Шу маънода, юртимизда кейинги йилларда ёш авлодга етарлича билим олиши ва ўзлари хоҳлаган касбни ўрганиши учун катта эътибор қаратилаётгани бежиз эмас.
Энг асосийси, ушбу масала шахсан давлатимиз раҳбари эътибори ва назоратида турибдики, унинг самараси олий таълим тизимидаги ислоҳотларда ҳам яққол кўзга ташланмоқда. Бунга соҳадаги ўзгариш ва янгиланишлардан кўплаб мисоллар келтиришимиз мумкин. Айтайлик, шу пайтгача Ўзбекистон олий таълим тизимида хусусий ўқув юртлари бўлади дейишса, нафақат оддий одамлар, балки соҳада фаолият юритаётган мутахассислар ҳам ишониши қийин эди. Лекин вақт ўтиб ана шу имконсиздек туюлган ишлар рўёбга чиқяпти. Минглаб йигит-қизларнинг олий таълимда ўқиш орзулари ушалмоқда. Ўзлари истаган касб эгалари бўлмоқда.
Ёшларнинг орзу-ниятлари ижобат бўлишига ҳисса қўшаётган Тошкент амалий фанлар университети ҳам таълимдаги ислоҳотлар, эътибор ва имконият самарасидир.
Тараққиётнинг асосий йўли
Олий таълимдаги ўзгаришларни ўқув даргоҳимиз мисолида таҳлил этишдан олдин бир жиҳатга алоҳида тўхталиб ўтишни жоиз, деб ҳисоблайман. Шунда билдирадиган фикрларимиз, мулоҳазаларимиз янада ўринли бўлади. Гап шундаки, Президентимиз Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида жорий йилга нима учун “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб ном берилаётганини оддий тилда изоҳлади: “...Албатта, кечаги қилган ишимиз билан бугунгисининг давомийлиги, бардавомлиги бўлиши керак. Бардавомлик нуқтаи назардан яна ва яна инсон қадри деган ғоя йилларга қўшилиб давом этиши керак... Инсонга қачон эътибор бўлади? Таълим, таълим, таълим ва яна бир марта таълим. Мен олти йил олдин шу масалаларга чуқур эътибор қилиб, биринчи кундан бери таълимимиз ҳақида кўп гапираман. Агар таълим бўлса, билим бўлса, сифат ўзгаради. Таълим бўлмаса, сифат ўзгармаса, эътибор ҳам ўзгармайди”, деди давлатимиз раҳбари.
Чиндан ҳам, таълим бўлмаса, бирор натижага эришиш мумкинми? Албатта, йўқ. Зеро, буюк ишлар, оламшумул каш фиёту ихтиролар, ғояю ташаббуслар — барча-барчаси замирида таълим, билим, илм ётади. Ахир халқимиз “Ақл кўпга етказар, ҳунар — кўкка”, “Гўзаллик — илму маърифатда”, дея бекорга айтмаган.
Қайд этганимиздек, ҳар бир мамлакатнинг тақдири таълим тизимининг сифатига боғлиқ. Таълим келажак пойдевори бўлса, билим берувчилар унинг таянч устунларидир. Таълим билимли ва тажрибали, жамиятга тўлақонли шахсни шакллантириб беради. Бу шахс келгусида, албатта, давлат олиб бораётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси, замон билан ҳамқадам ва фойдали мутахассис бўлади. Шу жиҳатдан олганда, Шавкат Мирзиёев Президентликка киришганидан сўнг таълим ва тарбия борасида мисли кўрилмаган ўзгаришларга қўл ураётгани таҳсинга сазовордир.
Яна Мурожаатномага қайтамиз. Унда давлатимиз раҳбари таълим сифатини ошириш Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўли эканлигини таъкидлаб, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Заковат бор жойда улуғлик бўлади, билим бор жойда буюклик бўлади”, деган фикрини мисол сифатида келтирди. Ҳақ гап. Чунки ҳар қандай юксалиш замирида билим ва унинг асосидаги саъй-ҳаракатлар ётади. Бугунги Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган эзгу ишлар биз мақсад қилаётган Учинчи Ренессанс учун муҳим ва мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади. Айни пайтда ёшларни илм олишга, фан-техниканинг энг сўнгги ютуқларидан бохабар бўлиб, дунёдаги тенгдошлари билан нафақат рақобат қилиши, балки уларга ўрнак бўлиши учун барча шартшароитлар яратиб берилаётганининг боиси ҳам шунда, аслида.
Рақобатга мос фаолият
Бугун Ўзбекистон олий таълим тизимида рақобат кучли. Буни таъминлаш учун мавжуд ўқув даргоҳлари ўзига хос “билим бозори”да ўрнини мустаҳкамлаш чораларини кўряпти. Улар сафига хорижий давлатларнинг нуфузли университетлари, хусусий олий ўқув юртлари қўшиляпти. Шулар қаторида университетимизнинг ҳам борлиги бизда катта фахр уйғотиш баробарида, масъулият ҳам юклайди. Университетимиз икки йил олдин ташкил этилган бўлиб, ўтган йилнинг февраль ойидан 100 га яқин талаба билан битта бинода ўқув жараёнлари бошланган эди. Ҳозирги кунда эса ўқув биноларимиз сони бештага, талабаларимиз эса 8 мингтага етди.
Университетимизда 14 йўналишда таълим берилади. Уларнинг асосийси педогогика соҳаси — мактабгача таълим, бошланғич таълим ҳамда математика ва информатика йўналишлари ҳисобланади.
Компьютер инженеринг соҳасида эса ахборот хавфсизлиги, мультимедиа, сервис каби йўналишлар, ижтимоий соҳада тарих, ўзбек тили ва хорижий тиллар йўналиши қамраб олинган бўлса, иқтисодий соҳада иқтисод ва молиявий технологиялар, бухгалтерия ва аудит, банк иши йўналишларида таълим берилади. Ўқишлар кундузги ва сиртқи шаклда ўзбек тилида олиб борилади.
Университетимизда йирик иш берувчи компаниялар талабларига мос кадрлар тайёрланади. Битирувчиларимиз эгаллайдиган амалий билим ва кўникмалар уларнинг хусусий секторда ишлаши учун ҳам, ўз бизнесини ривожлантириши учун ҳам кучли қурол бўлади.
Ўқув дастурлари иш берувчилар талаб ларига жавоб беради. Ўқиш иш берувчи компанияларнинг иш жараёнида амалий иштирок этишини ҳам ўз ичига олади.
Ҳар бир битирувчига иш берувчилар томонидан талаб мавжуд. Замонавий рақобатбардош бозор шароитида иш бе рувчиларга амалий билим ва тажрибага эга бўлган битирувчилар керак. Шу сабабли фаолиятимизда талабалар орасида касбий маҳоратни ривожлантириш устувор аҳамият касб этади.
Ўқув биномизда минг номдан зиёд китобларга эга кутубхона ҳамда ҳордиқ чиқариш учун қулай дизайнга эга коворкинг майдончаси, кафе, IT лабораториялари ва конференциялар зали мавжуд.
Университетимизда талабаларнинг академик ютуқларга эришиши билангина чекланиб қолинмайди. Талабалар келажакда иш билан тўлиқ таъминланиши, юқори даромадли ва натижада тўлақонли касбий кўникмаларга эга бўлишлари лозим. Бунда уларга “Карьера маркази” қўл келади.
Чет тилини ўрганиш бугунги кунда ҳаётий заруратга айланган. Бунинг сабаби кўпчилик иш берувчилар чет тилини биладиган кадрни ёллайди ва уларга кўпроқ пул тўлашга тайёр. Шу боис, биз да қўшимча тилларни ўрганиш бўйича тезлаштирилган курсларда таҳсил олиш йўлга қўйилган.
Ҳамкорлик — ривожланиш пойдевори
Тошкент амалий фанлар университети олий таълимда ҳам, профессионал соҳада ҳам халқаро университетлар ва ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларига эга.
Университетнинг Ўзбекистон олий таълим дастурлари билан бирга дунёнинг нуфузли хорижий олий таълим муассасалари, жумладан, “QS World University Rankings” ва “The Times Higher Education World University Rankings” рейтингларида кучли 1000 таликка кирган Гринвич университети, Марказий Ланкашир университети (Буюк Британия) ҳамда бошқа етакчи хорижий олийгоҳлар билан ҳамкорлик ўрнатилган.
Шу билан бирга, қатор университетлар билан шартномалар имзоланган. Масалан, яқинда Эстониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари биз билан алоқага чиқиб, Эстония амалий фанлар университети ҳамкорлик қилиш ниятида эканлигини билдирди.
Пировардида, Эстониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Томас Тирс бошчилигидаги делегация университетимизга ташриф буюриб, Эстония амалий фанлар университети билан ҳамкорлик келишуви имзоланди.
Бу орқали келгусида улар билан амалий тажрибалар алмашилади. Талаба ва ўқитувчилар алмашинуви йўлга қўйилади. Уларнинг ташрифи юртимизда Наврўз байрами шукуҳи кезиб юрт ган бир пайтга, хусусан, уни жамоамиз билан байрам қилаётган кунларга тўғри келди. Меҳмонлар талабаларимиз тайёрлаган чиқишлар орқали ҳудудларимиз урфодатлари билан ҳам яқиндан танишди.
Хулоса ўрнида айтганда, бугунги кунда мамлакатимиз олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси эришилаётган натижаларда яққол кўзга ташланмоқда. 2022—2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида юртимизда нодавлат олий таълим ташкилотлари сонини бундан-да кўпайтириш режалаштирилганини инобатга олсак, ёшларнинг билим ва касбга эга бўлиш имкониятлари янада ортиб бораверади. Жамиятимиз, иқтисодиётимизнинг мутахассисларга бўлган эҳтиёжи таъминланишида жамоамизнинг ҳам ўрни борлиги бизни янада фаол ва замонга мос фаолият юритишга ундайди.
Абдусалом УМАРОВ,
Тошкент амалий фанлар университети ректори,
техника фанлари доктори, профессор