Тил ва алифбо миллатнинг нафақат ўтмиши ҳамда маданиятини, балки бугуни ва келажагини ҳам белгилаб берувчи бош омил. Сўнгги йилларда мамлакатимизда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини ошириш ва лотин ёзувига асосланган алифбомизни такомиллаштириш бўйича кўплаб ишлар бажарилди. Президентимиз яқинда имзолаган “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонунни ҳам ана шундай саъй-ҳаракатлар қаторига қўшиш мумкин. Бу, шубҳасиз, бир неча йилдан буён муҳокама мавзуси бўлиб келган масаланинг энг оқилона ечими бўлди – алифбодаги узоқ йиллик хато адолат билан тузатилди.
Дарҳақиқат, ахборот технологиялари ва сунъий интеллект асрида ҳар бир алифбо ислоҳ бўлиш босқичини бошдан кечирмоқда. Хўш, алифбомиздаги ўзгаришлар она тилимизнинг рақамли дунёда яшаб қолишини қай даражада таъминлай олади? Шу ва бошқа саволлар юзасидан Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти Баҳром АБДУҲАЛИМОВ билан суҳбатлашдик.
— ХХ асрда халқимиз бир неча бор алифбо ислоҳотларини бошдан кечирди. Академик ва фундаментал тилшунослик нуқтаи назаридан ёндашганда, ҳозирги 4 та ҳарфнинг ўзгариши шунчаки техник таҳрирми ёки ўзбек ёзувини “бир товуш — бир ҳарф” деган олтин қоидага қайтарадиган, кейинги юз йилликларга хизмат қилувчи якуний, мукаммал илмий нуқтами?
— Ўзбек тилининг тарихий тараққиёти давомида бир неча марта алифбо ўзгаришлари юз бергани бор гап. Бунга одил тарихнинг ўзи гувоҳлик беради. Албатта, ҳар бир даврдаги алифбо ислоҳотлари ўша замоннинг тарихий шароити, ижтимоий зарурати, шунингдек, маданий ва адабий омиллари билан чамбарчас боғлиқ бўлган.
Масалан, ХХ аср бошларида жадид маърифатпарварлари ташаббуси билан амалга оширилган алифбо янгиланиши ўзбек тилининг товуш тизимини имкон қадар тугал ифодалаш зарурати, қолаверса, туркий халқлар ёзуви билан ўзаро муштаракликни таъминлаш мақсадини юзага чиқарган эди. Кейинроқ кирилл алифбосининг жорий этилиши эса ўша давр сиёсати натижаси бўлган.
Мустақилликнинг илк йиллари, аниқроғи, 1993 йилда лотин графикасига асосланган янги алифбонинг жорий этилиши давлатимиз юритган мустақил тил сиёсатининг натижаси ўлароқ, ўзбек тили товуш тизимини ёзувда тўлиқроқ ифодалаш ҳамда жаҳон илм-фанига имкон қадар тезроқ интеграциялашувни кўзда тутган. Ушбу алифбо дунёга юз очиб, ўз қаддини ростлаётган эркин мамлакат учун нечоғлиқ аҳамиятли бўлганини ҳам эътироф этишимиз жоиз.
Бироқ 1995 йилда қайсидир сабабларга кўра инглиз алифбосига яқинлаштириш уринишлари билан ўзгартирилган алифбомиздаги тўртта ҳарф (o‘, g‘, sh, ch) кейинги 20 йиллик ёзув тажрибамизда турли мураккабликларни келтириб чиқарди. Бу мураккабликлар ҳақида оммавий ахборот воситаларида ҳам қайта-қайта айтилаётгани учун уларга яна алоҳида тўхталишга зарурат бўлмаса керак. Яқинда махсус қонун билан такомиллаштирилган алифбомиз эса, энг аввало, жадид боболаримиз 1929-1940 йилларда қўллаган, шунингдек, мустақил Ўзбекистонда 1993 йилда қабул қилинган алифбонинг энг ижобий жиҳатларини ўзида мужассам этган.
