Эсингизда бўлса, 2020 йилнинг 30 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш масалалари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтганди. Ўшанда давлат раҳбари: “Биз бугун мактабларимизда фарзандларимизга таълим ва тарбия бериш билан бир қаторда уларга маърифат ва маънавиятни ҳам чуқур ўргатмоғимиз зарур. Бу борада жойларда яшаб ижод қилаётган ҳурматли шоир ва ёзувчиларимизни кенг жалб қилишимиз, уларнинг ижод ва истеъдодларидан унумли фойдаланишимиз лозим”, деган эди. Ҳар битта мактабда биттадан штат очилиши, уларга ижодкор ёзувчилар ишга олиниши ва ойлик тўланиши айтилди.

Ўшанда берилган ваъда эндиликда ҳужжатлаштирилди. Кейинги йил бошидан бошлаб бу амалиётга жорий қилинади. Янада аниқроқ айтаман. 2020 йилнинг 6 ноябрь куни Президентнинг “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзоланди. Унга кўра 2021 йил 1 январдан бошлаб ҳар бир умумтаълим муассасасида Ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозими жорий этилади.

Ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозимига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан тавсия этилган таниқли шоир, ёзувчи, журналист ва ижодкорлар, олий таълим муассасаларининг ижтимоий гуманитар кафедралари профессор ва ўқитувчилари жалб қилинади.

Ушбу лавозимига тайинланган таниқли шоир, ёзувчи, журналист ва ижодкорларнинг меҳнатига – умумтаълим муассасаларидаги “Ёшлар етакчиси” лавозимининг 0,25 штат бирлиги ҳисобидан ойлик берилади. Олий таълим муассасаларининг ижтимоий гуманитар кафедралари профессор ва ўқитувчиларининг меҳнатига эса – мазкур олий таълим муассасаларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ҳақ тўланади.

Табиий савол туғилади. Мактабларга жалб қилинган ижодкорларнинг вазифалари нималардан иборат бўлади? Ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар ёш авлодни маънан баркамол этиб тарбиялаш, мактаб ўқитувчилари ва фаол ўқувчиларининг ижодий ишларини кенг жамоатчиликка етказишга кўмаклашиш, турли хилдаги викториналар, мушоиралар, адабий кечалар, қизиқарли дарслар, китобхонлик ва шеърхонлик мусобақаларини ташкил этади, мактаб ўқитувчилари ва фаол ўқувчиларни жалб этиб, газеталар чоп этиши ёки ўқув масканларининг электрон сайтида мактаб ҳаётидан қизиқарли мақолалар чиқариб боради.

Ижодкорларни мактабларга бириктириш ва уларга шарт-шароит яратишни шахсан туман ва шаҳар ҳокимларининг ўзлари назоратга олади. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси бу ишларни ташкиллаштиришга амалий ёрдам беради.

Айни кунларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Халқ таълими вазирлиги ўртасида бу ҳақдаги алоҳида қўшма қарор тайёрланмоқда. Ижодкорлар, профессор ва ўқитувчиларнинг мактабларга бориб қандай вазифаларни бажаришига оид методик қўлланмалар чиқарилади.

 Президент  30 октябрдаги видеоселектрда: “Жуда катта ёзувчилар армиямиз бор. Ижобий натижани беради булар. Мен бунга ишонаман”, деган эди.

Яна саноқли кунлардан сўнг ёзувчи-шоирлар, профессор ва ўқитувчилар мактабларга қараб жўнайди. Уларга қўшилиб билим масканларига китоблар кириб боради. Маънавият, маърифат кириб боради. Янги нур, янги зиё кириб боради. Ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар Ўзбекистон келажагини ўқитишга, тарбиялашга ҳисса қўшади. Бу эса эртага ўз натижасини беришига, таълим тизими букилган қаддини кўтаришига ишонаман.

    Фозил Фарҳод,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси