Тошкент вилояти, Зангиота тумани ҳокими ўринбосари Бахтиёр Мамадалиев жорий йилнинг 14 май куни ZOOM дастури орқали тумандаги жами 44 та умумтаълим мактаби директорларига онлайн тарзда йиғилиш ўтказиб, умумтаълим мактаб микроҳудудидаги маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи кам таъминланган аҳолини хатловдан ўтказиш, ҳисоботларни ҳокимиятга топшириш тўғрисида кўрсатма берган.

Унинг мазкур кўрсатмасига асосан умумтаълим мактаб директорлари педагог ходимлар билан бир ҳафта мобайнида аҳолини хонадонма-хонадон юриб хатловдан ўтказиб, кам таъминланган оилаларнинг рўйхатини шакллантириб ҳокимиятга тақдим этган.

  Шунингдек, Б.Мамадалиев туман халқ таълими бўлими мудирини мажбурлаб, тумандаги барча мактаб директорлари ва 80 нафардан ортиқ ўқитувчиларни ўсган ўтларни тозалаш ва ерни чопиқ қилиш, юмшатиш кўринишидаги мажбурий меҳнатга жалб қилган.

  Бахтиёр Мамадалиев томонидан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 7-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги ПҚ-3931-сонли, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 февралдаги 146-сонли қарорлари талаблари бузилганлиги ҳолати аниқланди.

  Тошкент вилояти Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат инспекцияси мазкур ҳолатларни қонуний ўрганиб чиқиб, ҳоким ўринбосарига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси 1-қисми билан 15,6 миллион сўм жарима жазоси қўллаган.