Илмий асосларга кўра ҳам, такомиллаштирилган алифбомиз ўзини тўла оқлайди. Чунки унда қатъий равишда “бир товуш — бир ҳарф” тамойилига таянилган. Алифбога ўзгартиришлар киритиш жараёнида етакчи олимлар, жумладан, тилшунослар, адабиётшунослар, турли соҳа мутахассислари ва жамоатчилик вакиллари билан бўлиб ўтган бир неча муҳокамаларда шундай хулосага келдикки, мукаммал алифбо халқимизни ягона мақсад ва муштарак интилишлар йўлида бирлаштирадиган, ўзбек тилининг илм-фан ва технологиялар оламига дадил кириб боришини таъминлайдиган, миллий ўзлигимизни дунё миқёсида янада ёрқин намоён этадиган ҳамда она тилимизнинг келажак авлодлар ҳаётида ҳам муносиб ўрин эгаллашига мустаҳкам замин яратадиган улкан маънавий таянч бўлади.
— Бугун тилларнинг яшовчанлиги уларнинг сунъий интеллект, катта тил моделлари (LLM) ва рақамли кодлаштириш тизимларига интеграциялашуви билан белгиланмоқда. Амалдаги мураккаб қўшҳарфлар ва апострофлардан воз кечиб, ягона диакритик белгиларга ўтишимиз ўзбек тилининг АT оламидан, рақамли макондан муносиб ўрин топишига қанчалик ёрдам беради? Компьютер лингвистикасида қандай инқилоб кутяпмиз?
— Бугун тиллар нафақат жонли мулоқот ва ёзма алоқа воситаси, балки ахборот олиш ва узатиш, билим ҳамда тажрибаларни тўплаш ва сақлашнинг муҳим омилига айланган. Айни жараёнда тилнинг қўлланиш имкониятлари рақамли маконда ҳам тобора кенгайиб бормоқда. Ҳаёт суръати ғоят ошган глобаллашув асрида тилларнинг яшаб қолиши ва рақобатбардошлиги уларнинг рақамли муҳитга қанчалик мослашгани билан ҳам бевосита боғлиқ.
Бунинг учун тилнинг лексик-грамматик ва услубий имкониятлари билан бирга ёзув тизими ҳам технологик жиҳатдан илғор бўлиши лозим. Миллий алифбомизни такомиллаштириш жараёнида унинг замонавий ахборот технологиялари билан уйғунлиги, рақамли маконда тўлақонли қўлланиши ва келгуси тараққиёт талабларига қай даражада жавоб бериши масаласига устувор вазифалардан бири сифатида қаралди.
Шу мақсадда алифбони такомиллаштириш жараёнига рақамли технологиялар соҳасининг малакали мутахассислари жалб этилиб, уларнинг амалий таклифлари, технологик ечимлари ва хулосалари атрофлича ўрганилди ҳамда буларнинг барчаси тегишли қарорларни қабул қилишда инобатга олинди. Алифбода шакли ўзгартирилган ҳарфлар рақамли технологиялар томонидан қўллаб-қувватланиши ва Юникод тизимларида осон танилиши билан ажралиб туради. Ушбу тўртта ҳарф билан бир қаторда миллий алифбомиздаги бошқа ҳарфларнинг ҳам ягона график белгидан иборат бўлиши ўзбек тилининг рақамли маконга жадал ва самарали интеграциялашуви, замонавий ахборот технологиялари имкониятларидан кенг фойдаланиш ҳамда тилимизнинг глобал ахборот муҳитидаги иштирокини янада кенгайтириш учун қулай шароит яратади.
Аввалги ёзувдаги қўшҳарфлилик муаммоси бартараф этилиши натижасида ўзбек тили нуқтаи назаридан бир товушни ифодаловчи график белги компьютер дастурлари томонидан иккита алоҳида ҳарф сифатида қабул қилинмайди. Шунингдек, аввалги o‘ ва g‘ ҳарфлари ўрнидаги янги ҳарфларнинг қўшимча график белгиси асосий ҳарфдан ажратилмаган ҳолда, яхлит графема сифатида танилади. Бу эса матнларни рақамли қайта ишлаш, қидириш, саралаш ва таҳлил қилиш жараёнларидаги техник муаммоларни камайтириб, ўзбек тилининг ахборот технологиялари билан интеграциялашувини янада осонлаштиради.
