Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети томонидан Чилонзор туманидаги  “Катта Қозиробод” ва унинг атрофидаги маҳалла ёшларини касбга йўналтириш, ҳунармандчилик, спорт машғулотлари, хорижий тиллар, ментал арифметика тўгараклари ҳамда университет бўш иш ўринлари бўйича меҳнат ярмаркалари ташкил этилди.  

Тадбирда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ректори Алишер Умаров, Чилонзор тумани ҳокими ўринбосари Абдураҳим Холметов, шоир Бобур Бобомурод ва маҳалла фуқаролар йиғини раислари, аҳоли ва ёшлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти бошчилигида мамлакатимизда ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилишидаги вазифалар ижроси юзасидан республикамизнинг барча олий таълим муассасаларида маҳаллалар билан ёшлар масаласида ҳамкорлик ишларини олиб бормоқда.

Тадбир давомида 27 нафар ёшлар университетнинг турли йўналишларида касб-ҳунар тўгаракларига аъзо бўлдилар. Энди улар ҳар ҳафтада икки марта университет ҳудудига келиб, касб ўрганадилар ва билим оладилар.

Кўплаб ёшлар университетнинг ўзига ишга жойлашди. Тадбир давомида 26 нафар маҳалла ёшларига мотивация берувчи психологик семинар-тренинг ташкил этилди. Ҳарбий ва спорт йўналишини хоҳловчи ёшлар учун саф тайёргарлиги бўйича тўгараклар фаолиятидан наъмуналар кўрсатилди.

Ҳозирга қадар кўплаб маҳалла ёшлари университет ҳудудида жойлашган спорт майдонига мунтазам келиб, футбол, волейбол, баскетбол, стол теннис спорт турлари бўйича мусобақаларда қатнашиб келаётган эди. Бугунги тадбирдан кейин яна 15 нафар маҳалла ёшлари университет спорт майдончасида спорт билан шуғулланадиган бўлди.