Тошкент вилоятида 2022 йил давомида ҳоким ёрдамчилари томонидан амалга оширилган ишлар таҳлили, муаммолар, камчиликлар ва келгусидаги вазифалар юзасидан таҳлилий-танқидий йиғилиш ўтказилди.

Унга вилоят ҳокиминининг биринчи ўринбосари М.Файзиев раислик қилди. Йиғилишда бир қатор масалалар кўриб чиқилди.

Жумладан, ҳоким ёрдамчиларини вилоят ҳокими розилиги билан лавозимидан озод қилиш қатъий белгилаб қўйилган бўлсада, жойларда ўзбошимчалик билан уларни лавозимидан озод қилиш ҳолатлари борлиги танқид қилинди.

Ангрен шаҳридаги Дорилфунун, Қибрай туманидаги Тараққий, Пискент туманидаги Тараққиёт ва Янгийўл туманидаги Шўралисой маҳалласидаги ҳоким ёрдамчилари шу йўсинда ишдан бўшатилган.

Шунингдек, вилоят бўйича иш фаолиятида юқори натижалар кўрсатган 21 нафар ҳоким ёрдамчиларини юқори лавозимларга тайинлаш чораларини кўриш белгилаб олинди.

90 баллдан юқори кўрсаткичларга эришган ҳоким ёрдамчилари рағбатлантирилмоқда.

Маълумот ўрнида айтиш мумкин, вилоятдаги 1022 та маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари кўмагида 250 минг 900 га яқин иш ўринлари яратилди. 22 минг 339 та якка, 7 минг 85 та юридик тартибдаги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди.

Оилавий тадбиркорлик дастури доирасидаги тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида 30 минг 242 та лойиҳага 788,6 миллард сўм кредитлар ажратилди.

Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, уларга меҳнат қуроллари ва асбоб-ускуналари олиб бериш бўйича фуқароларга 36 миллард сўмлик субсидия тавсияномалари берилди.

Вилоят ҳудудида бўш турган қишлоқ хўжалиги ерларини ижрага бериш мақсадида 23 минг 142 та ер майдони аукцион натижасига кўра ажратилди.