Ушбу улуғвор, чинакам тарихий ниятни амалга ошириш учун ўтган ўн йилда мустаҳкам сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий пойдевор қўйилди. Энг муҳими, халқимиз ўз кучи ва имкониятини аниқ идрок қила бошлади. Агар астойдил ҳаракат қилса, бақувват елкалар бирлашса, миллионлаб юраклар бирдек ёнса, дунёда унинг қўлидан келмайдиган иш қолмаслигини ҳис қилди.

Дарҳақиқат, Президентимиз айтганидек: “Инсон ўзгарса, жамият ўзгаради”.

Инсоннинг ўзгариши эса болалигидан оладиган таълим-тарбияси, уни қуршаб турган руҳий-маънавий муҳитга чамбарчас боғлиқ. Замонавий, оқилона таълим-тарбияни йўлга қўйиш, руҳий-маънавий муҳит мусаффолигини таъминлаш ҳамма замонда ҳам зиёлилар зиммасидаги энг муҳим вазифа бўлган.

Илм-фан, таълим-тарбия, адабиёт ҳамда санъат аҳлини ўзида мужассам этган бу уйғоқ тафаккур аҳлига давлатимиз раҳбари қаратаётган эътибор ва ғамхўрлик ҳам айни шу ҳақиқатни чуқур англаш ва барчага англатиш истагидан келиб чиқади.

Бугун янги Ўзбекистонда боғча тарбиячисидан тортиб, академиккача бу эътибор ва ғамхўрликни реал ҳис қилмоқда Ўзидан кутилаётган ҳаракат ва ҳимматни ҳам чуқур идрок этяпти.

Шу кунларда жонажон ўлкамизнинг барча ҳудудида ташкил этилаётган “Ўзбекистон зиёлилари кенгаши” тадбирларида қатнашаётган бирор-бир киши йўқки, айни анжуманларда кўтарилаётган масалалар ўзининг, оиласининг, туғилиб яшаётган юртининг тақдирига узвий боғлиқлигини юракдан ҳис қилмаётган бўлса.

Андижон вилоятидаги тадбирларда бевосита иштирок этиб, бу ҳақиқатга яна бир бор чуқур амин бўлдим. Қизғин муҳокама ва баҳсларда фаол қатнашган юртдошларимизнинг баъзиларини эслатай:

— ҳаётнинг ­аччиқ-чучугини обдан тотган нуроний педагог;

— маҳалласидаги оилаларнинг иссиқ-совуғидан доимий хабардор кайвони онахон;

— ёшларга энг илғор информацион технологиялар, сунъий интеллект имкониятларини ўргатаётган шижоатли муаллим;

— опаси ва ҳатто онаси тенги хотин-қизларга олий ўқув юртида хорижий тилдан дарс ўтаётган Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори;

— “Ака, менда ҳам бир муҳим таклиф бор, эшитиб кўринг-да”, деб дадил қўл кўтараётган “Ёш лидерлар мактаби” аъзоси...

Аксарияти умумий гапларнинг, бугунги ёшлардан нуқул ёзғиришнинг даври ­ўтганини, фарзандларимизнинг ақлли-одоблиси ҳам, шўх-шаддоди ҳам, ҳозирча ўзини, ўзлигини топа олмай юргани ҳам — барчаси бизнинг болаларимиз эканини, уларнинг тақдирига, демак, юрт келажагига ўзлари ҳам масъул эканини юракдан ҳис қилмоқда.

Жумладан, нуроний муаллим нафақат айрим ҳамкасблари, ҳатто ўзидан ҳам қониқмай, чуқур билим ҳамда замонавий педагогик усулларсиз болаларни мактабга қизиқтириб бўлмаслигини жон куйдириб уқтирмоқда. Унинг таъкидича, мактаб директори бошқа барча идора ва муассаса раҳбарларидан тубдан фарқ қилиши лозим. Унинг бутун хатти-ҳаракати, борлиғидан тарбия иси — ифори уфуриб туриши керак!

Маҳалласидаги қўйди-чиқди муаммоларидан юраги озурда бўлган онахон эса ­оилалардаги аксарият кўнгилсизликлар икки ёш тақдирига бемалол аралашишни ўзига касб қилиб олаётган учинчи шахслар қилмиши туфайли юзага келаётганини куйиниб таъкидлар экан, гапининг охирида Абдулла Ориповнинг машҳур “Учинчи одам” шеърини эслайди!

Ахборот технологиялари муаллими илгари сураётган ғоя ҳам эътиборга лойиқ: у “Маънавият рақамли маконда” умумий номи билан алоҳида ижтимоий лойиҳани амалга татбиқ этиш, бу маконга миллат келажагига бефарқ бўлмаган жонкуяр зиёлиларни кенг жалб қилишни таклиф этади.

