Ўзгаришларни бор бўй-басти билан кўз олдимизга келтириш, теранроқ англашимиз учун кечаги кун билан бугунимизни муқояса қилиш кифоя. Ислоҳотлар қанчалик жадал бораётганини англаш учун эса, келгуси режалар ҳақида билмоғимиз зарур.
Аввало, ўтган йилги ютуқлар ҳақида тўхталсак. 2025 йил вилоят аҳли ва иқтисодиёти учун жуда сермаҳсул, баракали келди. Айниқса, 90 та энг оғир маҳалла учун тарихий йил бўлди. Жумладан, 30-40 йилдан буён сув бормаган 85 маҳаллага обиҳаёт кириб борди. Яна 154 маҳаллада 534 километрли йўл таъмирланди. Бунинг учун мамлакат бюджетидан нақд 84 миллиард, маҳаллий бюджетдан 229 миллиард сўм сарфланди. Натижада ҳудудлардаги аҳолининг турмуш тарзи жонланди.
Бир пайтлар деҳқонларнинг умри пахта даласида ўтарди. Бугун бу гаплар ўтмишда қолди. Соҳага янгича ишлаш услуби кириб келиши эвазига кам харажат қилиб, кўп даромад топишга ўтилди. Натижада ўтган йили вилоят тарихида биринчи марта 550 минг тонна пахта етиштирилди.
Ҳосилдорлик гектарига 44 центнер бўлди. Муҳими, ҳосилнинг 56 фоизи машинада терилди. Ўтган йилнинг ўзида 2,8 миллиард долларлик инвестиция ўзлаштирилди. Саноатда 182 лойиҳа ишга туширилди. Вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти охирги беш йилда бир ярим баравар ўсиб, 98 триллион сўмга етди. Қишлоқ хўжалиги 1,2 баравар, саноат 1,6 марта, қурилиш 1,7 карра, хизмат кўрсатиш 1,9 баравар ўсди.
Аҳоли сони 700 мингга кўпайди. Шунга қарамай, одам жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот 2 баробар ошди. Бундан ташқари, ўтган 5 йилда вилоятдаги солиқ тўловчи юридик шахслар 22 мингга кўпайди. Солиқ тушуми биргина 2025 йилда 26 фоиз кўпайди.
— Давлатимиз раҳбарининг ўтган йили июнда вилоятимизга ташрифи туфайли барча соҳадаги ислоҳотлар янги босқичга кўтарилди. Қўшимча штат ажратилиб, Ислоҳотлар штаби очилди. Ушбу штаб сабаб хорижлик инвесторлар, вилоят тадбиркорлари, айниқса, ёшлар билан кўпроқ мулоқот қилишга замин ҳозирланди. Мулоқотлар бизда катта имконият ва ташаббуслар борлигини кўрсатиб бермоқда, — дейди Қашқадарё вилояти ҳокими Муроджон Азимов. —
Куни кеча Президентимиз Қашқадарё вилоятида ислоҳотлар натижадорлиги ҳамда келгусида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказди. Унда “Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни янада жадаллаштириш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси юзасидан тақдимот ҳам қилиниб, қатор топшириқлар олдик. Шу куннинг ўзидаёқ тегишли тартибда чора-тадбирлар ишлаб чиқиб, режаларни белгиладик. Хусусан, жорий йил ялпи ички маҳсулотимиз 108,2 фоиз, саноатимиз 108,6 фоиз ўсиб, 56 триллион сўм бўлишини лойиҳабай ҳисоблаб чиқдик.
Шунингдек, хизмат кўрсатишда 116 фоиз, қишлоқ хўжалигида 105,8 фоиз, қурилишда 13,2 фоиз ўсиш таъминланади. Камбағаллик даражаси 3 фоизгача пасайтирилади. Бундан ташқари, 9 та туман ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудуд бўлади. Вилоятда 86 минг доимий иш ўрни очиш, 77 минг иш ўрнини “соядан чиқариш”, 343 минг кишининг даромадини ошириш ҳисобига ишсизлик даражаси 3,2 фоизгача туширилади. “Қашқадарё” эркин иқтисодий зонасида 195 миллион долларлик 26 янги лойиҳа амалга оширилади. Уларнинг дастлабкиси “Sulton Tex Group” МЧЖнинг 120 миллион долларлик мато, кийим-кечак, гигиеник воситалар ишлаб чиқариш лойиҳасидир. Бунинг эвазига 3500 та иш ўрни очилади. Лойиҳанинг иккинчи босқичида қишлоқ хўжалиги машинасозлиги бўйича тўлиқ цикл ишга туширилади. Афғонистон, Туркманистон ва Тожикистон бозорлари учун йиллик қуввати 10 мингта қишлоқ хўжалиги техникаси ва дизель мотори ишлаб чиқаришга мўлжалланган “Илмий-техник марказ” ташкил этилади. Хорижий корхона томонидан лойиҳа қиймати 40 миллион долларлик, 10 мингтагача дизель мотори ишлаб чиқариш қувватига эга мажмуа қурилади. Шунингдек, “Smes story savdo” корхонаси фиброцементли панель, девор панели ишлаб чиқаришни йўлга қўяди. Натижада 180 та иш ўрни очилади. Бу эркин иқтисодий зонада 5000 та иш ўрни, йилига
45 миллион долларлик экспорт, бюджетга 170 миллиард сўм тушум бўлади деганидир. Мазкур ишларни бажариш учун йиғилишда давлатимиз раҳбаридан зарур кўрсатмалар олдик. Вилоят, туман ва шаҳар мутасаддилари билан бирга астойдил меҳнат қилиб, барча тизимда зарур ишларни бошлаб юбордик.