Бундай янгиланишлар ўқиш ва ёзиш жараёнини қулайлаштириш билан бирга автоматик таржима дастурлари, табиий тилни қайта ишлаш платформалари ва бошқа интеллектуал тизимларнинг самарадорлиги учун ҳам муҳим аҳамият касб этади. Ўзбек тилининг мукаммал график тизимга асосланган ҳолда рақамли муҳитга мослашуви, ўз навбатида, компьютер лингвистикасининг изчил ривожланишига кенг йўл очади.
Зеро, тилнинг ёзув тизими ахборот технологиялари томонидан тўғри ва бир хилда талқин этилишини таъминламасдан туриб, компьютер лингвистикаси ҳамда тилга оид интеллектуал технологияларни тўлақонли ривожлантириш мушкул ишдир.
— Узоқ йиллар давомида икки алифбо муҳитида яшадик. Лотин ёзувидаги ноқулайликлар сабаб кўпчилик кириллдан воз кеча олмади. Сизнингча, янги ҳарфлар катта авлод вакиллари учун ҳам лотин ёзувига тез ва осон мослашишга психологик жиҳатдан ёрдам берадими? Иккиланишга якун ясайдими?
— Ўзбек лотин ёзувига тўлиқ ўтиш жараёни чўзилишининг турли сабаблари мавжуд бўлиб, сиз таъкидлаган омил улардан бири. Катта авлод вакилларининг кирилл алифбосидан фойдаланишида эса, аввало, уларнинг шу ёзувда савод чиқаргани, таълим олгани ва йиллар давомида асосий ахборот манбалари билан айнан шу алифбо орқали ишлашга одатлангани ҳам муҳим ўрин тутади. Аслида, инсон бирор ёзувни ўқиш жараёнида сўзларни ҳарфма-ҳарф ўқимайди, балки шаклланган кўриш хотираси ва орттирилган кўникмалари туфайли уларни яхлит ҳолда идрок этади ҳамда маъносини англайди.
Табиийки, йиллар давомида муайян ёзув тизимига мослашган инсон учун сўзларни шу ёзувда таниш, ўқиш ва англаш анча тез ҳамда қулай кечади. Катта авлод вакилларидан тез-тез эшитиладиган “Кирилл ёзувидаги китобни ўқисам, яхшироқ тушунаман” ёки “Кирилл алифбосида осонроқ англайман” қабилидаги эътирофлар бежиз эмас. Бунинг замирида йиллар давомида шаклланган кўриш хотираси, ёзув белгиларини яхлит идрок этиш ва сўзларни тез таниш кўникмаси мужассам.
Худди шу фикрни лотин ёзуви мисолида бугунги ёшларга нисбатан ҳам айтиш мумкин: улар учун лотин алифбосидаги матнларни ўқиш ва англаш кирилл ёзувига қараганда тез ва қулай кечади. Миллий алифбомизнинг такомиллаштирилган вариантида эса ҳарфлар ёнида апострофга ўхшаш қўшимча белгилар бўлмаслиги уларнинг график қиёфасини кўз билан тез илғаш, ҳарфларни бир-биридан осон фарқлаш ва сўзларни яхлит ҳолда идрок этиш имкониятини кенгайтиради.
Бу эса алифбонинг нафақат ёзиш, балки ўқиш тезлиги, матнни англаш қулайлиги ва рақамли муҳитда самарали фойдаланиш талабларига мос бўлишига хизмат қилади. Аввалгидан фарқли равишда, ç ва ş ҳарфлари остидаги белги мазкур ҳарфларни мустақил s ва h ҳарфларидан осонроқ фарқлашга ёрдам беради.
