Мулоқотда маҳалла тизимида амалга оширилаётган бир қатор вазифаларнинг амалдаги ижроси, ёш кадрлардан сараланаётган ҳоким ёрдамчилари билан ишлаш борасидаги белгиланган вазифалар муҳокама қилинди. 

Вилоят раҳбари маҳаллада намуна кўрсатиб ишлаган ёрдамчилар келгусида ҳоким ёки энг камида ҳоким ўринбосари бўлишини алоҳида таъкидлади. Хусусан, номзод ушбу лавозимга тайинланган кундан бошлаб миллий кадрлар заҳирасига киритилади. Келгусида туман, шаҳар, вилоят, Республика даражасида раҳбарлик лавозимларига номзодларни тавсия этиш, тайинлаш фақат ва фақат ҳоким ёрдамчиси лавозимида самарали меҳнат қилаётган кадрлардан танлаб олинади.

Шунингдек, йиғилишда вилоят ҳокими ҳар бир номзод билан бирма-бир суҳбатлашди. Унда асосий эътибор маҳалладаги ҳар бир оилани “хонадонбай” ўрганиб, аҳолининг бандлик даражаси, оилаларнинг даромадли меҳнатга бўлган интилиши ва эҳтиёжларини таҳлил қилиш орқали маҳалла бўйича комплекс маълумотлар базаси (паспорти)ни яратиши лозимлигига қаратилди. Маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш учун ички имкониятларни ўрганиб, уларни ишга солиш орқали маҳалланинг иқтисодий ўсишини таъминлаш лозимлиги айтиб ўтилди.

Шу билан бирга, вилоят етакчиси Зангиота туманидаги маҳаллаларда Ёшлар ишлари агентлиги вакили лавозимларига тавсия этилган номзодлар, уларнинг фаолияти ва улар билан амалга оширилиши керак бўлган ишлар хақида ҳам фикр юритди. Бу ҳақда ҳудуддаги масъуллар ҳисоботи эшитилди.

Маҳаллаларда ёшлар ўртасида соғлом муҳитни барқарорлаштириш, улар билан ишлашни чуқурлаштириш масалаларига эътибор қаратилди.