Хорижга маҳсулот сотиш ҳажми икки баробар кўпайди
Соҳа вакиллари маълумотига кўра, бу йил вилоятда тармоқ корхоналари билан бирга жами 3,5 миллиард долларлик инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилади. 334 миллион долларлик 18 та йирик инвестиция лойиҳаси ишга туширилади.
Малайзия, Ҳиндистон, Япония ва Покистондан инвестиция жалб этиб, ҳамкор давлатлар сонини 20 тага етказиш режа қилинган. Экспорт ҳажми эса 1 миллиард долларга етказилади. Шунингдек, 150 та саноат корхонаси маҳсулотини экспорт қила бошлайди. Хорижга товар сотиладиган давлатлар географияси 60 тага кенгайиб, янги бозорларга, хусусан, БАА, Франция, Австралия, Ўмон ва Данияга кириб борилади. Биргина Кўкдала ва Косон туманларидаги 30 минг гектар ерда экиладиган эртапишар (долби) тарвуздан Қозоғистон, Россия, Покистон ва Афғонистонга 20 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинади.
Шу билан бирга, воҳада туман ва маҳалла дастурларига қўшимча равишда йирик инфраструктура лойиҳалари ҳам давом эттириляпти. Шаҳарсозлик ва аҳоли пунктларини ривожлантириш мақсадида жорий йил учун янги режалар белгилаб олинди. Муҳими, бу ишларга илмий ёндашилмоқда. Масалан, шу йилнинг ўзида Қамашидаги “Янги Ўзбекистон” массиви Франциянинг “Group Huit” ҳамда Буюк Британиянинг “Buro Happold Limited” компаниялари тавсияси бўйича замонавий маҳалла кўринишида қурилмоқда. Лойиҳада миллийлик ҳам ҳисобга олинган.
Бундан ташқари, Қамаши тумани марказини канализация билан тўлиқ қамраб олиш ва параллел ривожлантириш бўйича ишлар бошлаб юборилган. Бир пайтлар ушбу туманда ҳатто ичимлик сув бўлмаган. Энди канализация қурилишини эшитган аҳоли янгиланишлардан мамнун. Умуман олганда, янги Қамаши тумани қад ростламоқда.
Юксак маррали режага кўра, Деҳқонобод тумани маъмурий марказининг замонавий қиёфасини шакллантириш ҳам устувор вазифалардан. Аслида, минг йиллик тарихга эга туманда бунёдкорлик ишлари узоқ йиллар ўз ҳолига ташлаб қўйилган эди. Эътибордан четга қолиб, вақт ҳам, маблағ ҳам ажратилмай келинаётганди. Шу боис, ҳудудда муаммолар йиғилиб қолган эди. Туманда маҳаллалар тарқоқ жойлашган, урбанизация даражаси эса 20 фоизга ҳам етмаслиги кўп бор таъкидланган, амалий ишлар етарли эмасди.
Энди бунга ҳам ечим топилди. Ҳудудга халқаро молия институтлари маблағи ҳисобидан марказий канализация тармоғи тортилиб, 39 гектарда замонавий экобозор, маданият маркази, тиббиёт бирлашмаси ва аҳоли учун янги турар жой массиви қурилади. Натижада қисқа муддатда Деҳқонобод янгича қиёфага киради.
Қашқадарё қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда етакчи вилоятлардан. Жорий йилда 614 минг тонна пахта, 1 миллион 80 минг тонна ғалла, 350 минг тонна картошка ҳосили олиш мақсад қилинган. Хуллас, марра баланд олинган. Бунинг учун воҳа деҳқонларида тажриба етарли. Масалан, ўтган йили “Агро голд Премиум” корхонаси Мисрнинг “СARA” навли туганакларини 3,8 гектарга экиб, 120 тонна юқори авлодли уруғлик етиштирди. Жорий йил
50 гектар ерга экиб, 1,7 минг тонна уруғлик олинади. Бунинг учун Китоб ва Нишон туманларидан 1,5 минг гектар ер ажратилади.
