2026–2027 ўқув йилида мамлакат бўйлаб 795 мингдан ортиқ бола 1-синфга қабул қилиниши режалаштирилган.
Улар учун тайёрланган «Президент совғаси» таркибида 12 турдаги ўқув қуроллари жамланган бўлиб, совғалар 25 августга қадар барча мактабларга тўлиқ етказилади.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан янги ўқув йилига тайёргарлик ҳамда 1-синф ўқувчиларига бериладиган «Президент совғалари»ни ҳудудларга етказиш жараёнларига бағишланган пресс-тур ташкил этилди.
Тадбир доирасида вазирлик ҳузуридаги «Таъминот ва логистика хизмати» корхонаси томонидан 1-синф ўқувчилари учун мўлжалланган «Президент совғаси» карвони ҳудудларга кузатилди.
Маълум қилинишича, 2026–2027 ўқув йилида республикадаги 10 225 та умумтаълим мактабида 550 мингдан ортиқ педагог 6,7 миллиондан зиёд ўқувчига таълим беради. Янги ўқув йилида 795 мингдан ортиқ болани 1-синфга қабул қилиш режалаштирилган бўлиб, 5 август ҳолатига кўра, 680 минг нафар бола қабул қилинган. Бу режанинг 85 фоизини ташкил этади.
1-синф ўқувчилари учун тайёрланган «Президент совғаси» таркибига 12 турдаги ўқув қуроллари киритилган. Жумладан, ўқув сумкаси, 12 та дафтар, ручка, икки дона оддий қалам, рангли қаламлар тўплами, рангли қоғоз, пластилин, расм дафтари, икки дона ўчирғич, акварель бўёқлари, елим ва қаламдон мавжуд.
Вазирлик маълумотига кўра, ўқув қуроллари 15 августга қадар барча ҳудудларга, 25 августга қадар эса қабул қилинган ўқувчилар сонига мувофиқ барча мактабларга етказилади. «Президент совғаси» «Биринчи қўнғироқ» тадбирларидан сўнг биринчи синф ўқувчиларига тантанали равишда топширилади.
Қайд этилишича, совғалар давлат мактаблари билан бир қаторда нодавлат таълим муассасалари ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар тасарруфидаги мактабларда таҳсил оладиган биринчи синф ўқувчиларига ҳам берилади. Бунинг учун adm.maktab.uz электрон платформаси орқали ўқувчиларнинг номма-ном рўйхати шакллантирилган.
Пресс-тур давомида биринчи синф ўқувчилари учун тайёрланган янги дарслик мажмуалари ҳам тақдим этилди. Мутахассислар уларнинг мазмуни, тузилиши ва аввалги нашрлардан фарқ қилувчи жиҳатлари ҳақида маълумот берди.
Тадбир ўтказилган Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги 202-умумтаълим мактабида янги ўқув йилида 1260 нафардан ортиқ ўқувчи таълим олиши, 175 нафар бола эса 1-синфга қабул қилиниши режалаштирилган. Мактабда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун инклюзив синфлар ташкил этилган бўлиб, ҳозирда 13 нафар ўқувчи шундай синфларда таълим олмоқда.