Қарорга кўра, мактаб-интернат:

– ўз фаолиятини Вазирлар Маҳкамасининг “Спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернатлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида” 2018 йил 2 июндаги 410-сон қарори асосида амалга оширувчи Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернати ҳисобланади;

– фаолияти ва унга ўқувчиларни қабул қилиш 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб ташкил этилади;

– бино ва иншоотларини таъмирлаш ва моддий-техник базасини яхшилаш 2021 йилда Қашқадарё вилояти маҳаллий бюджетининг даромадлар режасининг режадан орттириб бажарилган қисми ҳамда қўшимча даромадлари ҳисобидан амалга оширилади;

– 2021 йилда сақлаш харажатлари Қашқадарё вилояти маҳаллий бюджетининг 2021 йил учун тасдиқланган параметрларида назарда тутилган маблағларнинг иқтисод қилинган қисми ҳисобидан амалга оширилади.

Мактаб-интернатнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланган:

– Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича янги илмий-методик тавсиялар ва ютуқлар асосида спорт захираларини, терма жамоаларга юқори маҳоратли спортчиларни тайёрлаш;

– давлат таълим стандартлари, ўқув режаси ва дастурлари талаблари асосида ўқувчиларнинг таълим тайёргарлигини таъминлаш;

– зарур ҳолларда, Олимпия спорт турлари бўйича хорижий тренерлар ва мутахассисларни таклиф қилган ҳолда илғор илмий-методик тавсиялар асосида ёш спортчиларни тайёрлаш борасида ўқув-машқ жараёнларини юқори даражада ташкил этиш;

– ўқувчиларнинг жисмоний тайёргарлиги ва техник-тактик кўникмаларини такомиллаштириш, профессионал маҳоратини ривожлантириш, шунингдек, спортни ривожлантириш халқаро талабларига мувофиқ Узбекистон миллий терма жамоалари захирасини тайёрлаш даражасини ошириш;

 – ўқувчи-спортчилар ва тренерлар таркибининг профессионал маҳоратини ошириш учун хорижий спорт мактаблари ва клублари билан тажриба алмашиш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш.

Қашқадарё вилояти, Ғузор тумани, Ярғунчи МФИ, Ярғунчи қишлоғи манзилида жойлашган собиқ Ғузор саноат- транспорт касб-ҳунар коллежининг бино ва иншоотларини оператив бошқарув ҳуқуқи асосида мактаб-интернатга бепул берилади.