Президентимизнинг 11 март куни имзолаган «Йилқичилик ва от спортини янада ривожлантириш ҳамда замонавий бешкураш ва поло спорт турини оммалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорини ўқиб, мамнун бўлдик.
Айни пайтда беихтиёр Тоғай Муроднинг шу машҳур асари хаёлимизда жонланди. Чунки бизнинг заминда азал-азалдан отга инсоннинг содиқ ҳамроҳи сифатида муносабатда бўлинган. Шу боис, тўйлар кўпкарисиз ўтмаган, от спорти яхши ривожланган. Бугун ҳам халқимизнинг отга меҳри бўлакча. Кейинги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан йилқичиликни ривожлантириш, от спортини оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳам бежиз эмас. Зеро, отларда Аллоҳдан ато этилган ақл, чирой ҳамда сирли иноят бор, дейишади.
Ўзбекистон йилқичилик ва от спорт федерацияси бош котиби Нодирбек ИБРАГИМОВ билан суҳбатимиз мамлакатда от спортини ривожлантириш, соҳадаги янгиликлар хусусида бўлди.
— Кейинги 3-4 йилдан буён юртимизда йилқичиликни ривожлантиришга, от спортини оммалаштиришга эътибор кучайди. Бунинг учун давлатимиз раҳбарига катта миннатдорлик билдирамиз. Чунки ҳамма мамлакатларда ҳам от спортига бу даражада эътибор берилмайди, — дея суҳбатимизни бошлаб берди Н.Ибрагимов. — Президентимизнинг 2017 йил 15 июндаги «Ўзбекистон Республикасида йилқичилик ва от спортини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан соҳада туб ўзгаришлар бўлди.
Кечаги «Йилқичилик ва от спортини янада ривожлантириш ҳамда замонавий бешкураш ва поло спорт турини оммалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори эса бу борадаги ишларни янада жадал давом эттиришга ҳуқуқий замин яратади.
Агар мумкин бўлса, суҳбатимиз аввалида ана шу қарор билан олдимизга қўйилган вазифалар ва амалга оширишимиз керак бўлган чора-тадбирлар ҳақида айтиб ўтсак-да, кейин бошқа саволларингизга жавоб берсак.
— Жуда яхши.
— Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг кечаги қарори мамлакатда йилқичилик ва от спортини янада ривожлантириш, бешкураш ва поло спорт турини оммалаштиришда янги даврни бошлаб бериши билан ҳам аҳамиятлидир.
Таъкидлаб ўтилган Қарорга кўра, ҳар бир олимпия захиралари коллежида от спорти бўлимлари ташкил этилади. Қашқадарё, Сурхондарё, Тошкент, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида от спортини ривожлантириш, наслли ва зотдор отларни кўпайтириш мақсадида кўп тармоқли спорт мажмуалари давлат-хусусий шериклик асосида барпо этилади.
Қашқадарё вилояти республикада от спортини ривожлантириш бўйича етакчи ҳудуд сифатида белгиланди. Бу ҳам бежиз эмас. Чунки от спорти ва от фалсафаси билан боғлиқ азалий қадриятлар айнан шу ҳудудда кўпроқ сақланиб қолган. Бундан ташқари, бу вилоятда от спортини ривожлантириш бўйича инфратузилма ҳам етарли. Кенг яйловлар кўп.
Қарорда от спортига ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар ҳамда республика олий спорт маҳорати мактабларида ноёб зотдор спорт отларини кўпайтириш учун Давлат бюджетидан уч йил давомида 5 миллиард сўмгача маблағ ажратилиши кўзда тутилган. Шунингдек, Қуролли Кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жисмоний тайёргарлик машғулотларига босқичма-босқич от спорти ҳамда замонавий бешкураш ва поло спорт турлари киритилади.
Давлат-хусусий шериклик асосида, юридик шахс мақомига эга бўлган Наслли, спорт ва тозақонли отларни етиштириш ва кўпайтириш бўйича инновацион селекция-генетика маркази ташкил этилади. 2021 йил 1 апрелдан «зоотехник», «ветеринар-шифокор», «фельдшер-ветеринар», «уста-чавандоз», «от парваришловчи», «тақачи» мутахассисликлари учун шифокор, ҳамшира, тренер ва спортчиларга тенглаштирилган даражада ойлик маошлар тўланади.
