Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилишича, тезкор тадбир ДХХнинг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси, Чегара қўшинлари ҳамда ички ишлар органлари ҳамкорлигида ўтказилган.
Терговга қадар аниқланишича, Афғонистоннинг номаълум фуқаролари Амударё орқали дрон ёрдамида гиёҳвандлик воситасини Ўзбекистон ҳудудига ўтказишга уринган.
Тезкор чоралар натижасида мазкур ноқонуний ҳаракат ўз вақтида фош этилди. Учувчисиз учиш аппаратига маҳкамланган 2 килограмм 32 грамм опий гиёҳвандлик моддаси ашёвий далил сифатида олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.