Ушбу форумнинг дастлабки кунида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов «Digital Uzbekistan» тақдимоти билан иштирок этиб мамлакатимизнинг IT имкониятларини батафсил ёритиб, барча иштирокчиларни Ўзбекистонда 24-27 октябрь кунларига режалаштирилган ICT Week Uzbekistan тадбирларига таклиф этди.
Digital Bridge 2022 халқаро IT Форуми кун тартибида Марказий Осиё давлатлари ва Туркий давлатлар ташкилотининг АКТ вазирлари ва халқаро ташкилотлар экспертлари томонидан рақамли технологиялар мегаполисларда ривожлантириш, АКТ глобал стратегиясини кенгайтириш, рақамли ҳукуматнинг барқарорлиги, глобал ўзгаришлар даврида рақамли барқарорликка эришиш йўллари, давлат ва бизнесни рақамли ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш масалалари муҳокама этилди.
Шунингдек, Veb3.0 экотизими ва блокчаин технологияларини ривожлантириш, рақамли технологияларни ривожлантириш даврида шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, интернетда болалар хавфсизлигини таъминлаш, сунъий интеллектни ривожлантириш каби бир қатор долзарб масалаларга эътибор қаратилди.
Ўз навбатида, мазкур тадбир доирасида Марказий Осиёнинг IT хизматларини хорижга экспорт қилиш салоҳияти ва унга тўсиқ бўлаётган омиллар юзасидан фикр ва мулоҳазалар алмашилди.
Кўргазмадаги Ўзбекистон IT Parki стендида Ўзбекистонлик компаниялар томонидан IT ечимлар ва янги стартаплар ўз ҳамкорлик имкониятларини намойиш этди.
Ушбу форумда иштирок этган Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевга Ўзбекистон делегацияси раҳбари Шерзод Шерматов томонидан мамлакатларимиз орасидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳақида ахборот берилди, деб хабар беради Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати.