Ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида жуда кўп гапирилмоқда. Аммо айрим ҳаракат иштирокчилари огоҳлантиришларга қарамасдан йўлда юрганда бепарволик қилиб, турли кўнгилсизликларга дучор бўлмоқда. Айримларга танбеҳ берсангиз, худо асрайди, деб айбини хаспўшлашга уринади. Лекин огоҳ бўлиш кераклигини унутади.

Пиёдалар масаласи бутун дунё ҳамжамияти олдидаги энг долзарб масала. Унинг ечими йўлида анчайин хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Пиёдаларга шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Афсуски, бу ишлар ҳам пиёдаларимизни турли фалокатлардан асраб қола олмаяпти.

Мана бир мисол. Янгийўл шаҳрининг Самарқанд кўчасида жойлашган кафе олдида ташкил этилган пиёдалар ўтиш жойидан йўлни кесиб ўтаётган пиёда, 2002 йилда туғилган А.Р. тўсатдан пайдо бўлиб қолган автомобилдан ўзини ҳимоя қила олмай қолди. Тезликда келаётган, 1995 йилда туғилган ҳайдовчи Э.О. “Нексия-3” русумли транспорт воситасини тўхтатишга улгурмади. Оқибатда автомашина пиёдани уриб юборди. Турли даражадаги тан жароҳатлари олган пиёда зудликда шифохонага олиб борилди. Шифокорларнинг малакали тиббий муолажаси сабаб унинг ҳаёти асраб қолинди.

Яна бир мисол. Ҳайдовчи, 1999 йилда туғилган Ф.С. ўзининг “ВАЗ-2106” русумли транспорт воситасини “Паркент-Заркент-Сўқоқ” автомобиль йўлида бошқариб кетаётиб, ўз йўналишига нисбатан чап томондан ўнгга қараб тартибга солинмаган жойдан йўлни кесиб ўтаётган 7-синф ўқувчиси М.Ш.ни (қиз бола) уриб юборган. Натижада пиёда тан жароҳатлари олиб туман шифохонасига ётқизилди.

Ҳар иккала ҳолатда ҳам томонлар эҳтиётсизлик қилган. Пиёда "ҳайдовчини мени кўрди, тўхтайди", деб ўйлаган бўлса, ҳайдовчи, "йўл меники, пиёда  четга чиқади", деган ишончда ҳаракатланган. Оқибатда йўл-транспорт ҳодисаси юзага келган. Яхшики, бу ҳодисалар иштирокчилари ҳаётдан бевақт кўз юммади. Аммо ўзларининг эҳтиётсизликлари ва қоидалар талабларини билмасликлари сабаб азият чекмоқда.

Одатда йўл-транспорт ҳодисалари бир-неча сониялар ичида содир бўлади. Аммо унинг оқибатлари ойларга, хатто йилларга чўзилиши, ҳар икки томонга ҳам маънавий, ҳам моддий зарар етказиши мумкин. Шу сабаб йўлда асло чалғиманг, ҳурматли ҳаракат иштирокчилари.

Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ Ахборот хизмати