2025 йил 1 январгача Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси ҳамда унинг аъзолари мол-мулк, ер солиғи ва қишлоқ хўжалиги ерлари учун ер солиғидан, ипподромлар, от спорти клублари ва спорт мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун олиб келинадиган, республикамизда ишлаб чиқарилмайдиган инвентарлар, спорт отлари, наслли маҳсулотлар, озуқалар, ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчалар, витаминлар, ускуналар, материаллар божхона тўловларидан (ҚҚС ва божхона йиғимидан ташқари) озод этилади.
Энди бевосита шу кунга қадар қилинган ишлар ҳақида қисқача тўхталсак. Қашқадарё вилоятида Қорабайир зотли отларни кўпайтириш ва парваришлаш мажмуаси қурилди. Ҳозирда бу ерда 400 бошдан зиёд Қорабайир отлари парваришланмоқда, селекция ишлари олиб борилмоқда.
Тошкент вилояти Ахалтака зотли отларни кўпайтиришга мўлжалланган “Oʼzbegim Otlari” МЧЖ от заводи фаолияти йўлга қўйилди. Фарғона вилоятида «Водий тулпорлари» от спорти мажмуаси очилди. Бу ерда ҳам Қорабайир зотли отлар сони 60 дан ошди.
— Мутахассис сифатида бугун мамлакатда от спорти истиқболига қандай қарайсиз? Нималарга эътибор қаратишимиз керак, деб ўйлайсиз?
— От спорти бўйича жаҳон ареналарида байроғимизни баланд кўтариш учун қиладиган ишларимиз жуда кўп. Лекин мустаҳкам базага эгамиз. Бу ота-боболаримиздан мерос бўлиб келаётган отга муносабатда, меҳрда намоён бўлади. Биласиз, қадимдан отлар нафақат спортда ёки улоқ-кўпкарида, балки ҳаётимизда муҳим ўрин тутган. Хўжалик ишларида от меҳнатидан унумли фойдаланилган. Ҳозир ҳам шундай.
Кейинги йилларда ёшларни от спортига жалб қилиш бўйича ишлаяпмиз. 9-13 ёшли ўғил-қизларни спорт мактабидаги отлар билан таништириб, қизиқишини оширишга ҳаракат қиляпмиз. Бу жараёнда селекция ишларини ҳам бажарамиз. Яъни иқтидорли болаларни танлаб олиб, улар билан доимий шуғулланишни йўлга қўйганмиз. Асосий мақсадимиз моҳир чавандозлар тайёрлаш.
Очиқ айтиш керак, бугун етакчи спортчиларимиз асосан катта ёшлиларни ташкил этади. Улар орасида 40-50 ёшли спортчилар ҳам бор. Албатта, улар жуда тажрибали, моҳир спортчи. От билан ишлашни яхши билади, ютуқлари ҳам арзигулик. Лекин ҳаёт талаби ўзгариб туради. Шу маънода, ёшлардан умидимиз катта.
— Демак, от спортида ҳам ёш билан боғлиқ муаммолар бўлади.
— Бундай хулосага келиш нотўғри ёндашув бўлади. Аслида от спорти шундай ноёб спорт турики, у билан шуғулланиш учун ёш чегараланмаган. Спортчилар сафини ёш иқтидорлар билан тўлдириш эса давр талаби.
Ўрни келганда айтиб ўтмоқчиман, от спортида гендер тенглик таъминланган. Бунда хотин-қизлар ҳам эркаклар билан ёнма-ён, ҳеч қандай қийинчиликларсиз от спорти билан шуғулланиши мумкин. Улар бугун халқаро миқёсдаги нуфузли мусобақаларда эркаклар билан басма-бас ўз иқтидорини намойиш этяпти.
— От спорти бўйича Олимпиада ўйинларида иштирокимиз сусайгандек, назаримизда. Бунга сабаб нима?
— Кўп йиллар Ўзбекистонда от спортига эътибор қаратилмай келинди. Оқибатда, моддий-техник база эскирди, спортчи отлар камайиб кетди, борлари ҳам қаровга муҳтож бўлиб қолди, спортчиларимизни рағбатлантириш тизими ишламади, асосан, ҳомийлар қўлига қараб қолдик.
Яна такрор айтамиз: бизда тарихий қадриятлар асосида кучли база бор. Биргина Тошкент шаҳридаги от спортига ихтисослаштирилган Республика олий спорт маҳорати мактабини оладиган бўлсак, бу мактабга 1930 йилларда асос солинган. 1950 йиллардан бошлаб ўзбек спортчи-чавандозлари шу ерда шуғулланишни бошлаган ва спартакиадаларда қатнашиб, кўп маротаба биринчиликни қўлга киритган. Чавандозларимиз Олимпиада ўйинларида ҳам муваффақиятли иштирок этган. Улардан бири Мамажон Исмоиловни, унинг халқаро миқёсдаги ютуқларини бугун ҳам юртдошларимиз яхши эслайди.