Юқорида эслаганимиз фаолларнинг яна бири — Зулфия номидаги давлат мукофотига лойиқ кўрилган синглимиз кузатиши бўйича ҳозир, хусусан, ёш хотин-қизлар орасида “сертификатбозлик” хуружи авж ола бошлаган. Айниқса, интернет тармоғига хуфёна тўр, қармоқ сифатида ташланаётган хорижий, келиб чиқиш макони ва мақсад-муддаоси ниҳоятда шубҳали марказлар томонидан таклиф этилаётган сертификатларга ­кўр-кўрона қизиқиш узоқ вақт куттирмай ўзининг хатарли оқибатларини келтириб чиқаришидан ташвишда у.

Бу қизнинг дугонаси — “Келажак бун­ёдкори” медали соҳибаси эса аксарият таълим муассасаларида нуқул “иқтидорли ёшлар” билан ишлашга зўр берилаётгани, бундан “иқтидорсиз” деб унутилаёзган ёшларнинг кўкси жиддий ўксишидан огоҳ этади бизларни. Унинг назарича, тўрт мучаси соғ туғилган ҳар бир болада, ёш вужудда, шубҳасиз, недир қобилият, истеъдод бўлади. Ота-онанинг, боғча ва мактабнинг биринчи вазифаси — болаларимиздаги мана шу жавҳарни ўз вақтида пайқаш, унинг очилиб, равнақ топиши учун зарур кўмак бериш, иқтидор уволига йўл қўймасликдир.

Бояги — “Ака, менда ҳам бир муҳим таклиф бор, эшитиб кўринг-да”, деб дадил қўл кўтарган “Ёш лидерлар мактаби” аъзоси укамиздан бўлса, мана бу таклиф-мулоҳаза янгради:

“Бирор оила бошқасига ўхшамас экан, демак, унда туғилиб ўсаётган ёшлар ўртасида ҳам недир фарқлар бўлиши табиий ҳол. Ҳеч бир замон ва макон уларни бирхиллаштириш, конвейердан чиққандек якрангликка олиб келишга эриша олмаган, эриша олмайди ҳам. Демак, бу муҳим факторни асло ёддан чиқармаслик, инсонга, хусусан, ёшларга қаратиладиган барча ёндашувни шундан келиб чиқиб белгиламоқ лозим.

Турли оила ва тоифа вакиллари бўлган ёшларнинг ўзаро тил топишувига, бир-биридан нимадир яхшиликларни ўрганувига эришсак, умумжамият бирлигига, халқимиз якдиллигига ҳам эришган бўлардик. Бунинг сўзсиз шартларидан бири эса, жамият ­аъзолари ўртасида ўзаро мослашиш кўникмасини кучайтиришдир. Бу муҳим тарбиявий, маърифий юмуш ҳам айнан биз — зиёлилар зиммасида”.

Жойлардаги зиёлиларнинг сидқидилдан, жон куйдириб ўртага ташлаётган бу сингари ҳаётий, долзарб таклиф ва мулоҳазаларини эшитар экансиз, беихтиёр шуурингизда улуғ шоир Чўлпоннинг “Бутун кучни халқ ичидан олайлик, Қучоқ очиб халқ ичига борайлик!” деган ўлмас даъвати янграйди.

Одамни хурсанд қиладиган, кучли умидлантирадиган яна бир ёрқин ҳолатни алоҳида урғуламасак бўлмайди. Президентимиз бир неча бор ишонч билан айтганидек, бугунги одамлар кечаги одамлар эмас! Айниқса, бугунги Ўзбекистоннинг ёшлар армияси:

— навқирон педагог-мураббийлар;

— олим-изланувчилар;

— ҳам мумтоз, ҳам замонавий санъатнинг, спортнинг кўплаб йўналишларида жаҳон аҳлини лол қилишга қодир ёрқин истеъдодлар, илми ва хулқи билан тенгдошларига ибрат бўлиб, уларни ортидан эргаштира оладиган шижоатли лидерлар сафи кун сайин кенгайиб, кўзга яққол ташланадиган кўлам олиб бораётгани бутун халққа ишонч бағишлайди!

Юртимиз зиёлилари билан ўтказилаётган юзма-юз, очиқ, самимий мулоқот тадбирлари учун бежиз “Янги Ўзбекистон зиёлилари — миллий юксалиш таянчи” деган шиор танланмаган. Зеро, зиёлилари уйғоқ ва фидойи халқ ўзи кўзлаган, мамлакат етакчиси раҳбарлигида интилаётган ёруғ манзилга — Учинчи Ренессансга, албатта, етишади!

Раҳмон ҚЎЧҚОР,

Республика Маънавият ва маърифат маркази

бош мутахассиси, филология фанлари номзоди