Жанубий Кореянинг собиқ президенти Юн Сок Ёль 2024 йил декабрь ойидаги исён иши бўйича умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Ҳукм 19 февраль куни Сеул марказий округ суди томонидан чиқарилган, деб хабар берди Yonhap.
Жиноят кодексининг ушбу моддасига кўра, фақат ўлим жазоси ёки умрбод қамоқ жазоси кўзда тутилган. Гарчи Жанубий Кореяда 1997 йилдан бери қатл этишга мораторий амал қилиб келаётган бўлса-да, прокурорлар собиқ президент учун ўлим жазосини сўрашганди.
Собиқ мудофаа вазири Ким Ён Хён ҳам 2024 йил декабрь ойидаги исён иши бўйича ҳукм қилинган. Унга 30 йиллик қамоқ жазоси тайинланган.
Юн Сок Ёль ҳозирда саккизта суд жараёнида иштирок этмоқда, улардан тўрттаси ҳарбий ҳолат жорий этиш билан боғлиқ. Бошқа бир ишда – 2025 йил январь ойида президент гвардияси ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўртасидаги қарама-қаршилик туфайли ҳибсга олишга тўсқинлик қилгани учун у шу йилнинг январь ойида беш йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.
Юн Сок Ёль 2024 йил декабрь ойида конституцияни бузган ҳолда ҳарбий ҳолат жорий этиш орқали исён уюштиришда айбланган. Хусусан, терговчилар унинг “сиёсий рақибларини йўқ қилишга” уринганига ишонишган. 2025 йил апрель ойида Конституциявий суд ҳарбий ҳолат конституцияга зид деб қарор чиқарди ва шу асосда Юн Сок Ёль ҳокимиятдан четлаштирилди, деб хабар берди tass.ru.