Низом банкларнинг молиявий аҳволини тиклаш режаси мазмуни ва уни янгилашга қўйиладиган талабларни, шунингдек тиклаш режасини Марказий банкка тақдим этиш ва баҳолаш тартибини белгилайди.

Тиклаш режаси банкнинг кузатув кенгаши томонидан тасдиқланади. Банк ички аудит хизмати эса йилига камида бир марта тиклаш режасининг ишлаб чиқилиши, янгиланиши ва амалга оширилишини мустақил баҳолайди.

Низомга кўра, тиклаш режаси қуйидаги таркибий қисмларни қамраб олади:

— тиклаш режасини бошқаришга оид маълумотлар;
— стратегик таҳлил;
— тиклаш кўрсаткичлари;
— тиклаш чора-тадбирлари;
— тиклаш сценарийлари;
— тиклаш режаси доирасида коммуникация қилиш тартиби;
— тиклаш режасини амалга оширишга қаратилган тайёргарлик чоралари.

Банк тиклаш режасини ҳар йили, шунингдек унинг ташкилий тузилмаси, фаолияти ёки молиявий аҳволида режага таъсир қилиши мумкин бўлган сезиларли ўзгаришлар юз берганидан кейин янгилайди.

Мазкур ҳужжат расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.