Кирилл ёзувида савод чиқарган катта авлод вакилларининг лотин алифбосидан фойдаланишда муайян қийинчиликларга дуч келишига o‘ ва g‘ ҳарфларидаги қўшимча белгиларни қўллаш ноқулайлиги, айниқса, уларни компьютер клавиатурасида теришда юзага келадиган техник муаммолар ҳам таъсир кўрсатган.
Бундай ноқулайликлар лотин ёзувида матн тайёрлаш жараёнини мураккаблаштириб, кундалик ёзма мулоқотда кирилл алифбосидан фойдаланиш одатининг сақланиб қолишига сабаб бўлган, дейиш мумкин. Алифбодаги ортиқча мураккабликлар бартараф этилиб, ёзувдан фойдаланиш қулайлашса, бу катта авлод вакилларининг лотин ёзувига психологик жиҳатдан осонроқ мослашишига ҳам кўмаклашади. Такомиллаштирилган миллий алифбомизнинг муҳим афзалликларидан яна бири шундаки, унда бир ҳарфни икки хил шаклда ёзишга эҳтиёж йўқ. Бу эса ёзувдаги иккиланишларга барҳам бериб, имло бирхиллигини таъминлаш, саводхонликни мустаҳкамлаш ва лотин ёзувидан фойдаланишда қатъий ишончни шакллантириш учун мустаҳкам замин ҳозирлайди.
— Фанлар академияси такомиллаштирилган алифбога ўтиш даврида қандай илмий-амалий ечимларни таклиф этмоқчи?
— Такомиллаштирилган алифбога ўтиш учун олти ой муддат берилган. Бунча муддат бежиз олинмаган. Чунки яқинда бу бўйича тегишли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилади. Унда алифбодаги ўзгаришларни амалиётга жорий этиш бўйича барча кўрсатмалар ва йўл-йўриқлар бўлади. Фанлар академиясининг Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти мутахассислари ҳам мазкур жараёнда фаол иштирок этмоқда.
Аслида, такомиллаштирилган алифбога ўтиш жараёни у қадар мураккаб кечмайди деб ўйлаймиз. Зеро, бу ерда алифбо бутунлай янгиланаётгани йўқ, балки амалдаги ёзувнинг айрим ҳарфлари такомиллаштирилмоқда, холос. Эътибор берган бўлсангиз, аксарият юртдошларимиз ижтимоий тармоқлардаги ёзишмаларидаёқ ўзгарган ҳарфларни қўллай бошлади. Бу ҳам янги шаклдаги тўртта ҳарфни ўзлаштириш ва амалиётга татбиқ этишда қийинчиликлар юзага келмаслигини кўрсатади.
Шу билан бирга, ушбу жараённи илмий асосда ва изчил амалга ошириш муҳим. Фанлар академиясининг мазкур йўналишда аниқ илмий ечимлари ва таклифлари мавжуд бўлиб, улар тегишли ташкилотларга тақдим этилади. Асосий мақсад миллий алифбомизнинг такомиллаштирилган вариантини амалиётга қулай тарзда жорий этиш, ёзувдаги бирхилликни таъминлаш ва ўзбек тилининг замонавий тараққиёт талабларига мос равишда ривожланишига хизмат қилишдир.
Алифбодаги янгиланишлар 1995 йилда қабул қилинган “Ўзбек тилининг асосий имло қоидалари”га ҳам тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни тақозо этади. Айни пайтда Фанлар академияси олимлари имло қоидаларини алифбодаги янгиланишларга мувофиқ такомиллаштириш ишларини бошлаб юборган. Бу борадаги илмий изланишлар яқин кунларда якунига етказилиб, такомиллаштирилган имло қоидаларининг пухта ва изчил тизими ишлаб чиқилади. Зеро, алифбо ва имло қоидаларининг ўзаро уйғунлиги ёзувда ягона меъёрни қарор топтириш, саводхонликни мустаҳкамлаш ҳамда миллий ёзувимизнинг истиқболдаги тараққиётини таъминлашнинг энг муҳим шартидир.
— Самимий суҳбат учун ташаккур!
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Гуличеҳра ДУРДИЕВА суҳбатлашди.