Сирдарё вилояти божхона бошқармасида экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни зудлик билан бартараф этишда амалий ёрдам кўрсатиш учун ташкил этилган “Call-center”нинг – (67) 225-48-48 рақамли “Ишонч телефони”га бириктирилган масъул божхона ходимлари томонидан 24 соат давомида юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари қабул қилиб олинмоқда.
Шу йил 15 июнгача “Call-center” орқали жами 120 та, шундан чегара йўналиши бўйича 85 та ва ТИФ йўналиши бўйича 35 та мурожаатлар келиб тушган. Мурожаатлар бўйича тезкорлик билан амалий ёрдамлар кўрсатилди.
Коронавирус эпидемиясининг иқтисодиётга салбий таъсирини юмшатиш мақсадида мамлакатимизда ҳам бир қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Хусусан, бу борада Президентимиз томонидан 2020 йил
19 мартда қабул қилинган ПФ-5969-сон Фармонга асосан:
- Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида 10 трлн. сўм миқдоридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилиб, ушбу жамғарма маблағлари инфекциянинг тарқалишига қарши курашиш учун зарур бўладиган дори воситалари ва тиббий буюмлар, ҳимоя воситалари ва тест тизимларини харид қилиш, хавф-хатар остида бўлган ёки вирус юқтирганлар билан мулоқотда бўлган шахсларни карантинда сақлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш, коронавирусга қарши курашишда иштирок этаётган тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантириш ва бошқа мақсадларда фойдаланилиши белгиланди, жумладан:
- 2020 йил 1 апрелдан 1 октябргача бўлган даврда якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқнинг ойлик энг кам суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизига қадар камайтирилди;
- 2020 йил 1 октябргача ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўллаш амалиёти тўхтатилди;
- жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлаш муддати 2020 йил 15 октябрга қадар узайтирилди.
Пандемия шароитида иқтисодий хавфсизликни таъминлаш борасида божхона органларининг асосий вазифаларидан яна бири бу божхона имтиёзларини тўғри қўлланилишини таъминлашдир.
Ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб, тадбиркорлар ва фуқароларга солиқ тўловларини тўлаш, кредитларни қайтариш борасида бир қатор имтиёзлар берилди. Бу каби имтиёзлар божхона соҳасида ҳам татбиқ этилди. Хусусан, Президентимиз томонидан 2020 йил 3 апрелда қабул қилинган ПФ-5978-сон Фармонга асосан, 20 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, тиббиёт буюмлари ва бошқа турдаги маҳсулотларни импорт қилишда жорий йилнинг охирига қадар божхона божи ва акциз солиғидан имтиёз жорий этилди.
Иқтисодиёт қонунига кўра, божхона тўловлари товар таннархига қўшилиб, охир-оқибат унинг тўловчиси харидор бўлишини инобатга олсак, ушбу имтиёзларнинг қўлланилиши фуқаролар учун нақадар аҳамиятли эканлиги ойдинлашади.
Мазкур йўналишда Сирдарё вилояти божхона бошқармасида ҳам бир қанча ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 5 ойида Давлат бюджетига 64,9 млрд. сўмдан ортиқ божхона тўловлари ундирилиши таъминланди.
Бундан ташқари ходимлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳар куни бошқарма ва божхона постларида махсус мослама ёрдамида зарарсизлантириш ишлари доимий олиб борилмоқда. Жумладан, Сирдарё туман Фавқулодда вазиятлар бўлими ва туман СЭОМ билан ҳамкорликда “Сирдарё” чегара божхона постида хар хафтада икки маротаба махсус техникада дезинфекция тадбирлари ўтказилмоқда.
Шу билан бирга, божхона ходимларининг соғлиғини ҳимоя қилиш бўйича вилоят СЭОМ билан ҳамкорликда ходимлардан “COVID-19”га намуналар олиниб мунтазам текшириб борилмоқда.
Белгиланган карантин талаблари асосида божхона кўригини махсус ҳимоя кийимларида ўтказилишини таъминлаш мақсадида бошқарма томонидан алоҳида харид қилинган махсус ҳимоя кийимлари ҳамда ДБҚ ва вилоят СЭОМдан ажратилган бир маротаба фойдаланиладиган махсус ҳимоя кийимлари “Гулистон”, “Сайхун” ва “Ховос” ТИФ ва “Сирдарё” чегара божхона постларига тарқатилган ва бошқармада етарли миқдорда ҳимоя кийимлари заҳираси яратилган.
“Сирдарё” чегара божхона постида юк автотранспорт воситаси ҳайдовчиларидан “COVID-19”га намуналар олиш тизими йўлга қўйилган ва ҳайдовчилар томонидан анализ натижасини кутиши учун постга яқин бўлган ҳудудда махсус автотураргоҳ ташкил этилган.
Жорий йилнинг 18 июнь ҳолатига 1939 нафар ҳайдовчилардан “COVID-19” инфекциясига тест анализлари олинган бўлса, Республика Вирусология илмий текшириш институтининг таҳлил натижаларига кўра 66 нафар ҳайдовчиларда ушбу инфекция борлиги тасдиқланди ва беморлар зудлик билан махсус шифохоналарга жойлаштирилди ҳамда республика ҳудудига касаллик кириб келишини ва тарқатилишини ўз вақтида олди олинди.
Мухтасар қилиб айтганда Сирдарё божхоначилари барча мутасадди ташкилот ва ваколатли идоралар билан ҳамкорликда пандемия шароитида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар белгилаб олинган бўлиб, ушбу вазифалар ижроси изчил равишда таъминлаб келинмоқда.
Сирдарё вилояти божхона бошқармаси