Ҳаким Тоҳир олган суратлар
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойишига кўра, Наврўз байрамини муносиб нишонлаш ва Рамазон ойини кўтаринки руҳда ўтказиш, маҳаллалар ва аҳоли турар жойларини ободонлаштириш ҳамда санитария ҳолатини яхшилаш мақсадида 13–14 март кунлари юртимизда ҳашар ўтказилмоқда.
Ҳашар тадбирларини ташкил этишда “маҳалла еттилиги” аъзоларига алоҳида вазифалар юклатилган. Хусусан, маҳалла раиси ҳашар ишларига раҳбарлик қилади, ҳоким ёрдамчиси эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлашга кўмаклашади. Ёшлар етакчиси қабристонларни тартибга келтириш, хотин-қизлар фаоли хонадонларда тозаликни таъминлаш ишларида иштирок этади.
Жами 8 минг 992 та маҳаллада ишчи гуруҳлар ташкил этилган бўлиб, ҳашар тадбирлари “кўчабай” ва “хонадонбай” тарзда ўтказилмоқда. Кўча ва хиёбонлар, зиёратгоҳлар, қабристонлар ҳамда маҳалла ҳудудларини ободонлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шунингдек, Рамазон ойи муносабати билан ижтимоий ҳимояга муҳтож 100 минг нафар оилани қўллаб-қувватлаш мақсадида хайрия ҳашарларидан тушган маблағлар ҳисобидан озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, “Яшил макон” лойиҳаси доирасида маҳаллаларда ва ички кўчаларда 4,5 миллиондан зиёд мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экиш ишлари амалга оширилмоқда.