Нигоҳида салобат, ҳар бир сўзида тарбия, хатти-ҳаракатида намуна мужассам бўларди.
Овозини кўтариб гапирмаса-да, сўзи оилада ҳал қилувчи эди. Дунё ҳақидаги илк тасаввурни боболаримиз шакллантирган бўлса ажаб эмас. Боиси, улар айтиб берган ҳаётий ҳикоялар, шууримизга сингдирган урф-одатлар негизида ўзига хос ҳикмат ва яхшиликка чорловчи ибрат бисёр эди. Айтиб берган эртаклари ахлоқни, ҳикоялари умр ҳақиқатини, гўзал суҳбатлари эса ҳаётга муҳаббатни ўргатарди.
Бугун давр ўзгаргандек. Тўғри, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат ҳар биримизнинг қалбимизда асл ҳолича турибди. Бироқ телефон, интернет ҳамда глобал маданият ҳаётимизга шиддат билан кириб келгани, натижада турмуш тарзимиз, қарашларимиз ўзгаргани ҳам айни ҳақиқат.
Негадир ҳозирги аксарият ёшлар билимни турли платформалардан, ҳаёт ва одобни ижтимоий тармоқлардан ўрганаётгандек туюлаверади. Лекин билганлари орасида боболар ўргатадиган муомала маданияти, одоб ва ахлоқ йўқ.
Телефон пайдо қилаётган масофа
Яқинда ўзим гувоҳ бўлган бир воқеани айтиб берсам. Ёз фаслининг ҳароратли кунларида кўчага чиқдим. Ўриндиқда ўтирар эканман, нигоҳим рўпарадаги уйда яшовчи нуроний қўшним ва 12 ёшлар чамасидаги неварасига тушди. Бобо-невара уйимиз ёнидаги дўкон томон келарди. Уларни кузата туриб, дастлаб авлодлар орасидаги улуғвор риштани ҳис қилган бўлдим. Бироқ боланинг қўлидаги телефонга кўзим тушгач, дилим хуфтон бўлди. Невара экрандан кўз узмай келарди.
Шу маҳал отахон хаёл биланми бирдан қалқиб кетди ва қўлидаги ҳассаси ерга тушди. У қаддини тиклаб, атрофга бир қур назар солди. Сўнг бир оз эгилиб, ҳассани ердан олмоқчи бўлди, аммо бели оғридими, бўйни эгилмадими, ишқилиб ҳассасини ололмади.
— Болам, — деди паст овозда.
Невара бобосининг овозини эшитмади. Чол бу сафар қаттиқроқ чақирди.
— Ҳассамни олиб бер, болам!
Шундагина сал олдинроқда юриб кетаётган бола телефондан кўз узиб, бобосига қаради. Бир сўз демай юриб келди ва бефарқ ҳолича ердаги ҳассани олиб бобосига узатди. На нима бўлгани ҳақида сўради, на ҳайратланди.
Ҳассасини ердан ололмай энгашган бобонинг ҳолати ҳақида анча вақт ўйлаб юрдим. Бобо ва невара орасидаги бундай масофа кўнглимни оғритди, қўшнимнинг дилидаги озорни ҳис қилгандай бўлдим. Оддий ҳолатга айланиб улгураётган бундай воқеа ларда, эҳтимол, бола айбдор эмасдир. Унга берилаётган тарбия, оиласининг “замонавий ғамхўрлиги” сабаб ушбу вазият юзага келгандир.
Давлатимиз раҳбари бир йиғилишда бугун болаларимизни мактаб, ота-она ёки институт эмас, аксарият ҳолда қўлидаги телефон тарбиялаётгани, мобил телефон энди оддий алоқа воситаси эмас, кўпинча ёт мафкурани тарқатадиган қуролга айланаётгани, буларнинг барчаси биз учун огоҳлик қўнғироғи бўлиб янграши зарурлигини таъкидлаган эди.
