Ҳужжатларга кўра, якка тартибдаги тадбиркор бўлган, камида 20 ёшни ишга олиб, кичик корхона очган ва ўқув маркази ташкил қилган ёш тадбиркорларга 7 йил муддатга 5 миллиард сўмгача имтиёзли кредит берилади. Уларнинг бизнес ғоялари лойиҳага айлантирилади.

Шу пайтгача мавжуд шароитдан фойдаланиб, 100 йигит-қизни иш билан таъминлаган деновлик Қурбонали Казаковга янгидан янги имкониятлар эшиги очилди. Ёш тадбиркор фаолиятини 2017 йилда бошлаганди.

Айнан давлатимиз раҳбарининг ташаб­буси билан ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган «Ёшлар — келажагимиз» жамғармасидан имтиёзли кредит олиб, ишлаб чиқариш кўламини кенгайтирди.

Ҳозир автомобиль ўриндиқлари учун махсус ғилоф ҳамда гиламчалар ишлаб чиқараётган тадбиркор ўз маҳалласидаги кўплаб йигит-қизларнинг бандлигини таъминлаган. 100 дан зиёд иш ўрни очган ишбилармон янги лойиҳаларни амалга ошириш тараддудида. Бу эса яна 50 ёшнинг ишли бўлишига хизмат қилади.

— Президентимиз ёшлар билан очиқ мулоқотда таъкидлаганидек, саноат зоналаридан ипотека дастури орқали бино олаётган тадбиркорларга ускуна хариди учун 500 минг долларгача кредит ажратилади. Содда қилиб айтганда, тайёр ишлаб чиқариш майдонини олган ёш тадбиркорга имтиёзли шартларда ускуналар ҳам олиб берилади. Авваллари Хитойдан махсус техникаларни келтиргандим. Энди янаям қулай шарт-­шароит яратил­япти, — дейди Қурбонали Казаков.

Денов туманида ҳозир ёшлар тадбиркорлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. «Қўзичоқли» ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонасидаги 59 та лотда саноат ипотекаси асосида йўлга қўйилаётган лойиҳаларга ҳам асосан ёшлар жалб этилмоқда. Бунинг эвазига яқин орада бу ерда 400 га яқин иш ўрни очилади.

Соҳибқирон Амир Темурнинг «Азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз ва лоқайд кишидан афзалдир», деган гапи замирида бир олам маъно мужассам. Тадбиркор ва ишбилармон, кенг дунёқарашли ва билимли ёшлар — юрт келажаги, таянчи, мамлакат тараққиёти ва эл фаровонлигини таъминлашдаги муҳим кучлардан. Шу боис, мамлакатимизда ёш авлод таълим-тарбиясига, тадбиркорлигига алоҳида эътибор қаратиляпти.

Президентимизнинг «Сурхондарё вилоя­тида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини кенгайтириш ва янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, воҳанинг шимолий қисмида илк бор янги олий таълим муассасаси — Денов тадбиркорлик ва педагогика институти очилган эди.

Талабалар бандлигини таъминлаш бўйи­ча устувор вазифаларга бағишланган видео­селектор йиғилишида қатор топшириқлар белгилаб берилган эди. Шу вазифалар ижросидан келиб чиққан ҳолда Денов тадбиркорлик ва педагогика институтида «Карьера маркази» фаолият юритяпти.

Олий таълим муассасасининг 2024-2026 йилларга мўлжалланган истиқболли режасига кўра, замонавий марказ талабаларнинг дарсдан бўш вақтда мустақил таълим олиши, ҳунар ўрганиши, қобилият ва иқтидорини тижорийлаштириши учун имконият яратади. Бунинг учун пазандалик, тикувчилик цехлари, эркаклар сартарошхонаси, гўзаллик салони, амалий санъат тўгараги, корейс, япон, хитой, немис, турк, инглиз, итальян ва рус тили ўқув курслари мавжуд.

— Айни пайтда марказ ходимлари ҳам олий таълим муассасасида ўқиб, ҳам меҳнат қилишга эҳтиёж сезаётган мен каби талабаларнинг энг яқин кўмакчисига айланиб улгурди, — дейди Машҳура Носирова. — Марказнинг мақсади ҳам шу: иш излаётган талабаларни ярим кунлик иш билан таъминлаш, касбий ўсиши, иш берувчилар билан мулоқотини йўлга қўйишдан иборат.

Мамлакат тараққиёти кўп жиҳатдан истеъдодли ёшларни танлаш, уларга тўғри йўналиш бериш, қобилиятини ривожлантириш, интеллектуал салоҳиятини намоён этишига кўмаклашишга боғлиқ.

— «Карьера маркази» иш берувчилар ва битирувчиларни бирлаштирувчи майдонга айланади. Бугун иқтидорли ёшларни аниқлаш, таълим жараёнига илғор технологиялар, услублар ва хориж тажрибасини кенг жорий этиш эртага юрт корига ярайдиган баркамол фарзандларнинг камол топишига замин яратади, — дейди ўқитувчи Сухробжон Хидиров. — Янги бизнес ва лойиҳаларнинг пайдо бўлиши битирувчиларнинг иш билан таъминланишини осонлаштиради. Бу эса аҳоли турмуш даражасига ижобий таъсир кўрсатади.

Сурхондарё вилоятида 45 минг 947 та тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Шундан 16 минг 142 тасининг таъсисчиси, яъни 35 фоиздан ортиғи айнан 30 ёшга тўлмаган ёшлардир. Улар томонидан ҳудуддаги 1,5 мингга яқин йигит-қизнинг бандлиги таъминланган. Бугун воҳадаги 181,3 гектар майдонда 53 та кичик ва ёшлар саноат зонаси ташкил қилинган. Ушбу кичик ва ёшлар саноат зоналарида қиймати 689,1 миллиард сўмлик 488 та лойиҳа жойлаштирилган. Натижада 1871 та иш ўрни очилди.

Бандихон туманида 2024 йилда умумий майдони 27 гектардан иборат ва ўзида 120 та лотни жамлаган кичик ва ёшлар саноат зонаси фаолият бошлади.

— Кейинги йилларда Бандихон туманида ҳам хизмат кўрсатиш ва ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга алоҳида ­эътибор қаратилди. Натижада 2024 йилнинг ўзида 540 та янги иш ўрни очилди, — дейди туман камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими ­бошлиғи Ориф Муродов.

Тадбиркор Сафар Тўлаганов 100 миллион сўм билан ишга туширган корхонада ҳозир бир кунда ўртача 50-60 дона маҳсулот тайёрланяпти ва воҳадаги 5 та туманнинг ички бозорига кириб бормоқда.

— Вилоятимизда биз каби ёшларнинг интилиш ва ташаббуслари қўллаб-қувват­ланяпти. Бизнес лойиҳаларимиз молиялаштириляпти. Давлатимиз раҳбарининг яқинда ёшлар билан мулоқоти бизга янги куч ва фаолиятимизни янада ривожлантириш учун руҳ бағишлади. Энди аҳоли банд­лигига сезиларли ҳисса қўшишни янада кенгайтирамиз, — дейди Сафар Тўлаганов.

Мулоқотда давлатимиз раҳбари келажагимиз эгалари билан учрашувдан мамнун эканини таъкидлаб, ёшларни халқимизнинг олтин фонди деб атади. Шундай экан, ана шу эътирофга муносиб авлод шаклланишини даврнинг ўзи талаб этаётгани ҳам айни ҳақиқат.

Сарвар ТЎРАЕВ,

«Янги Ўзбекистон» мухбири