FIFA маълумотларига кўра, бўлажак мундиалда 40 ёшдан ошган футболчилар сони олдинги 22 та Жаҳон чемпионатидаги умумий кўрсаткичдан ҳам кўп бўлади.
Энг машҳур ёши катта футболчилар орасида — Португалия терма жамоаси сардори Криштиану Роналду ҳам бор, у ҳозир 41 ёшда.
Шунингдек, турнирда Мексика терма жамоасининг 40 ёшли дарвозабони Гильермо Очоа ҳамда турнир вақтида 39 ёшга тўладиган Лионель Месси иштирок этиши кутилмоқда.
Роналду ва Очоа учун 2026 йилги Жаҳон чемпионати фаолиятидаги олтинчи мундиал бўлиши мумкин. Шу тариқа улар мундиалларда иштирок этиш сони бўйича рекордни такрорлайди.
Айни вақтда турнирнинг энг кекса футболчиси — 43 ёшли Шотландия терма жамоаси дарвозабони Крейг Гордон. Жаҳон чемпионатлари тарихида фақат мисрлик футболчи Эсам ал-Ҳадарининг ёши ундан катта бўлган, у 2018 йилги жаҳон чемпионатида 45 ёшида ўйнаган.
Турнирда иштирок этиши мумкин бўлган 40 ёшли футболчилар рўйхатига Германия терма жамоаси дарвозабони Мануэль Нойер (40 ёш), Хорватия ярим ҳимоячиси Лука Модрич, Кабо-Верде терма жамоаси дарвозабони Возинья ва Уругвай дарвозабони Фернандо Муслера ҳам бор. Муслера турнир бошида 40 ёшга тўлади.
Шу тариқа, бир вақтнинг ўзида саккиз нафар 40 ёшдан ошган футболчи жаҳон чемпионати майдонига чиқиши мумкин, деб хабар берди Kazinform.
Эслатиб ўтамиз, ушбу турнир FIFA тарихидаги энг йириги бўлади. Унда 48 та мамлакатдан 1248 нафар футболчи иштирок этиши кутилмоқда. Мусобақа 11 июндан 19 июлгача АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтади.