Шу маънода, божхона хизмати олдидаги вазифалар ҳам тобора мураккаблашмоқда. Бир томондан, ташқи савдо оқимининг эркин ва тезкор ҳаракатини таъминлаш, тадбиркор учун ортиқча тўсиқларни бартараф этиш талаб этилса, иккинчи томондан, мамлакат иқтисодий манфаатлари ва жамият хавфсизлигини ишончли ҳимоя қилиш зарур.
Бу икки вазифа ўртасидаги мувозанатни топиш ҳар қандай замонавий божхона маъмурияти учун ҳал қилувчи масаладир.
Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон божхона ташкилотининг VII Глобал кинология форуми ана шу мураккаб вазифалар, янги таҳдидлар ва умумий ечимлар хусусидаги халқаро мулоқотнинг муҳим майдони бўлди. 50 га яқин давлатдан божхона ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, халқаро ташкилотлар, кинология хизмати мутахассисларининг мамлакатимизда жам бўлиши — Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлик учун очиқлиги, шу билан бирга, мамлакатимиз божхона тизимида кейинги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга бўлган қизиқиш ва ишончнинг ҳам ифодасидир.
Фақат тажриба алмашиш майдони эмас
Жаҳон божхона ташкилоти томонидан 2011 йилдан буён ўтказиб келинаётган Глобал кинология форумлари қисқа даврда кинология соҳасидаги энг нуфузли профессионал мулоқот майдонларидан бирига айланди. Бу йилги форумнинг Тошкент шаҳрида ўтказилгани ҳам бежиз эмас.
Форум Жаҳон божхона ташкилотининг 2026 йил учун белгиланган “Божхона жамиятни ҳушёрлик ва садоқат орқали ҳимоя қилади” деган шиори билан ҳамоҳанг тарзда ташкил этилди. Ушбу шиор замирида божхона хизмати фаолиятининг бугунги мазмуни мужассам.
Чунки замонавий таҳдидлар миллий чегараларда тўхтаб қолмаяпти. Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмаси, қурол-яроғ контрабандаси, ноқонуний валюта ҳаракати, ёввойи табиат объектлари савдоси ва бошқа трансмиллий жиноятлар тобора янги, мураккаб ва яширин усулларда амалга оширилмоқда.
Бундай шароитда бир давлатнинг саъй-ҳаракати билан глобал таҳдидларга қарши самарали курашиш мумкин эмас. Ахборот алмашиш, илғор тажрибаларни ўрганиш, янги технологиялар ва стандартларни биргаликда жорий қилиш замоннинг объектив эҳтиёжига айланди.
Шу нуқтаи назардан, Тошкент форуми кинология соҳасидаги энг яхши тажрибаларни ўрганиш, хизмат итларини тайёрлашнинг замонавий усуллари, янги технологияларини қўллаш ва янги таҳдидларга қарши самарали ёндашувларни муҳокама қилиш учун муҳим платформа бўлди.
Энг муҳими, бу форум бизга яна бир ҳақиқатни англатди: хавф-хатарлар глобаллашган шароитда хавфсизликка муносабат ҳам жиддий бўлиши керак.
Ўзбекистон
кинoлогия мактаби:
30 йиллик тажриба ва янги марралар
Жорий йил Ўзбекистон Божхона қўмитаси Миллий кинология маркази ташкил этилганига 30 йил тўлади. Бу шунчаки сана эмас. Бу ўнлаб йиллар давомида шаклланган тажриба, авлодлар давомийлиги, мутахассислар меҳнати ва энг муҳими, мамлакат хавфсизлигига хизмат қилаётган ўзига хос мактабдир.
Марказ 1996 йилдан буён кинолог ходимларнинг малакасини ошириш, хизмат итларини етиштириш ва тайёрлаш бўйича катта тажриба тўплади. 2008 йилда Жаҳон божхона ташкилотининг минтақавий мақомини қўлга киритгач, унинг халқаро вазифалари янада кенгайди.
Сўнгги йилларда марказда хорижлик 200 дан ортиқ кинолог ходимнинг малакаси оширилди. Жанубий Корея, Россия, Беларусь, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон, Арманистон, Мўғулистон ва Эрондан келган мутахассислар бу ерда касбий тайёргарликдан ўтди. Бугун Жанубий Корея ва Тожикистонда Ўзбекистон мутахассислари томонидан тайёрланган 22 та хизмат итидан фойдаланилаётгани ҳам ушбу мактабнинг амалий салоҳиятидан далолат беради.
Албатта, биз бу натижалар билан чекланиб қолишни мақсад қилмаганмиз. Келгусида Миллий кинология марказининг халқаро ўқув ва тажриба алмашиш салоҳиятини янада кенгайтириш, кўпроқ хорижлик мутахассисларни тайёрлаш, хизмат итларини етиштириш ва етказиб бериш бўйича ҳамкорликни кучайтириш муҳим вазифаларимиздан бўлиб қолади.
Зеро, кинология фақат хизмат итларини тайёрлаш тизими эмас, балки юқори даражадаги профессионал билим, селекция, ветеринария, психология, махсус тайёргарлик, технология ва амaлий тажрибанинг ўзаро уйғунлигидир.
Ислоҳотларнинг энг муҳим мезони — натижа
Сўнгги йилларда Ўзбекистондаги кенг кўламли ислоҳотлар божхона тизимининг қиёфаси ва ишлаш фалсафасини ҳам тубдан ўзгартирмоқда. Буни, энг аввало, рақамларда кўриш мумкин. 2016 йилда мамлакатимиз ташқи савдоси ҳажми 17 миллиард АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2025 йилга келиб, бу кўрсаткич 55 миллиард долларга етди.
Чегара божхона постларимиз орқали ҳаракатланган юкли автотранспорт воситалари ва темир йўл вагонлари сони 568 мингтадан 2 миллионтага, мамлакат чегарасини кесиб ўтган фуқаролар сони эса 19,7 миллиондан 57,7 миллионга, экспортёрлар сони 3000 дан 9200 га, импортёрлар сони эса 12 мингдан 32,2 мингга етди. Яъни ташқи савдо ва ҳаракат ҳажми бир неча баробар ошди. Бундай шароитда божхона тизимини кечаги усуллар билан бошқариш мумкин эмас.
Кўпроқ юк, кўпроқ фуқаро ва кўпроқ тадбиркор бу — фақат кўпроқ иш дегани эмас. Энг аввало, янги бошқарув модели, рақамли технологиялар ва мутлақо янги фикрлаш тарзи зарурлигини англатади. Шунинг учун биз кейинги йилларда божхона жараёнларини максимал даражада рақамлаштириш ва инсон омили иштирокини қисқартиришга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз.
Натижада соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилаётган юк декларацияларининг улуши 85 фоизга етди. Инсон омили иштирокисиз расмийлаштирилаётган декларациялар улуши 6 фоиздан 33 фоизга ошди. Автотранспорт воситаларининг чегара божхона постларидан ўтиши учун сарфланадиган ўртача вақт 72 дақиқадан 28 дақиқага қисқартирилди. Божхона тўловларидан давлат бюджетига тушум эса 2016 йилдаги 5,6 триллион сўмдан 2025 йилда 76,2 триллион сўмга етди.
Президентимиз бошчилигидаги ислоҳотлар ва божхона тизими олдига қўйилаётган вазифаларнинг мазмуни ҳам айнан тезкор, шаффоф, рақамли ва замонавий бошқарув тизимини яратишдан иборат. Шу билан бирга, рақамлаштиришни фақат электрон ҳужжат ёки янги дастур сифатида тушунмаслик керак. Рақамлаштириш, аввало, инсон омили иштироки билан боғлиқ коррупциявий хавфларни камайтириш, қарор қабул қилишни тезлаштириш, тадбиркор учун ортиқча харажат ва вақтни қисқартириш, маълумотлар асосида бошқарувни жорий этишдир.
Жаҳон божхона ташкилоти бош котиби Ян Сондерснинг Тошкентга ташрифи давомида Божхона қўмитасига келиб, Ўзбекистон божхонасида айнан шу ўзгаришларга яқиндан гувоҳ бўлгани, жараёнларни рақамлаштириш, соддалаштириш, замонавий технологияларни жорий этиш борасидаги саъй-ҳаракатларга юқори баҳо бергани биз учун катта аҳамиятга эга.
Чунки бу ташқи кузатувчининг умумий мулоҳазаси эмас, балки дунё божхона маъмуриятларини бирлаштирувчи нуфузли халқаро ташкилот раҳбарининг бевосита танишувдан кейинги хулосасидир.
Хизматлар тадбиркорга яқин бўлиши керак
Биз учун ислоҳотларнинг яна бир энг муҳим йўналиши тадбиркор билан муносабатни мутлақо янги босқичга олиб чиқишдир. Чунки ташқи савдо фаолиятида божхона давлат билан тадбиркор ўртасидаги энг муҳим нуқталардан.
Агар бу ерда жараён мураккаб бўлса, бутун логистика занжири секинлашади. Божхона расмийлаштирувида биттагина ортиқча тўсиқ бўлса, бу — тадбиркорнинг харажати ошади дегани. Агар тизимда очиқлик етарли бўлмаса, ўз-ўзидан ишонч ҳам сусаяди.
Шу сабабли икки йил аввал яхши ниятлар билан Божхона қўмитасида тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш бошқармаси ташкил қилинди. Барча ҳудудий бошқармаларда тузилманинг вакиллари иш бошлади. Уларнинг вазифаси оддий, аммо жуда муҳим: тадбиркорнинг муаммосини эшитиш эмас, ҳал қилиш.
Жорий йил май ойидан буён қарийб 2000 тадбиркор билан бевосита мулоқотлар ўтказилди. Улар томонидан кўтарилган 428 та масаланинг 342 таси, яъни 80 фоизи ҳал этилди. Қолган масалалар бўйича аниқ “йўл хариталари” тасдиқланди.
Бунда, энг аввало, ўзимиз принципларни ўзгартирдик. Энди тадбиркор муаммосини айтиш учун божхонага келмайди. Аксинча, божхона тизими раҳбарлари тадбиркорнинг заводи, цехи, фабрикасигача бориб, унинг иш жараёни билан танишмоқда, дардини эшитмоқда.
Божхона ходими тадбиркорнинг муаммосини ҳужжатдан эмас, унинг фаолиятидан кўра билиши лозим. Шундагина қабул қилинаётган қарорлар ҳаётга яқин ва самарали бўлади. Бу, назаримда, фақат иш услубининг эмас, давлат хизмати фалсафасининг ҳам ўзгаришидир. Чунки давлат идораси халқдан узоқ бўлмаслиги керак. Энг муҳими, Президентимиз ҳам биздан айнан шуни талаб этмоқда.
Эътибор ортида масъулият
Тошкент форуми доирасидаги яна бир муҳим воқеа — Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жаҳон божхона ташкилоти бош котиби Ян Сондерсни қабул қилгани бўлди.
Учрашувда божхона маъмурчилигини такомиллаштириш, божхона органлари салоҳиятини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш соҳасидаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзаро мулоқотда Ўзбекистонда ташқи савдони енгиллаштириш, замонавий божхона назорати механизмларини жорий қилиш, божхона тизимини 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш бўйича қилинаётган ишлар алоҳида қайд этилди.
Президентимиз қабулида божхона тартиб-таомилларини янада рақамлаштириш ва уйғунлаштириш, норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу вазифалар, айниқса, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнида янада долзарб аҳамият касб этади.
Энг муҳими, учрашув якунларига кўра Ўзбекистон ва Жаҳон божхона ташкилоти ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, божхона маъмурчилигини такомиллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирларни қамраб оладиган “йўл харитаси”ни биргаликда ишлаб чиқиш ва қабул қилиш бўйича келишувга эришилди.
Биз учун Жаҳон божхона ташкилоти билан ҳамкорлик фақат халқаро тадбирларда иштирок этиш ёки тажриба алмашиш билан чекланмайди. Ушбу ҳамкорлик орқали дунёдаги энг илғор божхона стандартларини ўрганиш, уларни миллий қонунчилик ва амaлиётга мослаштириш, кадрлар салоҳиятини ошириш, янги технологияларни жорий этиш ва халқаро савдони янада енгиллаштиришни мақсад қилганмиз.
Жаҳон божхона ташкилоти бош котиби Ян Сондерс мамлакатимиздаги божхона жараёнларини модернизациялаш, рақамлаштириш ва соддалаштириш, замонавий технологияларни жорий қилиш борасидаги ислоҳотларга эътибор қаратди. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан божхона соҳасига қаратилаётган эътибор ва қўллаб-қувватлов мамлакатдаги кенг кўламли модернизация жараёнига муҳим туртки бераётганини алоҳида таъкидлади.
Энг қувонарлиси, Жаҳон божхона ташкилоти раҳбари Ўзбекистон божхонасида тўпланаётган тажриба келгусида ташкилотга аъзо бошқа давлатлар учун ҳам фойдали бўлиши мумкинлигига ишонч билдирди. Ушбу фикр биз учун, шубҳасиз, катта эътироф. Лекин бу, аввало, катта масъулият ҳамдир.
Агар 5-6 йил аввал биз дунё тажрибасини ўрганган бўлсак, бугун ўз тажрибамизни бошқалар билан ўртоқлашиш, халқаро ҳамжамият билан баҳам кўриш даражасига кўтарилдик. Аммо натижалар билан кифояланадиган паллада эмасмиз. Биздан рақамли ислоҳотларни давом эттириш, сунъий интеллект ва маълумотлар таҳлилидан кенг фойдаланиш, хавфларни бошқариш тизимини такомиллаштириш, инсон омили иштирокини янада қисқартириш ва кадрлар салоҳиятини муттасил ошириш талаб этилади.
Тезлик ва назорат ўртасидаги мувозанат
Бугун божхона соҳасидаги энг муҳим масалалардан бири тезлик ва назорат ўртасида тўғри мувозанатни таъминлашдир. Форум очилишида таъкидланганидек, назоратсиз тезлик тартибсизликка, тезликсиз назорат эса тирбандликка олиб келади. Мазкур ибора замонавий божхона маъмурчилигининг бутун мазмунини ўзида мужассам этган.
Биз тадбиркорнинг вақтини тежашимиз керак, аммо хавфсизлик ҳисобига эмас. Назоратни кучайтиришимиз зарур, аммо савдони тўхтатиб қўйиш эвазига эмас. Демак, ечим ҳаммани бир хил текширишда эмас, балки хавфни аниқ баҳолаш, маълумотдан самарали фойдаланиш ва юқори хавфли йўналишларга мақсадли эътибор қаратишда. Бу эса божхона тизими келажагининг асосий йўналишларидан бири, яъни маълумотга асосланган ақлли назоратни назарда тутади.
Биздаги рақамлаштириш жараёнининг бош мақсади ҳам айнан шу — кўпроқ ҳужжат эмас, сифатли маълумот; кўпроқ текширув эмас, аниқ ва мақсадли назорат; кўпроқ бюрократия эмас, тезкор ва адолатли қарор қабул қилишга асосланган.
Тошкентдан бошланган мулоқот
Шу йил 7-9 сентябрь кунлари пойтахтимиз мезбонлик қилган VII Глобал кинология форуми якунланди. Аммо Тошкентда бошланган мулоқот якунланмади, аксинча, унинг янги босқичи бошланди.
Президентимиз қабулида эришилган келишувлар, Ўзбекистон ва Жаҳон божхона ташкилоти ўртасида ишлаб чиқиладиган янги “йўл харитаси”, форум доирасида ўрнатилган профессионал алоқалар — буларнинг барчаси келгусида аниқ амалий натижаларга айланади.
Биз халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, божхона хизматини рақамлаштириш, ташқи савдо учун қулай муҳит яратиш, жамоатчилик ва тадбиркорлар билан мулоқотни кучайтириш ҳамда жамият хавфсизлигини таъминлаш йўлидаги ишларимизни изчил давом эттирамиз.
Тошкентда бўлиб ўтган VII Глобал кинология форуми бизга яна бир муҳим ҳақиқатни кўрсатди: бугун Ўзбекистон божхонаси ўзгаришларни четдан кузатаётган тизим эмас. У халқаро божхона ҳамжамияти билан бирга фикр юритаётган, умумий таҳдидларга қарши умумий ечимлар излаётган, замонавий стандартларни амaлиётга жорий этаётган ва бунда бой тажриба орттираётган тизимдир.
Жадал ўзгараётган дунёда иқтисодиёт учун тезкор, тадбиркор учун қулай ва жамият учун ишончли божхона тизимини барпо этишда Тошкент форуми алоҳида аҳамият касб этади.
Ушбу нуфузли халқаро тадбир келгуси ҳаракатларимиз учун янги нуқтаи назар, янги масъулият ва янги марраларни белгилаб берган воқеа сифатида тарихда қолади.
Акмалхўжа МАВЛОНОВ,
Божхона қўмитаси раиси