Тўрт йилдирки, вазият ижобий томонга жиддий ўзгарди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатда йилқичилик ва от спортини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қарата бошлади. Сиз билан суҳбатимизга асос бўлиб турган қарорлар қабул қилинди. Соҳанинг моддий-техник базаси мустаҳкамланди, ҳар бир ҳаракатимизнинг молиявий асослари белгилаб берилди. Ишонамизки, бу каби шароитлар, имкониятлар ўз самарасини беради. Спортчиларимиз нафақат жаҳон чемпионатларида, балки Олимпиада ўйинларида ҳам юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилади.
— Гап халқаро мусобақалар ҳақида кетганида, бевосита миллий терма жамоа таркиби билан қизиқилади. Бугун от спорти бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг таркиби, салоҳияти қанақа? Спортчиларимизнинг тайёргарлик ҳолатини қандай баҳолайсиз?
— Миллий терма жамоамиз таркиби ҳар йили янгиланади. Яхши кўрсаткичларга эришган спортчилар жалб этилади.
Таъкидлаш жоизки, биз Олимпиада ўйинларида от спортининг учта тури конкур — тўсиқлардан сакраш, от йўрттириш ва учкураш бўйича қатнашамиз. Кейинги ўн йилларда Ўзбекистонда тўсиқлардан сакраш турига катта эътибор берилган, от йўрттириш ва учкураш бироз аҳамиятсиз қолган эди. 2019 йилдан биз бу икки спорт турини ҳам ривожлантиришни бошладик. Мана энди бешкураш ва поло спорт тури билан ҳам мунтазам шуғулланамиз. Ўйлаймизки, ҳар бир спорт тури бўйича 2021-2022 йилларда бўлиб ўтадиган халқаро мусобақаларда яхши натижа кўрсатамиз.
— От спортини қиммат спорт тури, дейишади. Шу гап рост бўлса, от спортини, федерация фаолиятини ривожлантириш учун катта маблағ керак бўлиши табиий. Айтайлик, мусобақаларга отларни олиб бориш, уларни озиқлантириш, парвариши каби масалалар ҳам харажат талаб қилади. Бизда бу маблағ қандай шаклланади ва етарлими?
— От спорти ҳақиқатан ҳам қиммат спорт тури ҳисобланади. Чунки унда иккита спортчи, иккита атлет иштирок этади. Бири чавандоз бўлса, иккинчиси спорт оти. Спорт отларининг ҳам ўз даражаси, рейтинги бор. Шунга қараб нархи ҳам ошиб кетаверади. Кейин, албатта, отни парваришлаш, ем-хашаги, алоҳида рациони бўлади. Спорт отларини ҳар ойда тақалаш керак. Доимий ветеринария хизмати кўрсатилмаса ҳам бўлмайди. Буларнинг ҳаммаси маблағ талаб қилади.
Бундан ташқари, чет давлатларда бўладиган мусобақаларда иштирок этиш учун отни олиб бориш логистикаси бор. Отлар яқин давлатларга махсус машиналарда етказилади, лекин мусобақа манзили узоқ бўлса, самолётда олиб боришга тўғри келади. Бунга ҳамма авиаташувчилар ҳам кўнавермайди, кўнганлари эса қиммат нарх белгилайди.
От спортини қиммат спорт тури, дедик. Нимага? Масалан, битта спорт оти учун бир ойда камида 3,5-4 миллион сўм пул сарфланади. Қолаверса, отнинг касал бўлиши бор. Нотўғри ем-хашак, камроқ ёки совуқроқ сув берилса ёки машғулотдан кейин совитмасдан, чўмилтирмасдан жойига олиб кирилса, албатта, касал бўлади ва уни даволаш жуда қимматга тушади.
— От одам психологиясини сезади, дейишади. Шу ростми?
— 5-10 дақиқа отлар ҳаракатини кузатиб турсангиз ўзингизни енгил ҳис қиласиз, кайфиятингиз ҳам кўтарилади. Отларнинг ўзига хос хусусиятлари жуда кўп. Шулардан бири иппотерапия — от билан даволаш. Бу, асосан, асаб, ҳаракатланиш тизимида нуқсони бўлган ёш болалар учун жуда фойдали.
