Тошкент шаҳри Чилонзор тумани маҳаллаларидаги ички йўлларнинг кейинги йиллардаги аҳволи ҳақида берилган маълумотда бунга яна бир бор ишонч ҳосил қилиш мумкин.

Чилонзор тумани ҳокимининг уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш ва ободонлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Камол Ҳамроевнинг журналистлар билан мулоқотда айтишича, кейинги йилларда маҳаллаларнинг ички кўчаларини асфальтлаш ишлари жадал бошлаб юборилган.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 14 февралдаги "Йўл хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони бу йўналишдаги ишларни янада кенгайтириш, соҳага ёндашувни тубдан ўзгартиришга асос бўлди. Чилонзорда ҳам кўп йиллардан буён аҳоли эътирозларига сабаб бўлиб келаётган ички йўлларни таъмирлаш ишлари ана шу фармон асосида бошланган.

Маълумотларга кўра, 2020 йилда туманда 120,4 минг квадрат метр йўл таъмирланган. Режада эса 120,8 минг квадрат метр бўлган. Ҳоким ўринбосари йил якунига қадар қулай об-ҳаво бўлиши билан ишлар яна давом этишини айтди.

Жорий йилнинг 1-2-чорагида тумандаги 13 та маҳалладаги ички кўчаларнинг 28 минг 835 метр квадрати асфальт қилинган. Учинчи чоракда бу кўрсаткич 16 маҳаллада 33 минг 773 метр квадратга етган. Аслида асфальт ётқизиш каттагина маблағ талаб қилади. Бу ишлар туман маҳаллий бюджети ҳисобидан амалга оширилган.

Ҳоким ўринбосаридан Президентимизнинг жорий йил 30 октябрдаги "Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида кўзда тутилган, пиёда ва велосипедда юриш учун "Саломатлик йўлаклари"ни ташкил этишга доир режалар билан ҳам қизиқдик.

Шу кунларда тумандаги Қатортол ва Ал-Хоразмий кўчаларида "Намунавий кўча" лойиҳаси асосида қурилиш-ободонлаштириш ишлари бошлангани айтилди. Ал-Хоразмий кўчасининг 3 километрли қисмини аҳоли дам оладиган сайилгоҳ кўчага айлантириш режалаштирилган бўлиб, яқинда фойдаланишга топширилади. Бу ерда сайр қилиш, спорт билан шуғулланиш учун кексалар, ёшлар ва жамоага алоҳида-алоҳида мўлжалланган жойлар бўлади.

Ички йўллар аҳволи билан танишиш мақсадида маҳаллаларда ҳам бўлдик. Манзара кўз олдингизда намоён: бир вақтлар ёмғир ёғиши билан кўлмаклар ҳосил бўлиб, лойгарчилик бошланган кўчалар бугун текис, равон ва озода.

"Шараф" МФЙ йиғини раисининг ободонлаштириш ва томорқа масалалари бўйича ўринбосари Шоҳида Хайруллаеванинг айтишича, ҳудуддаги ички йўлларнинг қарийб барчаси янгиланган. Жорий йилнинг ўзида 2,6 минг метр квадрат йўлларга асфальт, бетон қопламалар ётқизилган, 6 та замонавий болалар ўйин майдончаси қурилган.

Кўп қаватли уйларга бошловчи иккита ички йўл ҳозирча таъмирга муҳтож.

– Пандемия сабаб шу йўллар таъмирланмай қолди, – деди Ш.Хайруллаева. – Лекин кейинги йил режасига киритилган, албатта таъмирланади. Бундан ташқари, аҳолининг спорт билан шуғулланишига шароит яратиш ишларига маҳалламиз тадбиркорларини ҳам жалб қиляпмиз. Яқинда бир тадбиркоримиз билан келишув асосида бўш турган жойни унга берадиган бўлиб турибмиз. Икки қаватли иншоот қуради. Биринчи қават спорт зали бўлади. Тренажёрлар ўрнатилади. Бу ерда маҳалла аҳли, жумладан, ёшлар ва хотин-қизлар бепул шуғулланади. Иккинчи қаватда тадбиркор ўз бизнесини йўлга қўяди. Бу ҳам аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришга, ҳам янги иш ўринлари яратишга хизмат қилади.

У.АСРОРОВ, М.АБДУЛЛАЕВ (фото),

"Янги Ўзбекистон" мухбирлари