Давлат хавфсизлик хизмати маълумотига кўра, наркокуръерлар томонидан гиёҳвандлик моддалари Афғонистондан контрабанда йўли билан Сурхондарё вилояти орқали олиб кирилиб, кейинчалик Ёзёвон туманидаги дала майдонига яширилган.

Тезкор тадбир давомида Марғилон шаҳрида яшовчи икки нафар шахс ушбу яширин жойдан қарийб 10 килограмм «гашиш» моддасини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Қўлга олиш жараёнида улардан катта миқдорда пул маблағлари ҳам мусодара қилинган.

Шунингдек, терговга қадар текширувларда жиноятга алоқадор яна бир шахснинг хонадонидан «опий» моддаси, электрон тарозилар ва пул маблағлари аниқланган.

Кейинчалик мазкур ноқонуний фаолиятга яна икки нафар шахснинг ҳам алоқадорлиги маълум бўлган.

Жиноят ишлари бўйича Боғдод туман суди ҳукмига мувофиқ, жами 5 нафар судланувчи Ўзбекистон Жиноят кодексининг 246, 273 ва 276-моддалари билан айбдор деб топилиб, уларга нисбатан 12 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.