Отларнинг одамга нисбатан тана ҳарорати иссиқроқ бўлади. Шу боис, иппотерапияда от ва одам эгарсиз ҳаракатланади.
От минганда инсон организмидаги барча мушаклар ишлайди. Сезиш қобилияти ошади. Шунинг учун бошқа йўналишдаги спортчилар ҳам от миниш учун келиб туради.
Отга яқинлашганингизда, у сизнинг феъл-атворингизни сезади. Қатъийлигингиз, қўрқувингиз борми-йўқми билиб олади ва шунга яраша хулоса чиқаради. Масалан, тўсиқлар оша югуришда майдонга тушганингизда сизда қатъиятсизлик ёки қўрқув бўлса, от тўсиқлардан ўтмайди.
Баъзи мусобақаларга чавандозларимиз отсиз боради. У ерда қуръа ташланади ва тасодифий танланган отлар эгалланади. Шунда чавандоз ҳам жуда яхши психолог бўлиши керак. Қисқа фурсатда отни тушуниб, у билан «келишиб» олиши жуда муҳим.
— Ўзбекистон бугун қайси мамлакатлардан спорт отларини сотиб олади? Экспорт ҳам қиламизми?
— Дунё миқёсида оладиган бўлсак, ҳар ўн йилликда тенденция ўзгараётганини кўриш мумкин. Агар ўтган асрнинг 60-70 йилларида от спортида кўпроқ Ахалтака зотли отлар ишлатилган бўлса, бугунги кунда кўпроқ Европанинг иссиқ қонли отларидан фойдаланилмоқда. Хусусан, немис отлари кўпроқ ишлатилмоқда.
Биз кўпроқ Германиядан, шунингдек, Россия, Украина, Беларусдан ҳам спортчи отлар сотиб оламиз.
Экспорт ҳам яхши йўлга қўйилган. Кўпроқ Афғонистонга сотамиз. Чунки бу мамлакатда кўпкари, от пойгаси каби мусобақалар кўп ўтказилади. Шу боис, улар кўпроқ улоқчи отларни сотиб олади. Ҳали аниқ статистик маълумотни олмадик, лекин тахминимизча, бизда экспорт импортдан кўра кўпроқ.
— Четдан олиб келинган отларни Ўзбекистонда кўпайтириш имкони бўладими? Яна бир савол, масалан, Германиядан олиб келинган отлар неча йил хизмат қилади?
— Отлар 16-18 ёшгача спортда хизмат кўрсатиши мумкин. Албатта, кўпроқ хизмат қилган ҳолатлари ҳам бўлади. Спортдан чиққандан кейин, агар бия бўлса, насл олиш масалалари кўриб чиқилади.
— Бугунги кунда Ўзбекистонда от спорти билан қанча киши шуғулланади?
— Миллий терма жамоамиз таркибида 100 га яқин спортчи бор. Улар мунтазам шуғулланадиган, профессионал спортчилар. Умуман олганда эса, 800-900 нафар ҳамюртимиз от спорти билан шуғулланади.
— Кейинги йилларда спорт ва туризм уйғун ривожланмоқда. Бу борада от спортининг имкониятлари қанақа?
— Ота-боболаримиз от миниб, моҳир чавандоз эканини намойиш этгани ҳақида айтдик. Шу маънода биз от ва от туризми бўйича катта тарихий бойликка, имкониятга эгамиз.
Бир, неча йил олдин Халқаро от спорти федерация делегацияси, Россия, Швейцария, Бельгия, Қирғизистондан мутахассислар келганида, уларни Самарқандга олиб бордик. Уларга тарихий обидалар, Амир Темур, Мирзо Улуғбек каби боболаримиз ҳақида маълумотлар бердик.
Улар, албатта, тарихий масканларимиз, буюк аждодларимиз ҳақида китобларда ўқиган, телевизорда кўрган ёки интернет орқали танишган бўлиши мумкин. Лекин ўз кўзи билан кўриб ҳайратга тушди. Ҳавасини яшира олмади. Сизлар жуда катта тарихий бойликка эга экансизлар, деб эътироф этди.
Бундан хулоса қилиш мумкин, от спорти бўйича Ўзбекистонда ўтадиган мусобақаларда иштирок этиш учун келган спортчилар, албатта, тарихий қадамжоларни кўриш, қадриятларимизни ўрганиш, қандайдир совға олишга ҳаракат қилади. Демак, туризм ривожига ҳам ҳисса қўшилади.
«Янги Ўзбекистон» мухбири
Улуғбек АСРОРОВ суҳбатлашди.