Қатновлар “Silk Avia” авиакомпанияси томонидан ҳафтанинг ҳар жума куни амалга оширилади. Бухоро шаҳридан рейс маҳаллий вақт билан соат 08:30 да жўнаб кетади ва соат 09:30 да Сариосиё шаҳарчасига етиб боради. Қайтиш рейси эса соат 10:10 да Сариосиёдан парвоз қилиб, соат 11:20 да Бухорога қўнади.

Ушбу ички авиақатновнинг йўлга қўйилиши мамлакат бўйлаб саёҳат қилиш имкониятларини янада кенгайтириб, хорижий ва маҳаллий сайёҳларга сайёҳларга манзилга етиб бориш вақтини сезиларли даражада қисқартириш ва мамлакат бўйлаб саёҳатларни янада қулай ташкил этиш имконини беради.

Сурхондарё вилояти ўзининг ранг-баранг туристик имкониятлари билан сайёҳларни ўзига жалб этади. Сариосиё аэропорти орқали саёҳатчилар гўзал тоғ тизмалари, ноёб табиий масканлар, экологик сайр йўлаклари ҳамда ички туризм ихлосмандлари орасида тобора оммалашиб бораётган бошқа диққатга сазовор туризм объектларига ташриф буюриши мумкин.

Ҳудудий авиация тармоғини ривожлантириш туризм соҳасини янада тараққий эттириш, туристларнинг мамлакатда қолиш муддатини узайтириш, маҳаллий сайёҳлар алмашинувини ошириш ҳамда мамлакатимизнинг бой маданий ва табиий мероси билан яқиндан танишиш учун қўшимча имкониятлар яратади.