Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси “Сариосиё” чегара божхона постининг кириш йўналишидаги пиёдалар залига кириб келган хориж фуқароси божхона назоратидан ўтказиш мақсадида “Body scanner” қурилмасига йўналтирилди.

Назорат жараёнида фуқаро эгнидаги шимининг чап чўнтагида бўлган, қора рангли полиэтилен пакетга ўралган номаълум буюмни сканер ичига ташлаб юборгани аниқланди.

Мазкур буюм “Сариосиё” чегара божхона пости ҳамда Сариосиё тумани ИИБ ходимлари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари арбий хизматчилари билан ҳамкорликда, холислар иштирокида кўздан кечирилди.

Натижада пакет ичидан оқ рангли полиэтилен пакетга ўралган 527 дона оқ рангли, цилиндрсимон таблетка ҳамда 10,1 грамм майдаланган кукунсимон модда топилди.

“ТруэНарc” наркотестори ёрдамида ўтказилган дастлабки текширув натижасида таблеткалар таркибида қонунчиликда гиёҳвандлик воситалари туркумига киритилган “Трамадол” моддаси мавжудлиги тасдиқланди.