Сўзларида ҳаёт, қарашларида ўгит бор эди
— Болалигимда нонуштада ҳам, кечки овқат чоғида ҳам бобом биринчи бўлиб таомга қўл чўзмагунича кутиб турардик. Бу биз учун оиладаги тартиб эмас, балки ҳурмат-эҳтиром белгиси эди, — дейди пойтахтимиздаги “Катта Қорасув” маҳалла фуқаролар йиғини раиси, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси Наима Жабборова. — Таом ейиш фақат қорин тўйдириш эмас, балки одоб-ахлоқ кўзгуси эди. Бобом гап бошласа, ҳаммамиз жим тинглардик. Унинг сўзларида ҳаёт, нигоҳида ўгит бор эди. Айнан шу дастурхон атрофида каттани ҳурмат қилиш, кичикка меҳр билан қараш, таомдан олдин ва кейин дуо қилиш, шукр айтиш каби жиҳатлар онгимизга қуйилган.
“Тирик дарсликлар”
Боболар ўгити билан улғайган неваралар она тилига, маданиятига ва халқининг урф-одатларига ҳурмат билан қарайди. Бобо ва невара ўртасидаги ришталар фақат шахсий ва оилавий алоқалардан иборат эмас, балки бутун жамиятнинг маънавий келажаги учун муҳим аҳамиятга эга.
Умр йўлимда раҳматли бобомнинг ўгитлари кўп асқотган. У билан қилган суҳбатларимиз ҳаёт сабоқлари билан тўла бўларди. Ҳовлимиздаги бирор дарахт ҳақида сўрасам, у дарахтнинг ёши, ким эккани, меваси қайси дардга шифолиги ва ҳатто унинг соясида кимлар дам олгани ҳақида ҳам гапириб берарди. Бобом фақат нимани билиш кераклигини эмас, балки нима учун билиш зарурлигини ҳам ўргатарди.
Бугунги аксарият болалар эса бу нима, у ким деган саволларни бобоси ёки ота-онасидан сўраб ўтирмайди. Нимани билмоқчи бўлса, смартфонига мурожаат қилади. Бироқ интернет бераётган жавобларда ҳаёт тажрибасию инжа тафаккур акс этармикан деган савол қийнайди кишини.
— Биз фарзандларимизга болалигиданоқ китоб ўқишни ўргатардик. Ҳар бир саҳифани бирга ўқиб, савол-жавоб қилардик. Ҳар қандай неъмат тарбия билан, масъулият билан мувозанат топсагина самарали бўлади. Бизнинг вазифамиз ёшларни илмли қилиш, улар билан доимий мулоқотда бўлиб, шахсий намуна кўрсатиш, — дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, филология фанлари доктори, профессор Муслиҳиддин Муҳиддинов. — Ёши улуғлар бола қалбига тарбияни дабдурустдан эмас, донолик билан аста-секин томчилатиб сингдириб бориш кераклигини айтади. Афсуски, бугун боболарнинг тарбиядаги иштироки камайиб, ўрнини алгоритмлар эгаллаётгандек. Ёш авлодга ижтимоий тармоқлар орқали маълумот олиш эркини ва оқимини бериб қўйдик, бироқ назоратда ушлашда сусткашлик қиляпмиз.
Ҳозирги болалар “кўп ўқи, кўп эшит” деган ҳаётий қоидани “кўп кўр”, деб тушуна бошлаган. Интернетдаги видеолар, турли трендлар, тезкор хабарлар ва ўйинлар уларни ўз қармоғига илинтириб бораётир. Минг афсуски, булар ёшларни тарбиялаш ўрнига вақтини ўғирлайди, кучини кетказади, ўзини ва ички қарашларини эътиборсиз қилиб қўяди. Боболар айтган “ўйлаб сўзла, сабрли бўл” каби ҳаётий ҳикматларни уларнинг онгидан юлиб ташлайди.
Шунинг учун, энг аввало, оилада боболар суҳбатига кўпроқ ўрин бериш керак. Кечки овқатдан сўнг дам олиш пайтида боболарни гапга тутиш, ибратли воқеалар ҳақида гаплашишни оилавий анъанага айлантириш лозим. Бунда, айниқса, ота-онанинг ўрни беқиёс.
Гуличеҳра ДУРДИЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири