Юзага келган қуролли тўқнашувлар натижасида бегуноҳ инсонлар ўлими ортмоқда, мамлакатлар иқтисодиёти таназзулга, обод ўлкалар вайронага, тинч аҳоли эса мисли кўрилмаган азоб-уқубатларга дучор бўлмоқда. Бундай таҳликали шароитларда мамлакатимиз хавфсизлиги мустаҳкамлаш, чегараларимиз дахлсизлигини таъминлаш, халқимиз бирдамлигини ошириш ҳамда мустақиллигимизни асраб авайлаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим вазифа ҳисобланади.
Бу албатта, юртдошларимизнинг, айниқса ёшларимизнинг аҳиллиги, ўзаро ҳамжиҳатлиги, бир мақсад ва бир маслак атрофида бирлашиши билан бевосита боғлиқ. Агар эртанги кунимиз эгалари бўлган ёшларимиз маънан етук, руҳан тетик, миллий ва диний қадриятларимизга содиқ ҳолда, замонавий билим ва фан-техника ютуқлари билан қуролланган бўлса, ишонаманки хеч қандай куч ёки ёв бу миллатни енга олмайди.
Шу боис ҳам, ёш авлодни оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоқларининг салбий таъсиридан, турли бузғунчи гуруҳларнинг вайронкор ғояларидан асраб-авайлаш, шунингдек уларни миллий менталитетимизга хос тарбия топиши, илғор таълим технологиялари ва илм-фан ютуқлари асосида вояга етиши учун муносиб шарт-шароит яратиш мақсадида юртбошимиз томонидан барча чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Ёшлар масаласи, ёшлар тарбияси давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди.
Эътироф этиш лозимки, сўнгги йилларда муҳтарам Президентимиз томонидан ёшлар камолоти ва истиқболи йўлида олиб борилган ислоҳотлар таълим-тарбия тизимида янги даврни бошлаб юборди. Ёшларни билим олиши, ўз иқтидор ва истеъдодларини намоён қилиши, хорижий тажриба ва ютуқлардан фойдаланиши учун кенг имкониятлар эшигини очиб берди. Таълим муассасаларида янги муҳит юзага келди ҳамда шарт-шароитлар замон ва талабга мосланди.
Олий таълим тизими мисолида айтганда, бугун замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга малакали кадрлар тайёрлаш жараёни сифат жиҳатдан яхшиланди. Хориж билан ҳамкорлик, тажрибалар алмашинуви кенгайди. “Таълим-фан-ишлаб чиқариш” интеграцияси мустаҳкамланиб, ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантиришга хизмат қиладиган илғор илмий ишланмаларни амалиётга тадбиқ қилиш, иш берувчилар билан ҳамкорликда малакали кадрлар тайёрлаш технологиялари такомиллаштирилди. Буларнинг бари, олий таълим муассасаларида таълим сифатини оширишга, илм-фан соҳасидаги изланишларни жадаллаштиришга, таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаб, хорижий ОТМлар билан ҳамкорлик доираларини кенгайтиришга, айниқса давр талабидаги малакали кадрлар тайёрлашга ўзига хос шарт-шароит яратмоқда.
Бу ишларни тизимли давом эттириш, соҳадаги мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш, мақсадида жорий йилнинг 5 феврал куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ижтимоий соҳалардаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда Давлатимиз раҳбари томонидан таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт соҳаларини ривожлантириш борасида эришилган натижалар ҳамда келгусида амалга ошириладиган вазифалар муҳокама қилинди.
Танқидий-таҳлил руҳида ўтказилган ушбу йиғилишда ўрта, профессионал ва олий таълим тизимларида сақланиб келаётган муаммолар юртбошимиз томонидан қаттиқ танқид остига олинди ва ўз навбатида уларни бартараф этиш, ечимини топиш бўйича таклифлар илгари сурилиб, соҳа масъулларига бир қатор вазифалар белгилаб берилди.
Жумладан, техникумларда ўқитишнинг янги тизимини жорий этиш бўйича “Академик” ва “Ишчи касб” таълим йўналишларида ўқитиш, техникумларда ҳам “кредит тизими” жорий қилиш ва уларни олийгоҳларда тан олиш, янада кўпроқ коллеж-техникум ўқувчиларини дуал таълим билан қамраб олиш ҳамда профессионал таълим билан олий таълим ўртасидаги узвий боғлиқликни таъминлайдиган тизимни яратиш таклифлари билдирилди.
Олий таълим тизими олдига эса, талабанинг қобилиятини юзага чиқарадиган ва иш берувчилар билан узвий боғлайдиган тизим яратиш, бакалавр йўналишларини йириклаштириш ҳисобига уларнинг сонини 40 фоизга қисқартириш ҳамда ушбу йўналишлардаги таълим дастурларини ТОП-300 га кирган олийгоҳлар дастури асосида янгилаш каби бир қатор вазифаларни белгилаб бердилар.
Йиғилишда олий таълимдаги айрим йўналишлар ҳозирги меҳнат бозорига, технологик янгиланишларга мос эмаслиги, мутахассисларнинг кўпчилиги мураккаб технологиялар билан ишлай олмаслиги танқид қилинди ҳамда яқин йилларда мураккаб технологияда ишлай оладиган 10 минг муҳандис ва технологлар кераклиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Бу эса, муҳнадис-технолог мутахассислар тайёрлайдиган олий таълим муассасаларига катта масъулият ва вазифа юклайди. Олдимизга қўйилган вазифаларни тўғри англаб, замон тараққиётга, фан-технологиялар ривожига мос рақобатбардош кадрлар тайёрлаш учун бор имкониятларни ишга солишимизни тақозо этади. Демак, жаҳон тажрибасини ўрганиш, ишлаб чиқариш корхоналаридаги янги технологиялар бўйича профессор-ўқитувчиларимизнинг билим ва малакаларини ошириш ҳамда шулар асосида янги фанларни ўқув жараёнларига киритишни шу бугундан бошлашимизни талаб этмоқда.
Қайд этиш лозимки, бу вазифаларнинг бугунги кунда тутган аҳамияти ва ўрни ўта юқори. Аввало, юртимизда профессионал таълим тизими ёшларимизда касбий билимларни шакллантиришда ўзига хос мактаб вазифасини ўтайди. Қолаверса, олий таълим олиш истагида бўлган абитуриентларни бу босқичдан ўтиб келиши, ўз танлаган касбларининг мураккаб билимларини осон ўзлаштиришга, олган касбий билим ва кўникмаларини ривожлантиришга ҳамда ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлиб шаклланишига ёрдам беради.
Шунингдек, фан-техника ривожлангани сайин, ишлаб чиқариш ускуналари такомиллашиб, улар билан ишлаш тизими тобора мураккаблашиб бормоқда. Шунга монанд, ишлаб чиқариш корхоналарида мутахассисларнинг билим ва малакасига қўйилган талаблар ҳам ортиб бормоқда. Бундай шароитларда олий таълим билан ишлаб чиқаришни интеграциялаш, бўлажак мутахассисларни амалий билим ва кўникмалар ёрдамида тайёрлаб бориш назария ва амалиёт ўртасидаги бўшлиқларни тўлдиради, талабалар учун эса эҳтиёжга мос реал билимлар олишга замин яратади. ТОП-300 талик рейтингларда бўлган олийгоҳлар дастури асосида таълим берилиши, бир томондан рақобатбардош кадрлар тайёрлашга хизмат қилса, иккинчи томондан олий таълим муассасаларимизни халқаролашувини, хорижий ОТМлар билан интеграциялашувини янада ривожлаштиришга хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, бугунги кунда ёшларга, уларнинг таълим-тарбиясига эътибор қаратиш ҳар қачонгидан ҳам долзарблик касб этмоқда. Юртимиз равнақи, мамлакатимиз фаровонлиги, Ватанимиз осойишталиги ёшларимизнинг ақлий салоҳиятига, маънавий бой дунёқарашига боғлиқ экан, уларни ҳар томонлама билимли, зукко, фидойи, ўз диёрини севадиган ва уни кўз қорачиғидай асраб-авайлайдиган ватанпарвар авлод этиб тарбиялаш сув ва ҳаводек зарур. Бу эса, таълим-тарбияга масъул бўлган биз ва ҳамкасб дўстларимизга улкан вазифа юклайди. Шундай экан, келажак авлод олдидаги юксак масъулиятимизни чуқур ҳис этган ҳолда, ўз вазифамизни сидқидилдан адо этишимиз мамлакатимиз истиқболи йўлида қўшган улкан ҳиссамиз бўлади.
Одилжон Маматкаримов,
Наманган муҳандислик-технология институти ректори,
Халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгаши депутати