Маълум қилинишича, зиёратчилар Жидда шаҳридаги Подшоҳ Абдулазиз номидаги халқаро аэропортдан Тошкентга учиб келган.
Саудия Арабистонида бўлган вақт давомида ҳожилар муқаддас Макка ва Мадина шаҳарларини зиёрат қилиб, Арафот, Муздалифа ва Мино водийларидаги ибодатларни ҳамда Ҳажнинг барча амалларини тўлиқ адо этган.
Жидда аэропортида зиёратчиларни Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги дипломатик ваколатхоналари вакиллари, Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Мусулмонлар идорасининг ҳаж тадбирларига масъул ходимлари кузатиб қўйган.
Ҳожилар яратилган шарт-шароитлар ва ғамхўрлик учун давлат раҳбарига миннатдорлик билдириб, муқаддас сафарни хотиржам ва муносиб тарзда амалга оширганини таъкидлади.
Шунингдек, улар юртимиз тинчлиги, халқ фаровонлиги ва мамлакат тараққиёти учун дуолар қилиб, катта таассуротлар билан Ватанга қайтганини маълум қилди.