«БМТнинг инсон ҳуқуқлари механизмларида парламент иштирокини кенгайтириш: индивидуал мурожаатлар тақдим этиш тартиб-таомилларини ўз ичига олган факультатив протоколларни ратификация қилиш» мавзусида мазкур тадбир Олий Мажлис аъзолари учун ташкил этилди.

Семинар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси ва ушбу Бошқарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлинмаси билан ҳамкорликда, Парламентлараро Иттифоқ ҳамда Халқаро ҳуқуқшунослар комиссияси иштирокида гибрид шаклда ўтказилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ вакиллари, шунингдек, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси, Парламентлараро Иттифоқ ва Халқаро ҳуқуқшунослар комиссияси экспертлари қатнашди.

Семинарда парламент аъзоларининг БМТ инсон ҳуқуқлари тизимида қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг ўрни борасидаги тушунчаларини чуқурлаштиришга, уларни БМТнинг халқаро шартномаларига доир факультатив протоколлар доирасида индивидуал мурожаатларни кўриб чиқиш тартиб-таомиллари билан таништиришга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, ушбу халқаро ҳужжатларнинг эҳтимолий ратификацияси Ўзбекистон учун қандай ҳуқуқий ва институционал аҳамият касб этиши атрофлича муҳокама қилинди.

Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзоси сифатида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларини ҳимоя қилиши ва фаол илгари суриши алоҳида қайд этилди.

Муҳокама этилган масалаларнинг конституциявий-ҳуқуқий асосида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қоидалари мужассамдир. Конституциянинг 55-моддасига кўра, ҳар ким Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса,  инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат этишга ҳақли.

Семинар дастури доирасида тўртта мавзудаги сессияларда иш олиб борилди. Яъни, «БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича тизими ва парламентлар», «Факультатив протоколлар доирасида хабарномаларни кўриб чиқиш тартиб-таомиллари», «Шартномавий органларнинг “фикр-мулоҳазалари”ни рўёбга чиқариш», «Ўзбекистон учун аҳамияти ва кейинги қадамлар» мавзуларидаги сессияларда қизғин муҳокамалар бўлиб ўтди.

Тадбирда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлинмаси ходими Омер Фишер, ушбу Бошқарманинг Универсал даврий шарҳ бўйича минтақавий маслаҳатчиси Павло Бялик, Парламентлараро Иттифоқнинг инсон ҳуқуқлари бўйича кичик маслаҳатчиси Илья Новиков, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Петициялар секцияси маслаҳатчиси Беҳзод Алиев, Халқаро ҳуқуқшунослар комиссиясининг Европа ва Марказий Осиё дастури директори Темур Шокиров, Миллий марказнинг Халқаро ҳамкорлик бўлими катта мутахассиси Аббосбек Набиев ўз маърузалари ва экспертлик фикрлари билан иштирок этди.

Семинар очиқ муҳокама ва муҳим хулосалар билан якунланди.

Инсон ҳуқуқлари бўйичаЎзбекистон Республикаси

Миллий маркази матбуот хизмати.