Воҳада сувни тежаш борасида ҳам кенг кўламли ишлар қилинмоқда. Ўтган йили вилоятдаги 85 маҳаллада қудуқ қазиб, сув таъминоти яхшиланди. Бугун босқичма-босқич тежамкорлик тизими йўлга қўйилмоқда. Масалан, Қамашининг Чим ва Равот маҳаллаларида “Ақлли қудуқлар” платформаси ишлаб чиқилди. Қудуқларга датчик ва қуёш панеллари ўрнатилди. Жорий йил мазкур лойиҳа оммалаштирилиб, туман ҳокимлиги ҳузурида Марказий диспетчерлик хизмати йўлга қўйилади.
Айни кунларда “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университети билан ҳамкорликда вилоят гидромодули янгиланмоқда. Бу ишлар охирги марта ўтган асрнинг 85-йилларида қилинган.
Бундан ташқари, Пачкамар ҳамда Қамаши сув омборларидан сув олувчи канал ва ариқларни қувурли тизимга ўтказиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Ажратилган энергия лимити доирасида Сув хўжалиги вазирлиги билан Амударёдан 3,7 миллиард куб метр сув етказиб бериш борасида келишувга эришилди.
Куз-қиш мавсумида “Талимаржон” ИЭСда ишлатилган сувни “Хитой” канали орқали қабул қилиш ҳамда вегетация даврида керакли ҳудудларга йўналтириш мақсадида Муборак туманида сиғими 20 миллион куб метр бўлган сув омборини қуриш учун бу йил лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилади.
Сайёҳлик манзиллари дунё аҳлини чорламоқда
Воҳада туризм юқори суръатда ривожланмоқда. Ўтган йилнинг ўзида бу борада улкан ишлар қилинди. Натижада бир йилда вилоятга 2,7 миллион сайёҳ келди. Бу 2024 йилдагига нисбатан 35 фоиз кўп демакдир. Янгидан барпо этилган Мираки халқаро туризм марказига жами 1 миллион, мавсумда Бухоро, Навоий ва Хоразмдан кунига 10 минг сайёҳ келган.
Жорий йилда 3,2 миллион, хусусан, 620 минг хорижлик меҳмонни жалб этиш кутилмоқда. Бунинг учун, аввало, Шаҳрисабзгача “Афросиёб” поезди қатновини ҳафтасига 3 мартага кўпайтириш режа қилинган. Шунингдек, марказий ҳудудларда гавжум кўчалар ташкил этилади. Қолаверса, 473 миллион долларлик 7 та соҳил бўйи лойиҳасида 300 дан ортиқ хизмат кўрсатиш объекти ташкил қилинади.
Чироқчи, Қашқадарё бўйи, Қамашидаги Чимқўрғон ва Қамаши сув омборлари атрофида экотуризм масканлари барпо этилади. Яккабоғдаги Татар маҳалласи ҳудудидан ўтган Қизилдарё ёқасидаги 34 гектар майдонда экотуризм хизматларини йўлга қўйиш бўйича мастер режа ишлаб чиқилди. Қамашидаги Майданак баландтоғ туристик маркази лойиҳасининг биринчи босқичи жорий йил апрелда ишга туширилади.
Ғелон туристик марказида 300 миллион долларлик канат йўли, меҳмонхона ва тоғ-чанғи курорти ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Сайёҳларни чорловчи янги йўналишнинг биринчи босқичи келгуси йилда иш бошлайди. Шу жараёнда жорий йил Ғелон қишлоғига олиб борадиган йўл бўйидаги 38 гектар майдонда мастер режа асосида лойиҳалар бошланади. Бу эса йилига 400 минг сайёҳга хизмат кўрсатиш ва 150 иш ўрни очиш имконини беради.
Транспорт қатновини яхшилашга ҳам эътибор қаратилади. Бунинг учун жорий йилнинг ўзида жамоат транспорти учун 120 та йўловчи автобуси келтирилади ҳамда 11 янги йўналиш очилади. Шу билан бирга, Бухоро — Қарши темир йўлини электрлаштириш бўйича лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаб, кейинги йил қурилишни бошлаш мақсад қилинмоқда. Умуман олганда, ободлик йўлидаги режалар бисёр. Асосийси, ҳудуд фаровонликка юз тутиб, аҳоли турмуш тарзи тобора яхшиланиб бормоқда. Одамлар янада яхши яшаши, янги иш ўринлари очилиши учун имкониятлар яратилмоқда. Устувор мақсад ҳам шу. Муҳими, бу ишлар қоғозда эмас, амалда бажарилмоқда.
Акбар РАҲМОНОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири