги ёзувчиларнинг ҳайкаллари билан тўлади, денг?
— Албатта. Келаётган янги адабий авлод орасидан янги даврнинг Абдулла Қодирийлари, Чўлпонлари, Ойбеклари, Ғафур Ғуломлари, Асқад Мухторлари, Эркин Воҳидовлари, албатта, чиқади. Уфққа бир қаранг: анави юлдуз Чўлпонга ўхшайди-я!..
"Янги Ўзбекистон" мухбири Гулчеҳра Дурдиева суҳбатлашди