Шоир ва ёзувчиларга йилига камида 50 та энг сара асар учун ижодий буюртма бериш йўлга қўйилади. Ҳар йили ўзбек адабиётининг энг яхши 10 та асари хорижий тилларга таржима қилинади ва муаллифлар иштирокида чет элларда тақдимотлар ўтказилади.
Бундан буён Ёзувчилар уюшмаси тавсияси асосида чоп этиладиган китобларнинг қоғоз билан боғлиқ харажати давлат томонидан қопланади.
Шунингдек, ёш истеъдодларнинг шеърият билан санъатни уйғунлаштирган шеърий концертлар ташкил этиш ташаббуслари қўллаб-қувватланди. Ушбу йўналишда тақдим этиладиган энг сара 100 та лойиҳа давлат ҳисобидан молиялаштирилади. Ўн кун аввал Миллий китобхонлик ҳаракатига старт берилди.
Бу ҳаракатга ёшларни кенг жалб қилиш учун жойларда китоб дўконлари, кутубхона ва “бук-кафе”лар янада кўпайтирилади. Ҳар бир вилоят ҳокимига йил якунигача чекка ва олис ҳудудлардаги 50 тадан 100 тагача маҳаллада намунали маҳалла кутубхонаси ва китоб дўконларини ташкил қилиш топширилди.